15-16 сентябрь 2023 йил. Паркент тумани илк “Халқаро узум сайли”ни қабул қилмоқда

Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад мамлакатнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий узум маҳсулотини брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришдан иборат.

Жараёнда Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз экспозициялари билан иштирок этди.

Тадбир доирасида мутахассислар, фермер ва депутатлар ОАВнинг саволларига жавоб қайтаришди.

Паркент узумчилик тарихи бевосита шу ерлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ. Тошкент Қишлоқ хўжалиги институтида ўқиб, қишлоқ хўжалигининг зироатшунослик, боғдорчилик соҳалари бўйича таҳсил олган Тоживой Ризаев ўзи туғилган Заркент жамоа хўжалигига раис этиб тайинланади. Ҳудуд ер майдони асосан қир ва адирликлардан ташкил топган бўлиб, сувсиз, лалми ерларда деҳқончилик қилинар, асосий ишлар оғир қўл меҳнати билан бажарилар эди. Ҳосилдорлик, хўжалик ишчиларининг даромади ва аҳоли турмуш тарзи ҳам ўша йиллардаги об-ҳаво, ёғингарчиликка боғлиқ бўларди. Илмий изланишлар, кузатув ва таҳлиллар натижасида Тоживой Ризаев суғорилмайдиган, ноқулай шароитдаги қир ва адирликларга узум кўчати экиш керак, деган хулосага келади. Дастлаб тажриба тариқасида 5-10 гектар ерга узум кўчати экилади. Даромад келтирмайдиган, сувсиз ноқулай деб ҳисобланган ер майдонларига узум кўчатлари экилиб, ўтган йилларда тўпланган тажриба ва кузатишлар асосида яратилган агротехник қоидаларга таяниб парвариш қилинади. Бу эса ўз самарасини беради. 1980 йилларга келиб 200 гектар узумзор мўл ҳосил олина бошлайди. Сувсиз ерда етиштирилган узум ҳосилидан яхшигина даромад қилган боғбонлар энди ҳеч иккиланмасдан янги узумзорлар барпо этишга киришади. 1991 йилда Заркентда узумни қайта ишлаш заводи қуриб битказилиб ишга туширилди. Заркент узумларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш имконияти яратилди.

Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун ва эл-юрт фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси учун 2001 йилда Тоживой Ризаевга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилади. Ҳозирда Заркент аҳлининг ҳар бир фуқароси тадбиркор. Улар энди ҳар бир қарич ердан, ҳар бир томчи сувдан  унумли фойдаланиб, даромад олишни билишади. Ҳар бир хонадонда тонналаб узумни сақлайдиган музхоналар бор. Заркентликлар энди оддий боғбон эмас, уларнинг ҳар бири сувсиз ерларда узум етиштириш, узумни қайта ишлаш, бир неча ой сақлаш технологияларини мукаммал ўзлаштирган ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйган мутахассисдир.

Машҳур навлар тарихидан: “Ризамат” нави ҳақида. Ризамат — ўртапишар маҳаллий хўраки ва майизбоп узум нави. Бу узум нави август-сентябрда пишади. 150 кунда тайёр бўлади. Таркибида 20-22% қанд бор. Ҳосилдорлиги 200—250 с/га. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида Каттақўрғон ва Паркент узум навларини чатиштириб чиқарилган (К. В. Смирнов, А. Ф. Герасимова). Машхур соҳибкор Ризамат Мусамуҳамедов шарафига унинг номи билан аталган.

Ризамат Мусамуҳамедов (1881–1979) соҳибкор боғбон, узумчилик амалиёти новатори. Бу инсон бошчилигида Европа ва Марказий Осиёда 3600 дан ортиқ узум боғлари яратилган. Ризамат ота фаолияти давомида 10 дан ортиқ узум навларини селекция қилган. Валиш ва сўритокда узум ўстирган биринчи боғбон ҳам айнан шу инсондир. 1893-1947 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида узумчилик хўжаликларида соҳибкор бўлиб ишлаган. Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида токчилик бўйича йўриқчи, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида боғдорчилик ва токчилик бўйича бош агроном (1950) вазифаларида фаолият юритган. Боғ ва токзорлар барпо этиш, токка шакл бериш, ток кесиш, токзорларни қайта тиклаш ва ток ўстириш, ҳосилдорликни оширишнинг янги ва илғор усулларини ишлаб чиққан.
2 марта “Меҳнат Қаҳрамони”, давлат мукофотлари лауреати, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг фахрий академиги, Республикада хизмат кўрсатган агроном ва узумчи унвонларига сазовор бўлган.

Р. Мусамуҳамедов раҳбарлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 3250 та намунали боғ ва токзорлар барпо этилган. “Токчилик бўйича қўлланма” (1939) “Мўл узум ҳосили етиштиришдаги тажрибаларим” (1959) каби китоблар муаллифи. Мусамуҳамедов ҳақида “Гулга бурканган ҳаёт” (1961), “Ризамат отанинг 100 баҳори” ҳужжатли фильмлари яратилган.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 15 минг гектардан ортиқ узумзорлар мавжуд. 2022 йилда 103 минг тонна (105%) етиштирилган бўлса, жорий йилда 115 минг тонна (112%) ҳосил етиштириш кўзда тутилмоқда. 2024-2025 йилларда қўшимча 20 минг гектар (шундан 2023 йилда 10 минг 260 гектар ҳамда 2024 йилда 9 минг 740 гектар) узумзор барпо этиш белгиланган.

Бугунги кунда вилоятда барча тоифа хўжаликларида жами 18,9 минг гектар токзор мавжуд бўлиб (15,3 минг гектари фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфида ва 3,7 минг гектар аҳоли томорқасида), шундан 7,6 минг гектар (40%) хўраки, 6,5 минг гектар (34%) кишмишбоп ва 4,9 минг гектар (26%) саноатбоп токзорлардир. Қарорга асосан 8 та туман – Бекобод, Паркент, Янгийўл, Зангиота, Оҳангарон, Тошкент, Қибрай ҳамда Ўрта Чирчиқ туманларида узум плантациялари ташкил этилади.

Фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларини сифатли узум кўчатлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоятда қўшимча камида 1 та “In-vitro” лабораторияси ташкил этилади. 2023-2024 йилларда янгидан ташкил этилаётган узумзорлар ҳисобига қўшимча 20 минг тонна сақлаш қувватига эга бўлган музлаткичли омборхоналар, 27 минг тонна қуритиш омборлари бунёд этилади.