Бугунги кунда Ер сайёраси аҳолиси 7,5 млрд кишига етди. Жаҳонда юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, биологик хилмахилликнинг камайиб бориши нафақат иқтисодиёт тармоқлари ривожи, шу билан бир қаторда инсониятнинг фаровон келажагига ҳам жиддий хавф солмоқда.
XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигига келиб кўпгина мамлакатлар чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши муаммоларини бошидан кечираётгани, оқибатда дунё бўйича қарийб 2 миллиард гектар ер майдони яроқсиз аҳволга келгани масаланинг нечоғли долзарб эканлигини кўрсатиб турибди. Бу борада ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш ҳаракатлар ўтган асрнинг 70 йилларидан бошланган эди. 1970 йилдан бошлаб, ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси 2009 йилдан 22 апрелни “Бутунжаҳон Ер куни” деб эълон қилди.
Халқаро экологик ҳамкорлик принциплари илк бор 1972 йилда, БМТнинг атроф муҳит муаммоларига бағишланган Стокгольм конференцияси Декларациясида халқаро ҳамкорликнинг янги – атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши ҳамда инсоннинг ҳаётга ва атроф муҳитга бўлган асосий ҳуқуқини эътироф этувчи ва бошқа принциплар белгилаб қўйилди.
1992 йил июнь ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида БМТнинг атроф муҳит ва ривожланиш масалаларига бағишлаб ўтказилган Конференциясида Атроф муҳит ва ривожланиш тўғрисидаги Декларация, шунингдек “XXI аср кун тартиби” номли ҳаракат Дастури қабул қабул қилинди ва имзоланди.
Ана шундай мураккаб вазиятда юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Чунончи, Чўлланишга қарши кураш бўйича конвецияга, Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияни қўшилди. Ушбу конвенцияларнинг кўплаб мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бир қатор муҳим старатегик, шу жумладан: “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар Дастури”, “Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастури” ва бошқалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг иқлим ўзгаришлари, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, бутун жаҳон маданий меросни муҳофаза қилишга доир конвенциялар ҳамда бошқа экологик йўналишдаги халқаро шартномаларга қўшилиши мамлакатимизда мазкур йўналишда салмоқли ишлар олиб борилаётганидан далолатдир.
Бу борада шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, унинг ривожига янада жиддий эътибор қаратила бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ҳамда “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер умуммиллий бойлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб берилди. Шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан ҳамда бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат эканлиги белгилаб берилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ деҳқон ва фермер хўжаликлари ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада амалга оширилган ислоҳотлар самараси бу борада катта ютуқлар қўлга киритилди. 1998 йилда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муҳим омил бўлди. Мазкур қонун нормаларига асосан фермер хўжаликларига ер участкалари узоқ муддатга, яъни 50 йилгача, бироқ 30 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилиши белгиланди.
Бугунги кунда фермерлик ҳаракати хақли равишда соҳанинг етакчи бўғинига айланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи асосий куч мақомини олди. Аммо, ютуқлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Бу борада ишга, ерга бўлган муносабатга эътибор қаратиш, фермер хўжаликларига давлат томонидан берилган зарур имтиёз ва преференциялар натижадорлигини назорат қилиш, қишлоқ хўжалиги экин ерларининг балл бонитетини янада ошириш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 15 октябрдаги Фармонига асосан, ердан фойдаланиш, геодезия ҳамда картография соҳасидаги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ер муносабатларини тартибга солиш, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш мақсадида Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Геодезия, картография ва давлат кадастри Бош бошқармаси тугатилиб, уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ташкил қилинди.
Ердан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб бориш, ушбу йўналишда дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш унинг асосий вазифалари қилиб белгиланди.
Бугунги кунда мамалакатимизда ер ресурсларидан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари билан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва ер муносабатларни тартибга солишга оид қонунларни амалга ошириш, ҳозирги даврнинг долзарб талаблари даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигида жадал фойдаланиладиган суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив ва ирригация объектларнинг тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида замонавий, илғор ресурстежамкор усулларни қўллаш орқали, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга алоҳида ўрин берилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда экинзорларнинг умумий майдони 4 миллион гектардан ортиқ. Шундан суғориладиган ерлар 3 миллион 285 минг гектарни ташкил этади. Буни, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг олтин фондига қиёслаш мумкин. Негаки, иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, саноат тармоқларини муҳим хом ашёлар билан кафолатли таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш бевосита ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлашга боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги давлат геодезия назорати инспекцияси тўғрисидаги, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисидаги, давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 66-сон қарорига мувофиқ “Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисида НИЗОМ” қабул қилинди.
Мазкур Низом билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини, шунингдек ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Шунингдек, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари этиб Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси белгилаб берилди. “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши Низомда кўрсатиб ўтилди. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши кўрсатиб ўтилди.
Шундан келиб чиқиб, тизимда ҳаётга татбиқ этилаётган изчил чора-тадбирлар туфайли муайян ютуқлар қўлга киритилди. Энг аввало, ҳар бир қарич ернинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берадиган электрон хариталар яратилди. Бундан ташқари, автоматлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилди.
Ҳозирги пайтда ушбу электрон хариталар қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, мониторинг қилиш ишларини олиб боришда кенг қўлланилмоқда. Бу, ўз навбатида, ерлардан фойдаланишда учраётган салбий ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар қабул қилиш имконини бераяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур фармон ва қарорда республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатиш, шунингдек, республика ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Шунинг учун республикамизнинг асосий деҳқончилик юритиладиган тоғ олди ва тоғ ости ҳудудларида тупроқ шароити, қишлоқ хўжалиги экинлари талабларини ҳисобга олган ҳолда экинларни тўғри жойлаштириш, ишлаб чиқаришни чуқур ихтисослаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларида доимий кадастр ҳисобини юритиш долзарб аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур йўналишдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассислари томонидан ерга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш бўйича жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кучайтириш зарурдир. Бу, аҳолининг ер ресурсларига бўлган муносабатини, деҳқон ва фермер хўжаликларида эса ердан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга бўлган масъулияти янада оширишга хизмат қилади.
Борий АЛИХОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси. Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,
Абдураҳим ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси