Энг танқис ва ҳисобли манба. Миллионлаб инсонлар уни қидириб қитъадан қитъага кўчиб юришга мажбур бўлади

Энг танқис ва ҳисобли манба. Миллионлаб инсонлар уни қидириб қитъадан қитъага кўчиб юришга мажбур бўлади

Фото: «UN.org»

Экиннинг қони, деҳқоннинг жони бўлган сув масаласи бугунги кунда жаҳоншумул муҳим муаммолардан бирига айлангани рост. Обиҳаёт – тириклик ва ҳаёт манбаи. Сувнинг ифлосланиши табиийки, экологик муаммоларни ҳам келтириб чиқарди.

Бутунжаҳон сув куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 22 март – «Бутунжаҳон сув куни» деб эълон қилиниб, 1993 йилдан буён халқаро миқёсда кенг нишонлаб келинади. Бундан мақсад инсониятни сувдан самарали фойдаланиш ва уни асраш, сув ресурсларини келажак авлодга яхши ҳолатда етказиб беришдир.

Бугунги кунда 2,1 миллиарддан зиёд инсон уй шароитида хавфсиз ичимлик сувисиз яшайди, бу эса уларнинг соғлиғига, таълим олишига ва яшашига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Ҳар йили «Бутунжаҳон сув куни» маълум бир шиор остида нишонланади. Ушбу кун 2015 йилда «Сув ва барқарор ривожланиш», 2016 йили «Сув ва касблар» шиори остида, 2017 йил – «Оқава сувлар» шиори остида нишонланган, 2018 йилги Бутунжаҳон сув куни мавзуси «Табиат сув учун» — 21 асрда юзага келган сув муаммоларининг ечимини топишда табиатни муҳофаза қилишга йўналтирилган бўлса, бу йилги шиор эса «Сув муаммоси – жамият муаммосидир: унинг ечими ҳеч кимнинг назаридан четда қолмаслиги керак» деб номланди.

Сув муаммоларига ечим излаб…

Минтақадаги йирик ва кенг суғориладиган майдонига эга бўлган Ўзбекистон суғориш ва ичимлик эҳтиёжлари учун мўлжалланган дарё ва кўлларнинг чучук сув ресурсларига боғланиб қолган.

Фото: ТИҚХММИ матбуот хизмати

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтида сув муаммолари ечимига бағишлаб хорижлик мутахассислар иштирокида бир нечта халқаро конференциялар ташкил этилган.

Фото: ТИҚХММИ матбуот хизмати

Ушбу таълим муассасасида Бутунжаҳон сув кунини нишонлаш доирасида ўтказилган тадбирда Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларидаги таълим муассасаларидан талаба ва профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар. Ушбу тадбирлар фотосуратлар кўргазмасини, баҳс-мунозараларни, видео танловларни ва инновацион сув технологиялари кўргазмасини ўз ичига олди.

Инсониятни ўйлантирадиган муаммо

Сув жаҳондаги энг танқис ва ҳисобли манбага айланди. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, 2020-2025 йилларга бориб, барча чучук сув ресурслари инсон фаолияти учун эгаллаб олинади, яъни, сув ҳам инвестиция манбаига айланиши ва сотилиши эҳтимоли мавжуд.

Дунё миқёсида сўнгги 100 йилда сув сарфланиши олти маротаба ошган. Бу кетишда 2050 йилга келиб инсониятга икки баробар кўпроқ сув керак бўлади. Сув эса камайиб бораверади.

Бугунги кунда дунё миқёсида 1,1 миллиард инсон доимий равишда сув танқислиги билан курашмоқда. 2 миллиард киши бу муаммога вақти-вақти билан дуч келди.

2030 йилга келиб, тахминан 500 миллионга яқин киши сув қидириб қитъадан қитъага кўчиб юришга мажбур бўлади. Бу – бутун инсониятни ўйлантирадиган муаммо.

Раҳимбой Жуманиёзов