Сўнгги икки йилда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда.
Биргина 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди, 13 та санитария жиҳатидан тозалаш давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 172 та филиали, шунингдек, 9 та маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари ташкил этилди. Кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг деярли ярмини санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олинишига имкон берди.
Бундан ташқари қатор амалдаги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматнинг соҳага алоқадор Қарор ва Фармонлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мавжуд муаммолар комплекс ёндошишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан халқ вакили сифатида аввало соҳадаги асосий муаммоларни уч йўналишга бўлган ҳолда таҳлил қилиб уларнинг ечимларига тўхталишни лозим деб топдик.
Биринчидан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш.
Миллий қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги вақтда амалдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида номувофиқликлар, қарама-қаршиликлар ва бўшлиқлар мавжуд бўлиб, ҳуқуқни қўллаш самарадорлиги паст.
Хусусан, чиқиндиларни дастлабки саралаш, турлари бўйича алоҳида тўплаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, такрор фойдаланиш, шунингдек кўп миқдордаги фойдали компонентларга эга бўлган маиший ҳамда ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан такрор фойдаланишни ташкил этиш тизими етарли даражада ривожланмаган.
Чиқиндилар мониторингини, уларнинг ҳосил бўлиш ҳисобини юритиш, паспортлаш, чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритишни ташкил этиш ва амалга ошириш механизми етарли даражада эмас.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги масалаларни ҳал этишда ННТлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаоллиги, шунингдек уларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги суст даражада.
Ҳозирги кунда ҳар йили республикамизда 35 млн. м3 га яқин (14-14,5 млн. тоннага яқин) маиший, 100 млн. тоннадан ортиқ саноат (шундан тахминан 14% токсик) чиқиндилари ҳосил бўлиб, уларнинг аксарият қисми қайта ишланмайди ва такрор фойдаланилмайди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда ҳосил бўлаётган саноат ва қурилиш чиқиндиларини ҳисоб-китоб қилиш ишлари, яъни тўплаш, жойлаштириш ва қайта тиклаш тизими мавжуд эмас.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПҚ–2916-сонли ҳамда 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3730-сонли Қарорлари қабул қилинди.
Ҳудудларда пайдо бўлаётган ноқонуний чиқиндихоналар нафақат маиший чиқиндилар, балки қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндиларидан ҳам иборат. Боз устига ушбу ноқонуний чиқиндихоналарнинг аксарияти асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (10.10.2018 йил. ЎРҚ–495-сонли) билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун билан аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўл четларига, йўлларнинг қатнов қисмига қурилиш ва маиший чиқиндиларни ташланишини ва жойлаштирилишига, чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз ёқиб юборилиши каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилди.
Аммо ушбу нормаларни амалиётда қўлловчи давлат органлари фаолиятида тадбиркорлик субьектлари фаолиятига аралаша олмасликлари сабабли ўтган давр мобайнида юридик шахсларга нисбатан қўлланилган жарималар миқдори жуда пастлигича қолмоқда.
Шунингдек, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга аҳоли пунктлари атрофига, зовур ва каналлар ёқаларига, йўл четларига автотранспорт воситалари орқали ташлаб кетилмоқда. Аммо, ваколатли давлат органига бўлган Давлат экология қўмитасига чиқиндиларни ташлаб кетаётган автотранспорт воситаларини тўхтатиш ваколати берилмаган. Бунинг натижасида ноқонуний чиқиндихоналар кенгаймоқда.
Бу масалаларнинг ечими сифатида албатта мамлакатни келгусида барқарор ривожлантиришнинг янги шароитларини ҳозирги замон талабаларидан келиб чиққан ҳолда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришни, мазкур соҳадаги илғор хорижий тажриба ва амалиёт, халқаро норма ва талабларни мослаштиришни тақозо қилмоқда.
Шу муносабат билан амалдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш ва уни янги таҳрирда тайёрлаш зарурати пайдо бўлмоқда.
Бунда асосий мақсад:
– чиқиндиларни дастлабки саралаш, турлари бўйича алоҳида тўплаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, уларни қайта ишлаш ва иккиламчи хомашё сифатида қайта ишлатиш йўли билан хўжалик фаолиятига жалб этиш;
– турлари бўйича чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш ҳисобини юритиш;
– чиқиндилар классификаторини ишлаб чиқиш;
– иқтисодий механизмларни кенгроқ жорий этиш;
– чиқиндилар ҳосил бўлиши нормаларини қайта кўриб чиқиш;
– чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига хусусий сектор вакилларини тенг шароитлар асосида жалб қилиш;
– чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги масалаларни ҳал этишда ННТлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаол иштирокини таъминлаш;
– юридик ва жисмоний шахслар мажбуриятларини кучайтириш;
– етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш назарда тутилмоқда.
Ушбу соҳада давлат назоратини олиб борадиган органларга тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик ҳолатлари учун жарималар қўллаш имкониятини яратиб бериш ва Давлат экология қўмитасига чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида транспорт воситаларини ушлаб туриш ёки кўздан кечириш бўйича айрим ваколатларни бериш масалаларини кўриб чиқиш лозим.
Иккинчидан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига хусусий сектор вакилларини кенгроқ жалб қилишга қаратилган чораларни кўриш.
Давлат экология қўмитаси маълумотига кўра, айни пайтда мамлакат аҳолисининг ўртача 57 фоизи маиший чиқиндини тўплаш, олиб чиқиш хизматидан фойдаланиш имкониятига эга.
Ваҳоланки, Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3730-сонли Қарори ижро этилиши ҳолати жорий йилнинг февраль-март ойларида Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари мисолида ўрганиш натижаларига кўра, амалда бу кўрсаткич Сурхондарё вилоятида 55 фоизни, Фарғона вилоятида эса 34 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3730-сонли Қарориига мувофиқ, санитар тозалаш бўйича тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида жойлардаги маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш ва жойлаштириш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни электрон аукцион ўтказиш йўли билан тадбиркорлик субъектларига «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали бириктириш ишлари амалга оширилмаяпти.
Масаланинг ечими сифатида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига тадбиркорлик субъектларини кенгроқ жалб қилиш, уларга ҳудудларни бириктириб бериш жараёнларини соддалаштириш ҳамда уларга тенг шароитларда фаолият олиб бориш имкониятларини яратиш лозим.
Учинчидан, чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш бўйича илғор инновацион технологияларни жорий қилиш.
Бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган полигонларларнинг умумий майдони 12,0 минг гектарни ва ҳосил бўладиган саноат чиқиндиларни қайта ишлаш эса атиги 1,2 фоизини ташкил этади.
Шундан, республикада саноат чиқиндилари тўпланадиган чиқиндихоналар 10 минг гектарга яқин ерларни банд қилмоқда. Хусусан, «Аммофос-Максам» АЖда йилига 700-750 минг тонна фосфогипс чиқиндиси ҳосил бўлиб, бугунги кунда унинг тўртта шлам тўплагичларида 64 миллион тоннадан ортиқ чиқиндилар жойлаштирилган.
Ангрен ва Янги-Ангрен ИЭСларининг шлам тўплагичларида тахминан 12 миллион тонна кул-шлак чиқиндилари йиғилиб қолган. Ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар қисман сараланиб (уларни қайта ишлаш эса 1 фоизни ҳам ташкил этмайди), асосан кўмиш йўли билан зарарсизлантирилмоқда.
Шунингдек, ҳозирда полимер маҳсулотларининг узоқ йиллар давомида чиримаслиги оқибатида атроф муҳитни ифлослантириш даражаси ошиб бормоқда, полимер маҳсулотлари сув ҳавзаларида тўпланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, республикада давлат ва шахсий хўжаликларда қурилиш ишлари кенг кўламда олиб борилаётганлигига қарамасдан, ҳосил бўлаётган қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун шаҳар ва туманларда қурилиш чиқиндилари полигонлари мавжуд эмас.
Бу масалаларнинг ечими сифатида чиқиндилар таркибини чуқур ўрганган ҳолда уларни қайта ишлашга хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида халқаро тендерлар эълон қилиш механизмларини амалга жорий этиш.
Бунда, чиқиндиларни қайта ишлашга илғор инновацион технологияларни жорий қилишда миллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзли кредитлар ва бошқа преференциялар беришнинг ҳуқуқий асослари ва механизмларини ишлаб чиқиш.
Дастлабки саралашни талаб қилмайдиган, катта ҳажмдаги плазма разряди ташкил этиш ҳисобига мураккаб молекулалараро боғланишни узишга (парчаланишга) асосланган ва қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган хавфли бирикмалар (фурон, диоксинлар ва хосилалари)ни атмосферага ташланмаларини олдини олувчи маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш комплексини ташкил этиш.
Ишлаб чиқарилаётган полимер плёнкаларнинг қалинлиги 40 микрондан кам бўлмаслигини таъминлаш, шунингдек биопарчаланиш қўшимчаларини ишлатадиган хорижий корхоналарни жалб қилган ҳолда ушбу маҳсулотларни мамлакатда ишлаб чиқаришни жорий этиш. Полиэтилентерефталат чиқиндиларини (баклажкалар, турли тунукалар, қопқоқлар ва бошқалар) қабул қиладиган ва йиғадиган корхоналарга молиявий имтиёзлар бериш.
Шаҳар ва туманлар марказларида ҳосил бўлаётган қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун шаҳар ва туманлар марказлари атрофида қурилиш чиқиндилари полигонини ташкил этиш ҳамда уларни қайта ишлаб, қурилиш материали сифатида арзонлаштирилган хом ашё базасини яратиш лозим.
Бунда қурилиш чиқиндиларига енгил ишлов бериш йўли билан улардан турли хилдаги ғишт ишлаб чиқариш ёки йўл қурилиши учун унинг асосига тўкма сифатида фойдаланиш мумкин.
Фарход Қувватов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати