АЗИЗ АБДУҲАКИМОВ: “ЭКОЛОГИЯНИНГ ЭНГ КАТТА МУАММОСИ ПРОФЕССИОНАЛ МУТАХАССИСЛАРНИНГ КАМЛИГИДИР”

(Давоми)

— Сўнгги йилларда нафақат оддий ҳайвонлар, балки Қизил китобга киритилган жониворлар ҳам кўплаб йўқ қилинмоқда. Ўзбекистон ўз флора ва фаунасини тиклаб олиши учун овга мораторий қўйиш вақти келмадими?

 Афсуски, бизда овчилик даромад манбаига айланиб кетган. Ўйлашимча, аҳолида қурол кўп ва уларнинг аксарияти рўйхатдан ўтмаган. Милтиқни сақлаганлик учун эса тўлов кам.

Аввало, ҳар бир овчи гувоҳнома олаётганида Қизил китобдаги ҳайвон ва жониворлар бўйича имтиҳон топшириши шарт. Бундан ташқари, овчиларга рухсатнома кўрсатилганидан ортиғини отса,  табиатга, жониворларга зарар келтирса, жуда катта жарималар қўйилиши керак.

Овчилик иқтисодиётга яхшигина фойда келтириши мумкин. Масалан, Африкада кўп ҳайвонлар Қизил китобга киритилиб, йўқ бўлиб кетиш даражасига келиб қолганди. Улар айнан насл қолдиришга яроқсиз, касал ҳайвонларни хориждан келган овчиларга маълум маблағ эвазига ов қилишга рухсат бериб, соғломларини сақлаб қолишди.

Чет элда овчилар балиқни тутиб, у билан суратга тушиб, кейин қўйиб юборишади. Бизга келадиган 99 фоиз чет эллик овчилар шунчаки қизиқиш учун ов қилишади. Маҳаллий овчилар эса, афсуски, нафсига қул бўлиб, кўпроқ даромад топиш учун овчилик билан шуғулланишади. Шунинг учун биз хориж амалиётини қўллаб, чет эллик овчилардан тушадиган даромадни яна  табиатга қайтаришимиз керак.

Бундан ташқари, бизда аксарият овчилик хўжаликларида шароит яхши эмас. Ҳамма ёқ чиқиндига тўлиб кетган. Ов хўжаликлари, аслида, ҳайвонларни кўпайтириши, уларга яшаши учун шароит яратиши, шундан кейингина ов қилишга рухсат бериши зарур.

Мораторий масаласига келсак, уни бир йилга эмас, камида 5 йилга жорий қилиш лозим. Бу, албатта, Ўзбекистон табиатининг анчагина тикланиб олишига замин яратади.

— Яқинда Фарғона ҳайвонот боғига бордингиз, фаолияти билан танишиб, маслаҳатлар бердингиз. Қишда  мазкур ҳайвонот боғида шароит бўлмагани учун жирафа нобуд бўлган эди. Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳайвонот боғларининг аҳволи жуда абгор. Энг ёмони — уларнинг кўпчилиги Маданият вазирлиги тасарруфида бўлганлиги. Ҳайвонот боғларини тартибга келтирса бўладими? Ўзи улар керакми?

— Албатта, ҳайвонот боғларининг Маданият вазирлиги тасарруфида бўлиши нотўғри. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-171-сон қарорига асосан Тошкент, Фарғона ва Термиз шаҳарлари ҳайвонот боғлари вазирлигимиз тасарруфига ўтказилди.

Ҳайвонот боғларининг асосий вазифаси табиатда йўқолиб кетаётган ҳайвонлар популяциясини сақлаб қолишдан иборат. Ўзбекистондаги ҳайвонот боғлари концепциясини буткул ўзгартириш керак. Ҳайвонот боғига борганда ҳайвон эмас, одам экспонат бўлиши лозим. Германиянинг Росток шаҳрида йирик ҳайвонот боғи бор. Табиий тўсиқлар қўйилган, ташриф буюрган одам ва ҳайвон орасида масофа йўқ. Бундан ташқари, яқинда айнан ҳайвонот боғларини бошқариш бўйича 30 йиллик тажрибага эга таниқли немис мутахассиси Удо Нагелни Ўзбекистонга таклиф қилдик.  Удо Нагел 1992 йилдан 2022 йилга қадар Европадаги энг яхши ҳайвонот боғларидан бири – “Росток” ҳайвонот боғи директори сифатида фаолият юритган. “Росток” унинг раҳбарлиги даврида, яъни 2018 йилда ўз тоифаси бўйича Европанинг энг яхши ҳайвонот боғи деб тан олинган.12 июль куни У.Нагел ва Экология вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Шунингдек, Фарғона ва Термиз шаҳар боғлари бошқарув тизими, хизмат кўрсатиш даражаси, инфратузилмасини ўрганиш, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Айни пайтда биз ҳукуматга ёввойи ҳайвонларни цирк томошаларига олиб чиқишни тақиқлаш таклифини киритдик, чунки ривожланган давлатларда циркда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланган. Уй ҳайвонлари, яъни мушук ва итлардан фойдаланиш муаммо эмас, зеро улар минг йиллардан бери одамлар билан бирга яшаб келмоқда. Аммо ёввойи ҳайвонларни қийнаш орқали уларни маълум бир машқларни бажаришга мажбурлаш нотўғридир.

— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мана бир неча йилдирки республика бўйлаб давом этиб келмоқда. Яқинда сизнинг Олий Мажлисдаги ҳисоботингизда унинг муаммолари ҳақида гапириб ўтдингиз. 2 миллиондан зиёд дарахтлар экилмай, халқнинг пули талон-тарож бўлган. Вазирлик тизимнинг самаралироқ бўлиши учун қандай чора-тадбирлар олиб бориши кўзда тутилган?

“Яшил макон” бугунги кунда ўз самарасини бераётган, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган кенг кўламли дастур. Тўғри, 2 миллионта дарахт — катта рақам, лекин умумий экилган дарахтлар сонига ҳисоблайдиган бўлсак, атиги 1 фоизга тенг. Қолган 99 фоиз дарахт парвариш қилинмоқда. Ўз навбатида, 2 миллионта дарахтнинг қуриб қолишидан керакли хулосалар чиқарилди, қаерда хатога йўл қўйилгани англаб етилди. Иш бор жойда хато бўлади.

Бугунги кунда энг асосий муаммолардан бири — дарахтларнинг ноқонуний кесилиши. Биринчидан, вазирлик томонидан дарахтларни ноқонуний кесишга қарши чораларни кучайтирдик. Иккинчидан, аҳолининг дарахтларга нисбатан муносабатини ўзгартириш вақти келди. Дарахтни ноқонуний кесаётган фуқаро, тадбиркор ким? Ўзбекистон фуқароси. Айтмоқчиманки, жамиятимизда бундай ҳолатларга нисбатан чидамсизлик муҳитини яратишимиз керак, атроф-муҳит билан боғлиқ масалаларга бефарқ бўлмаслик керак.

Бу борада вазирлик томонидан яна бир муҳим ишга қўл урилди яъни энди дарахтларни кесиш ёки кўчириш жамоатчилик эшитуви орқали ҳал қилинмоқда. Хориж давлатлар амалиётида бу аллақачон мавжуд.

Шу ўринда таъкидлашим лозим бўлган яна бир жиҳат бор. Дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир бўлса, фақат Экология вазирлигига урғу берилади, дарахтни кесган тадбиркор ёки фуқаро четда қолиб кетади. Ҳуқуқбузар телевидениега чақирилиб, қилган қилмиши учун халқ олдида жавоб беришга ҳисобдор қилинса, бу бошқаларга сабоқ бўлади. Тадбиркорлар дарахт кесишидан олдин ўйлаб кўради. Лекин кўпчилик дарахт кесилганда фақат Экология вазирлиги ва инспекторларини айблашга одатланиб қолган.

Яна бир жиҳат — дарахтларни экиш бўйича мутахассис етарли эмаслиги ҳам панд беради. Масалан, айрим ҳолатларда 50-60 йил аввалги касал дарахтларнинг уруғини олиб, кўкартириб,  экишмоқда. Бунақа дарахтлар ҳеч қачон ўсиб кетмайди, нимжон бўлади. Шунинг учун дарахт экиш бозорини ривожлантирмоқчимиз. Хусусий компаниялар келсин, ғолиб бўлсин, биз ер берамиз. Мақсадимиз — Ўзбекистонда эгасиз дарахт қолмаслиги, ҳамма ўз дарахтига жавоб бериши керак.

Таъкидлаш жоизки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг қонун бузилиши ҳолатлари бўйича позицияси қатъий: дарахт кесиш, унинг атрофини бетонлаш ва бошқа ҳуқуқбузарликка йўл қўйган фуқаролар, нафси устунлик қилиб, бу каби ҳолатларга аралашган соҳа мутахассисларига қатъий чоралар кўрилади.

 Чиқинди муаммосига ҳам тўхталсак. Биламизки, чиқинди полигонларига қурилиш чиқиндилари қабул қилинмайди. Натижада қурувчи тадбиркорлар қурилиш чиқиндиларини  дарё бўйларига ташлашмоқда. Бу ҳолат бартараф этиладими?

— Чиқинди полигонлари қурилиш чиқиндиларини қабул қилади. Фақат бунинг маълум тўлови бор. Тўловдан тушган пуллар полигон фаолиятини яхшилашга сарфланади. Муаммо шундаки, айрим тадбиркорларимиз белгиланган тўловни тўлашдан қочиб, қурилиш чиқиндиларини дуч келган жойга, хусусан, дарё бўйларига ташлаб кетишади. Албатта, белгиланмаган жойларга чиқинди ташланиши каби ҳолатларни бартараф этиш борасида вазирлик томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, айни дамда бутун республика бўйича онлайн кузатув камералари ўрнатиляпти. Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятида 200 га яқин камералар қўйилмоқда, шунингдек бугунга келиб Андижон, Наманган, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида ҳам камералар ўрнатилди. Шу тариқа республика бўйича йил якунига қадар 1000 га яқин камера фаолияти йўлга қўйилади.

Бу камералар нафақат белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлайди ва ўз вақтида чора кўриш имконини беради.

Бундан ташқари, мамлакатимиз бўйлаб чиқинди ташланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши доимий рейд тадбирлари ҳам ўтказиб келинмоқда. Аҳолининг бу борадаги мурожаатлари ўз вақтида ўрганилиб, муаммолар бартараф этилмоқда, керакли чоралар кўрилмоқда.

— Яқинда ASK раҳбари Андриан Нил ekolog.uz га берган интервьюсида “Мени ранжитаётган нарсалардан бири айнан ўша экологик миллий дастурларда вазирлик ва идораларинг ўзаро координациясининг заифлиги ва баъзи вазиятларда умуман йўқлиги. Масалан, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, экология ҳамда сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлик қилиши талаб этилиши” деб жавоб берган эди. Бунинг ечими нимада деб ўйлайсиз?

— Шу пайтгача интеграция йўқ эди, ироқ ҳозирда барча вазирликларда Экология дипломатияси бўлимлари ташкил этилиб, бу энг аввало ички интеграцияни йўлга қўйиш учун амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, экологик муаммолар барча соҳалар учун тегишли ва уларни фақатгина ҳамкорликда ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун эса ҳар бир вазирлик айнан зиммасига юклатилган вазифани бажариши ва буни бошқа вазирликлар билан келишилган ҳолда амалга ошириши зарур.

Сув масаласи Ўзбекистонда бевосита иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Вазирликнинг номи ўзгариб, иқлим ўзгариши қўшилди. Бу жуда ҳам катта ва жиддий масала. Афсуски, сувга нисбатан ваҳшийларча муносабат, айниқса дарёларимиздан қум-шағалларни олиниши оқибатида дарёлар суви қуриб бормоқда. Қўлланилаётган жарималар таъсир қилмаяпти. Муаммони ечимини нимада кўрасиз?

 Биринчи навбатда “Хавфсиз дарё” ДУК вазирлик тасарруфига ўтказилди. Аммо бу чигал масала ва яхшилаб ўйлаб, иш тутишни талаб қилади. Чунки ҳозир вазирлик томонидан дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш тўхтатиб қўйилса, қурилишлар ҳам тўхтаб қолади. Шу сабабли келишилган ҳолда дарё ўзанлари ва қирғоқларини мустаҳкамлаш жараёнида ортиб қолган қум-шағалдан қурилиш учун фойдаланишга рухсат берилади.  Айни дамда 90 тагача тоғда карьер тайёрланмоқда. Қурилиш соҳаси ана шу карьерларни ўзлаштириши учун маълум вақт берилади ва шу орқалигина  муаммони ечиш мумкин.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Наргис Қосимова суҳбатлашди.