15 апрель — Экологик билимлар куни
Ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида 15 апрель санаси Экологик билимлар куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган атроф муҳит муаммолари муҳокамасига бағишланган конференциясида дунёнинг барча мамлакатларида инсониятнинг ҳаёт тарзи ва барқарор ривожланиши стратегиясини амалга оширишда экологик таълимнинг улкан аҳамиятга эга эканлиги таъкидланган эди.
Экологик таълимнинг муҳимлиги ҳозирги замонавий дунёда ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслиги билан биргаликда кўплаб мамлакатларда таълим ва тарбия беришнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Аҳолининг экологик маданиятини ва атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантиришга қаратилган ушбу фаолият – бутун инсоният келажаги хавфсизлигининг гаровидир.
«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида «…барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқувининг мажбурийлиги» қайд этилган бўлиб, экологик таълимнинг бош мақсади аҳолининг барча қатламларида, жумладан, умумтаълим мактаблари ва коллеж ўқувчилари ҳамда олий таълим талабаларида атроф-муҳитни асраш муаммоларига онгли муносабатни шакллантиришдан иборатдир.
Замонавий олам шундай даврни бошидан ўтказяптики, ёшларда экологик маданиятни тарбиялаш таълим фаолиятининг долзарб йўналишларидан бирига айланди. Болаларда экологик билимлар қанчалик кичик ёшдан шаклланса, бундай таълим шунчалик катта самара беради. Шунинг учун ушбу жараённи илмий ташкил қилиш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарур.
Бугунги кунда барча ижтимоий онг даражалари ва маданият шаклларининг экологик манфаатлар доирасида интеграциялашуви жараёнларининг кучайиши кузатилмоқда. Бундай вазиятда экологик маданиятни ривожлантириш жараёнида ўзаро боғлиқ, лекин нисбатан мустақил икки йўналишни бир – биридан ажратиб таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.
Биринчиси, экологик назарий билимлар мажмуаси асосида инсониятнинг табиатни ўзгартириш ва ўзлаштиришдан иборат амалий фаолиятни ташкил этувчи ишлаб чиқариш, техника, технология тараққиётини оқилона ташкил қилиш.
Иккинчиси, тарихий экологик тажрибалар асосида экологик таълим – тарбия ижтимоий институтлари ёрдамида кишиларда экологик онг, тафаккур ва дунёқарашини ривожлантиришдир. Бу йўналишларни умуминсоний маънфаатлар негизида уйғун тараққий эттириш, пировард натижада фаол экологик маданиятни шаклланишида ва уларнинг табиатни муҳофаза қилиш фаолиятида катта роль ўйнайди.
Умуман, табиат ва жамият муносабатларини илмий тушуниш асосида таълим – тарбия тизимида тегишли восита ва усулларни замон талаблари даражасида такомиллаштириб, амалиётда қўллаш, экологик маданиятни ривожлантиришнинг зарурий шартидир. Бунинг учун таълим — тарбиянинг барча йўналишларини, усулларини, воситаларини уйғун ривожлантириш ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Экологик вазият ўзига хос хусусиятга эга. Инсон табиат қудратини куч билан эмас, балки мувозанатни бузмаган ҳолда мувофиқлаштириши керак. Экологик онг инсоннинг табиат билан ўзаро таъсири соҳасидаги билим ва эътиқодни мужассам этади. Экологик билимлар одамлар ўзларининг ҳозирги ва келгусидаги биосфера билан қанчалик узвий боғланганини, табиатни муҳофаза этиш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва ҳар бир инсонда атроф – муҳит ҳолати учун масъуллик ҳиссини тарбиялаш, ҳайвонот ва наботат оламини асраш объектив зарурат эканини тушуниб етишларининг муҳим шарти ҳисобланади.
Экологик тарбиянинг муҳим шакли ўқувчиларнинг ўз ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат – дарахтлар экиш ва уларни ўз вақтида парвариш қилиш, қушлар ва ҳайвонлар учун уя ва ин қуриш, булоқ, кўл ва ариқларни ахлат ва чиқиндилардан тозалаш, туман ҳудудига яқин жойлашган қишлоқ ёки шаҳар атрофидаги оромгоҳларда ободонлаштириш иўларини ўтказиш ва бошқа амалий ишларидир. Бундай ишлар натижасида ёшларда назарий олинган билимлар мустаҳкамланиши билан бирга табиат билан боғлиқ зарурий экологик, ҳуқуқий, ахлоқий ва эстетик қарашлар шаклланади. Ўқувчилар инсоннинг табиатдаги ўрнини, она шаҳри ёки қишлоғи учун табиат муҳофазаси борасидаги фаолиятининг аҳамиятини, ер ва ҳаво, кўл, дарёларни тоза сақлаш масалаларини ҳал этишда фаол ҳаётий нуқтаи назарнинг долзарб эканини тушуниб етадилар. Айнан ёшларнинг табиатни муҳофаза этиш борасида мақсадга йўналтирилган амалий фаолияти индивидуал экологик онгнинг шаклланишида зарурий шарт ҳисобланади.
Миллий маънавиятимизнинг серқирра ва теран илдизларига таянган ҳолда мафкуравий тарбия йўналишларини ишлаб чиқишда экологик мафкура, таълим ва тарбия тизимини яратиш алоҳида ўрин тутади.
Экологик онгни, маданиятни шакллантиришда назарий экологик билимларни бериш билан бир қаторда, маданий-маърифий ишларнинг барча самарали шакллари ва услубларидан, жумладан: оммавий ахборот воситаларидан, оғзаки, кўргазмали ва техника воситаларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади, чунки экологик тарғибот аҳолининг муайян тоифалари онгига таъсир этиб қолмай, балки боғча ёшидаги боладан тортиб, аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши, ҳаммага тушунарли, кўргазмали ва ошкора бўлиши лозим. Табиат, ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ресурслар ҳақида хабарлар бериш билан ёш авлод онгида табиатга нисбатан эъзоз уйғотиб, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасида экологик таълим — тарбия бешиги ролини ўташи лозим. Инсониятни кун сайин ўсиб бораётган эҳтиёжлари ва сайёрамизда камайиб кетаётган имкониятлари ўртасидаги мувозанатни барқарорлигини таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш учун ҳар биримиз экологик билимларга эга бўлмоғимиз зарур.
Сайёрамиз келажаги ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик маданиятига боғлиқ. Ёшлар ўртасида экологик билим, онг, маданият ҳамда экологик таълим-тарбия жараёнини тизимли ташкил этиш, экология соҳасини илғор инновацион технологияларини жалб этган ҳолда янада такомиллашишини, ёшларнинг Она табиатни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларини оширишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Мазкур хайрли ишларни амалга оширишда кенг жамоатчиликнинг роли беқиёслигини барчамиз унутмаслигимиз лозим.
Х.Гаппоров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати