Фарғона вилоятида аҳоли турли қатламлари, жумладан, ёшлар учун ташкил қилиниши мумкин бўлган 100 дан ортиқ экотуристик маршрутлар мавжуд. Шу боис вилоятимизда экотуризмни ривожлантиришда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, табиий ва тарихий, архитектура ҳамда археологик ёдгорликларни ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш бугунги куннинг устивор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони туризм соҳасини янада ривожлантириш, туризмнинг жойларда аҳоли фаравонлигини юксалтиришдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Фарғона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг “22 май – Бутунжаҳон биологик хилма-хиллик куни” ҳамда “5-июн-Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” байрами муносабати билан 2019 йил 22 май куни, Фарғона вилоят “Нуроний” жамғармаси билан билан ҳамкорликда, Фарғона Давлат университетининг Экология йўналиши диплом лойиҳаси амалиётчи талабалари иштирокида “Марказий Фарғона давлат ўрмон хўжалиги” табиат ёдгорликгига маршрутлар белгиланиб, саёҳатлар ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад бугунги кун талабаларнинг экологик маданий савиясини, экология борасида уларнинг билим ва иқтидорларини, табиий ёдгорлик ва обидаларниасрашга масъулиятларини мунтазам ошириб бориш, шунингдек, “Марказий Фарғона давлат ўрмон хўжалиги” табиий ҳудуд тарихи, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси борасида ёшларнинг хабардорлигини ошириш, диплом лойиҳалари бажаришларига амалий кўмак беришдан иборатдир.
Саёҳатга айни уша олган билимларинидан амалда фойдаланиш ва мустакил иш юритиш остонасида турган бўлажак экологлок диплом амалиётчилар танлаб олинди. Бу жараён уларнинг келгуси фаолиятида ўз самарасини бериши шубҳасиздир.
— Экотуристик саёҳатлар талабаларнинг димлом амалиёти олдидан вилоятдаги мавжуд табиий ёдгорлик хақида пухта ўзлаштиришларига кўмаклашмоқда-дейди Фарғона Давлат университетининг талабаси Тўхтасин Умаров – Биз ушбу экскурцияда мазкур худудлардаги табиат ёдгорликларини жумладан, у ердаги ноёб дарахтлар, табиати, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлар ва ноёб гиёҳлар, шунингдек, ҳали кўрмаган ҳайвонот дунёси вакилларини иқлимига қараб кўриш имкониятига эга бўлдик, бир қанча керакли маълумотлар билан танишдик ва бир олам таассуротлар билан қайтдик.
Бугунги кунда юртимизда аҳолининг барча қатламлари орасида соғломлаштириш, ҳордиқ чиқариш ва кўнгил очиш тадбирларини янада кенг ёйиш, сайр-саёҳатларни, туризмни, айниқса, экотуризмни янада ривожлантиришга кенг эътибор берилмоқда. Экотуризм кишиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, айниқса, ёшларни маънавий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Эътироф этиш лозимки, ҳозирги вақтда жаҳондаги жуда кўп мамлакатларда ҳаваскорлик туризми, яъни табиат қўйнига пиёда сайр қилиш, тоққа чиқиш, дарё ва кўлларни кечиб ёки сузиб ўтиш тобора оммалашиб бормоқда. Аҳамиятлиси, ҳаваскорлик туризми айни пайтда ушбу лойиҳаларда барча ёшдаги кишилар учун мўлжалланган сайр-саёҳатлар ўрин олган.
Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари сингари Фарғона вилояти ҳудудида ҳам туризм ва экотуризм соҳасини ривожлантириш учун мавжуд бўлган имкониятларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Хусусан, уч минг йиллик тамаддунга гувоҳ бўлган шаҳарлар, янгидан-янги кашф этилаётган қадимий қадамжолар шулар жумласидан. Етти оламга довруғи кетган вилоятимиздаги Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги обидалар, улуғ алломалар жойлари, маданий мерос объектлари, археология, меъморчилик ёдгорликлари, табиат ёдгорликлари ва зиёратгоҳларга хорижий сайёҳларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Шунингдек вилоятимизнинг Марказий Фарғона чўллари ҳудудида жойлашган “Табиат ёдгорлиги” табиий худудидаги мухофазага олинган ўсимлик ва хайвонот дунёси объектлари ҳам дунё олимларини илмий изланиш, кузатиш ва бошқа тадбирларни ўтказишга қулай табиий шароит мавжудлиги боис ўзига қизиқишини орттирмоқда.
Тадбирда бўлажак эколог талабалар ўрмон хўжалиги тарихи билан яқиндан танишишди.
Анжуман ўрмон хўжалигининг муҳим аҳамияти, унинг ўсимлик ва хайвонот дунёси борасидаги қизғин суҳбатлар ва бахс мунозараларга бой бўлди.
Тадбир давомида ўқувчилар “Марказий Фарғона” ўрмон хўжалиги мудири Отабек Махмудовлар талабаларга “Ёзёвон чўллари” табиий ёдгорлиги билан яқиндан таништирдилар. Бу борада экскурция иштирокчиларига батафсил маълумот ва тушунчалар берилди.
-Дунё миқёсида туризм ривожланиб, катта бизнес экани маълум. «Ёзёвон чўллари» давлат табиат ёдгорлигини ҳам эко туризм харитасига киритиш вақти аллақачон келди. Экотуризмнинг мақсади–ҳозирги ва келажак авлодлар учун табиатдан туристик йўналишда фойдаланиш орқали экологик хавфсизликни ва барқарорликни таъминлаш ва муайян ҳудудлардаги ландшатларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш йўлларини ўрганишдан иборат-дейди Фарду табиий фанлар факультети экология кафедраси ўқитувчиси, тадбир иштирокчиси Дилшодбек Қосимов-Чунки муҳофазага олинган ҳудудлар нафақат ўзлари жойлашган ландшафтларнинг ноёб хусусиятларини сақлаб қолиш ва тиклаш, балки ўзга ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
Шундай экан Ёзёвонни табиат мўъжизаси нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларда ҳам қизиқиш уйғотиши аниқ.
“Фарғона ўрмон хўжалиги тасарруфидаги “Ёзёвон чўллари» давлат табиат ёдгорлиги вилоятнинг шимоли-шарқидаги Ёзёвон чўлининг Толқудуққум қумларида ташкил этиган (Ёзёвон туманида 1994 йилда ташкил этилган, майдони 1820.4 га ). Унинг асосий вазифаси Марказий Фарғонанинг қумли чўл геокомплексларини ҳамда уларда яшовчи ўсимлик ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш; геокомплексларда юз берувчи табиий жараёнлар ва ҳодисаларнинг ўзгариши устидан мониторинг ўтказиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат. «Ёзёвон чўллари» давлат табиат ёдгорлигида сайёхлар антропоген омил таъсирида «жароҳатланган» компонентларни тиклаш, бойитиш ва муҳофаза қилиш жараёни билан танишадилар.
«Ёзёвон чўллари» табиат ёдгорлиги Марказий Фарғона учун типик бўлган қумли чўл ландшафтларини сақлаб қолиш, бойитиш ва муҳофаза қилишда бош вазифани бажармоқда. Ўтган 10 йил ичида муҳофазага олинган ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тикланди ва янада бойиди. Ёзёвон туманида 1994 йилда ташкил этилган, майдони 1820.4 га бўлган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган сариқ астрагал, Фарғона водийси учун ноёб бўлиб қолган оқ ва қора саксовуллар, чўл узуми, туронғил; ҳайвонот вакилларидан: эчкиэмар, тўнғиз, қирғовул, Фарғона чипор калтакесаги, штраух қурбақабоши, агама, кўрмаилон, ўқилон ва бошқалар сон жиҳатидан қайта тикланмоқда. Юқоридагилардан кўринадики, «Ёзёвон чўллари» табиат ёдгорлигининг кенг омма ўртасида экологик билимларни тарғибот қилишдаги аҳамияти юқоридир”.
Миллий экотуризмни ривожлантириш ўта долзарб масалалардан бири бўлиб, у мамлакатни барқарор ривожланишини таъминлаб берувчи омиллардан биридир.
Тадбир якунида талабалар томонидан амалий акция ташкилланди. Табиий ёдгорликни ободонлаштири ҳамда турли чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Биохилмахиллик шиори тасвири туширилган футболка ва кепкалар, шунингдек, “Чол ва денгиз” ва “Маугли” бадиий китоблари совға қилинди.
Ушбу тадбир давомида булажак эколог талабалар бир қанча амалий ва илмий маълумотларга эга бўлишди.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Жамоатчилик ва ОАВлар билан ишлаш бўйича бўлим бошлиғи