Сув – тириклик кафолати. Уни беҳуда сарфлаш келажакка нисбатан қилинган хиёнат ва эътиборсизлик билан баробардир. Шу боис халқимиз азалдан ушбу бебаҳо неъматни юксак қадрлаб, “Сувга тупурма”, “Қудуққа тош ташлама”, “Ариққа супринди ташлама” каби ўгитларни бежиз айтишмаган.
Маълумки, дунё миқёсида ушбу бебаҳо неъматни асраш, ундан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Хусусан, сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, уларни асраш ва тиклаш учун аниқ чоралар кўрилмоқда. Аммо оби ҳаётдан оқилона фойдаланиш, оқова сувларнинг ифлосланиши каби ҳолатларнинг учраб туриши ачинарлидир, албатта. Масалан, Германияда оқова сувларнинг ярмидан кўпи, АҚШда эса учдан бир қисми тўлиқ тозаланмай дарё ва кўлларга қуйилмоқда. Франция, Англия, Бельгия, Голландия, Япония давлатларида ҳам дарё ва кўллар юқори даражада ифлослангани кузатиляпти.
Мамлакатимизда ҳам бу каби ҳолатларга дуч келиш мумкин. Айтиш жоизки, Республикадаги мавжуд 58 та оқова сув тозалаш иншоотининг 51 таси, яъни 88 фоизи умуман фаолият юритмаётгани натижасида сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари қўпол равишда бузилиб, тўғридан-тўғри анҳор ва каналларга қуйилмоқда. Хўш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштиришга йўналтирилган меъёрий ҳужжатлар ижроси қониқарлими?
Муаммо аниқ, аммо ечим…
Турғун ИСКАНДАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
— Бутун дунёда глобал муаммо бўлганидек, мамлакатимизда ҳам сувни ифлослантирмаслик асосий масалалардан саналади. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, қолаверса, Президентимизнинг 2017 йилдаги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштиришга, хусусан, 2017–2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга қаратилган меъёрий ҳужжатлари соҳада замонавий бозор механизмларини жорий этиш, бу борада мутлақо янги тизимни шакллантириш имконини бермоқда. Айтиш керакки, ҳозиргача мамлакатимиздаги 200 та туман ва шаҳарнинг 142 тасида (71 фоизи) марказлашган оқова сув тармоқлари мавжуд эмас. Яна бир жиҳат, жойларда меъёрий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан мунтазам парламент назорати олиб борилмоқда. Хусусан, яқинда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига оид қисмининг Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолати таҳлил қилинди. Натижада соҳада зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, бугунги кунда вилоятда “Сувоқова” ДУКга қарашли 9 та оқова сув тозалаш иншоотининг ҳаммасини ҳам фойдаланишга яроқли деб бўлмайди. Бунинг баробарида, канализация тизимларини қуриш ва барпо этилаётган уйларни уларга улаш масаласига етарли даражада эътибор берилмаяпти. Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйичирчиқ ва Чиноз туманларида ҳанузгача марказлашган канализация тармоғи йўқ. Тошкент вилояти “Сувоқова” ДУК тизимига уланган 1 минг 447 та корхонадан 89 тасининг фаолияти қониқарсиз бўлиб, улар томонидан чиқарилаётган оқова сув таркибида меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддалар аниқланди. Шунингдек, паррандачилик ва тўқимачилик саноати корхоналари томонидан рангли сувлар тўғридан-тўғри Чирчиқ дарёсига оқизилмоқда. Энг ачинарлиси, Изза каналидан оқаётган санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган сувдан маҳаллий аҳоли маиший эҳтиёжлари учун фойдаланмоқда. Афсуски, бундай ҳолатнинг олдини олиш учун мансабдор шахслар томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти. Аниқланган муаммо ва камчиликлар, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, худудларнинг соғлом санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлаш, яъни бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди. Зеро, ҳаёт манбаи ҳисобланган сувни асраш, ундан самарали фойдаланиш давр талабидир.
Мингдан ортиқ ноқонуний объект бузиб ташланди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик суви сифатининг пастлиги ҳамда санитария—гигиения қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ экан.
Баҳром АЛМАТОВ, Республика давлат санитария—эпидемиология назорати маркази директори:
— Иссиқ кунларда кўпчилик, айниқса, болалар очиқ сув ҳавзаларида чўмилишни истайди. Бехосдан ифлосланган сувни ютиши юқумли ошқозон-ичак касалликларига сабаб бўлади. Яъни қорин тифи, дизентерия, гепатит А, патоген энтеробактериялар, ошқозон-ичак трактининг зарарланиши, интоксикация, дегидратация (сувсизланиш) ҳамда турли асоратлар билан кечадиган хасталиклар келиб чиқади. Шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактик чоралар кўриляпти. Хусусан, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари, дам олиш масканлари, умумий овқатланиш объектларида сифатли сув билан таъминлаш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги 3812-сонли қарорида белгиланган 2018-2019-йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, шу асосида иш юритиляпти. Яъни очиқ сув ҳавзаларининг аҳоли яшаш жойларига яқин қирғоқларида доимий равишда санитария ҳолати назорати олиб борилмоқда. Шу билан бирга, анҳор ва каналлардан режага асосан кимёвий, бактериологик кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Республика бўйича олиб борилган мониторинглар жараёнида 2018 йил давомида бактериологик таҳлилларга олинган 136 минг 782 та намунадан 11 минг 260 таси, яъни 6,6 фоизида, кимёвий таҳлилларга олинган 86 минг 452 та сув намунадан 9 минг 608 таси, яъни 11,1 фоизида санитария талабига жавоб бермаслик ҳолати кузатилди. Шу билан бирга, 2018 йил давомида Ишчи гуруҳ томонидан пойтахтимиздаги Яшнобод, Миробод, Бектемир, Яккасарой ва Сергели туманлари худудидан оқиб ўтадиган канал ва анҳорларнинг санитария-техник ҳолати ўрганилди. Бунга фуқаролар томонидан қирғоқларда ўзбошимчалик билан қуриб олинган ҳаммом, ҳожатхона, молхона, товуқхона, шахсий хонадонлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва оқова сув қувурлари кабилар сабаб бўлмоқда. Очиқ сув ҳавзаларини ифлослантирувчи шу каби мингдан зиёд объектлар буздириб ташланди. Бу борадаги ишлар мунтазам давом эттирилиб, ана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинмоқда.
“Зилол сувлар қаерда қолди?..”
— Аждодларимиз азалдан сувга нисбатан ўзгача муносабатда бўлишган, — дейди самарқандлик Хосият ая Шамсиева. — Сувни истеъмол қиламиз, унинг ёрдамида покланамиз. Айтмоқчиманки, кундалик эҳтиёжларимизда ушбу неъматнинг ўрни беқиёс. Биз болалигимизда ариқдан сув ичганмиз, кундалик эҳтиёжларимизни қондирганмиз. Мисол учун ҳудудимиздан оқиб ўтадиган “Оби раҳмат” каналидаги сув кишининг баҳру дилини очар эди. Афсуски, у бора—бора кичрайиб, ариққа айланди. Ҳозир эса одамлар унда чиқинди, мағзавани оқизишади. Хонадонлар ичидан ўтувчи бу сув ачинарли аҳволда. Ваҳоланки, “Оби раҳмат”дан шунча аҳоли эҳтиёжини қондирган, дов—дарахт, анжирзорлар шундан сув симиради. Шу боис биз кексалар ёшларга сувнинг қадрига етишга чақиришимиз керак.
Хулоса ўрнида
Дарҳақиқат, олтиндан ҳам азиз бўлган сувнинг ҳаётимиздаги ўрни чексиз. Ундан тежаб фойдаланиш, ифлослантирмаслик инсоният олдида турган энг муҳим вазифадир. Ушбу масъулиятни бажаришда эса ҳар биримиз жиддий ёндашиб, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, энг муҳими, келажак авлод учун бебаҳо неъматни асрашда муносиб ҳисса қўшайлик!
Жонибек МАЪРУПОВ.