Халқаро ҳуқуқ нормаларга кўра, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш долзарб вазифалардан бири саналади. Чунончи, 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва у бир йил ўтиб, халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 22 май — Халқаро биологик хилмахиллик куни сифатида нишонланиб келинади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон барқарор ривожланиш учун биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг ўта муҳимлига алоҳида аҳамият бергани ҳолда бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга қўшилди ва республика ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга асосан мамлакат умумий ер майдонининг 10 фоизини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига киритиш режалаштирилган.
Мамлакатимизда табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилмахилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратилиб, унинг зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал база яратилди. Конституциямизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Бугун юртдошларимиз Ватанимизнинг бетакрор наботот ва ҳайвонот олами билан ҳақли равишда фахрланади. Диёримизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам юртимизнинг азим тоғлар, чўллар, сув ҳавзалари, тўқайзорлар, боғу роғлар, бошқа маданий экотизимлар, уларда учровчи барча тирик организмлар мажмуидан таркиб топган биохилмахиллиги ўзига хос ҳамда ноёб эканлигини ҳамиша эътироф этадилар.
Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш — экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шартидир. Шундай экан, республикамизда биологик хилмахиллик объектларини асраб-авайлаш ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, шунга мўлжалланган ҳудудларни кенгайтириш, янгиларини бунёд этиш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча юмушлар амалга оширилаяпти.
Бу борада ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Биологик хилмахилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янгидан ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, бундай ҳудудларда фаолият юритишнинг иқтисодий механизмларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб бориш, биохилмахилликни муҳофаза қилиш ва унга зиён етказмасдан фойдаланишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш каби устувор вазифалар кўрсатиб ўтилган. Уларнинг ижроси доимий диққат-эътиборда.
Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш айнан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда тўлақонли амалга оширилишини эътироф этган ҳолда ҳукуматимиз томонидан мазкур ҳудудлар майдонини кенгайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табииий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни мазкур ҳудудларни ташкил этиш, бошқариш ва кенгайтириш билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни белгилаб беради.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимига 8 та давлат қўриқхоналари, 1 та давлат биосфера резервати, 2 та табиат миллий боғи, 10 та давлат буюртма қўриқхоналари, 6 та табиат ёдгорликлари, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар, республика ҳудудидан оқиб ўтувчи 8 та дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, республика ҳудудида жойлашган халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ жойлари рўйхатга киритилган 2 та (Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими) кўллар киради.
Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонаси негизида “Қуйи-Амударё” давлат биосфера резервати ташкил этилди. Биосфера резерватининг вазифаси резерват ҳудудидаги табиий ландшафтларни, фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларини ҳамда ҳудудга хос бошқа табиий объектларини сақлаб қолиш, қайта тиклаш, экологик ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни ва аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш, табиат жараёнларини ўрганиш, экологик таълим ва тарбиянинг ривожланишига ёрдам кўрсатишдан иборат.
Маълумотларга кўра, юртимизда 15700 га яқин ҳайвон, 4500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар уларни сақлаш, қайта тиклаш ва фойдаланишда айни муддаодир. Шунинг учун ҳам бу каби маконларни янада кенгайтиришнинг аҳамияти катта.
Республикамизда табиий фауна турларини махсус кўпайтиришга ҳам биохилмахилликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилади. Ўз навбатида, диёримиз ўсимлик олами ноёблиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг аниқлашича, юртимиз флораси таркибидаги турларнинг 700 таси эфир сақловчи ҳисобланади, 100 таси замонавий тиббиётда, 1500 таси эса халқ табобатида кенг қўлланилади. Демак, уларни сунъий усулда етиштириш кўлами кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Бугун давлат ва хусусий тадбиркорлик тизимидаги бир қатор субъектлар ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётгани фикримизга мисолдир. Бу борадаги ишларни янада изчил давом эттириш биологик неъматлар, табиий мувозанатни сақлаш, иш ўринлари яратиш, иқтисодий самарадорликка хизмат қилиши, шубҳасиз.
Кези келганда, шуни ҳам қайд этиш керакки, сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли дунёда қурғоқчилик, чўлланиш, деградация каби муаммолар кузатилаётир. Оқибатда ҳайвонот ва наботот турлари сони камаймоқда, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашиб, биохилмахилликка путур етаётир. Мазкур вазият, албатта, ёввойи турлар муҳофазасини янада такомиллаштириш, мутахассислар, кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтиришни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га (2009 йилда чоп этилган) 324 турдаги ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар ва замбуруғлар, 184 турдаги ҳайвонлар киритилган. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганларини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришдек давримиз учун ўта долзарб муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистонда қўриқхоналар, буюртмахоналар ва Миллий боғлар алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи, парламент қуйи палатасидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари бу борадаги ишларга ҳисса қўшишни ўзлари учун устувор вазифа, деб билади.
Айни пайтда депутатлар томонидан соҳага оид қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда, уларнинг ижроси назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганилаяпти. Ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, зарур ҳуқуқий механизмларни янада маромига етказишга оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилаяпти, қарорлар қабул қилинмоқда. Олимлар, амалиётчи экспертлар, экологлар, ҳуқуқшунослар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда, бир қатор ишчи гуруҳлари ташкил қилинди. Уларда табиатни асраб-авайлаш ва экологияга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, амалдаги қонунларни янада маромига етказиш устида изланишлар давом эттирилаяпти. Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди.
Бугунги кунда республикамиздаги айрим вилоятларнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида давлат кадастрини юритиш сифатини яхшилаш лозимлигини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Қолаверса, соҳада илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш давр талабидир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда биологик хилмахилликни асрашга қаратилган эзгу амаллар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамият касб этаяпти.
Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик
палатаси депутати, Ўзбекистон
Экологик партияси аъзоси