Париж халқаро келишуви доирасидаги Ўзбекистоннинг мажбуриятлари ва манфатлар

Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда.  Маълумки, XX асрга келиб дунё мамлакатларининг кескин индустриал ривожланиши, табиат қонуниятларига бўйсунмасдан, унинг ресурсларидан нооқилона фойдаланиши натижасида, атмосферага беҳисоб миқдорда иссиқхона газларини чиқарилиши, иқлим ўзгаришига,  бу эса дунёнинг турли бурчакларида,  йилнинг турли фаслларида температурани кескин ўзгаришига, баъзи ерларда  ёғингарчиликларга, сув тошқинларига, бўрону тўфонларга, аксинча бошқа ерларда қурғоқчилика, ўрмонлар ёнғинларга ва буларнинг натижасида, ботқоқликларга, чўлланиш, ер деградацияси ва бошқа экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда ҳудди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган, яъни исиш жадаллиги глобал масштабда кузатилаётган ўртача темплардан юқори. Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Экспертларнинг ҳулосасига кўра иқлим исиши экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилояти каби минтақаларда экологик вазиятнинг кескинлашувига йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг кўпайиши, шунингдек, бошқа хавфли ҳодисалар – селлар, тошқинларнинг тез-тез такрорланиши, юқори тоғлардаги кўлларнинг ўпирилишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Парижда Бирлашган Миллатлар Ташкилотиниинг (БМТ) иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий (ИЎДК) конвенциясига бағишланган конференциянинг 21-сессиясида қабул қилинди ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди ва 2020 йилдан бошлаб амалга оширилади.

Ҳозирги вақтда Париж Битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур Битимнинг иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимий молиялаштиришда чекланишлар қўлланилади.

Битим турли миллий шароитлар нуқтаи назаридан адолатлилик принципларини ҳамда умумий, шунингдек тегишли имкониятларни эътиборга олиб алоҳида томонлар жавобгарлиги акс эттирилган.

Битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат бўлиб,  2050 йилга келиб иссиқхона газларини  глобал ажратмаларини 40-70 %га камайтиришни ва 2100 йилга келиб унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.

Мамлакат 2030 йилга келиб эришиши лозим бўлган иссиқхона газлар ажратмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ИЎДК котибиятига маълумот тайёрлаши Париж Битимини имзолашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Битим қоидаларини амалга ошириш ва уларга риоя этилишини рағбатлантириш механизми қўллаб-қувватловчи хусусиятга эга, адоватсиз ва жазосиз амал қилади. Мазкур битимда ҳеч қандай “жазо” чоралари кўзда тутилмаган (15-модда, 1.2-банд).

Париж Битимида ривожланган мамлакатларнинг ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва унга мослашиш борасидаги ҳаракатларда қўллаб-қувватлаш мажбурияти юклатилган.              2020 йилда ривожланаётган мамлакатларнинг эҳтиёжлари ва устуворликларини эътиборга олиб молиявий кўмакни 100 млрд. АҚШ долларига етказишга қарор қилинган.

Ҳозирги вақтда жамғарма умумий қиймати 1.5 млрд. АҚШ доллари бўлган 35 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистон ва Тожикистон учун Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги “Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг олдини олиш Дастури” лойиҳасини молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда (20 млн. АҚШ долларли грант).

2017 йил 19 апрелида БМТ нинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж Битимини имзоланган эди. 2018 йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик  палатасига  Ўзбекистон Республикаси Президенти  томонидан киритилган  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж келишуви” (Париж, 2015 йил 12 декабр) ни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси  қабул қилинди ва 2 октябрда Сенат томонидан тасдиқланди.

Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж келишувини ратификация қилиниши Ўзбекистон учун қатор манфаатларни таъминлайди. Хусусан: энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича Давлат Дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш ва бошқа имкониятларни яратади.

Париж Битимида иштирок этиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Мазкур Битимга мувофиқ Иқлим соҳасидаги ҳаракатлар келажакдаги савдо келишувлари учун шарт бўлиши мумкин. Франция ҳукумати Париж Битимига аъзоликни Европа Иттифоқи савдо келишувларидаги муҳим элемент сифатида қабул қилиш таклифини билдирди. Бу Европа Иттифоқи Париж  Битимини ратификация қилмаган ёки уни амалга оширмаётган мамлакатлар билан бошқа савдо-сотиқ қилинмаслигини билдиради.

Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги ҳамкорлик, бу мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашишни кучайтириш ва заифликни камайтириш учун мослашиш чора-тадбирларини амалга ошириш имкониятини (миллий манфаатларни) таъминлайди. Бу Орол фожиаси муаммосини ҳал этиш нуқтаи-назаридан айниқса долзарбдир.

Иқлим ўзгариши натижасида етган зарар далиллари тақдим этилган ҳолатларда иқлим ўзгаришининг ноқулай таъсири оқибатлари донорлар томонидан бартараф этилади.

Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж келишуви” доирасидаги иштироки унинг умуминсоний қадриятлар, Битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини кўрсатади ва Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

           К.Насиров,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати