АБАДИЙ СЕВГИ МАДҲИЯСИ

Туркиянинг “Муҳташам юз йил” сериалидан сўнг Султон Сулаймоннинг суюкли хотини Хуррам султоннинг ҳаёти билан қизиқмаган одам қолмади, ҳисоб. Усмонийлар империясининг буюк султони қалбини забт этган, ўз ақли, ҳусни билан нафақат саройнинг ўзида, мамлакатдаги бошқарув тизимни ўз қўлига олишга муваффақ бўлган мазкур аёлнинг мангу қўним топган қароргоҳи Истамбулнинг қоқ юрагида жойлашган. Туркияга саёҳатга келган ҳар бир инсон  албатта Хуррам Султон мачитини зиёрат қилмай кетмайди.

Тарих зарварақаларида қайд этилишича, туркларнинг Украинага юришларидан бирида руҳонийнинг 15 ёшли гўзал қизи Анастасия Лисовская  ҳибсга олиниб, Истамбулнинг қуллар бозорида сотувга қўйилади. Анастасияни 26 ёшли султон Сулаймон ҳарами учун сотиб олишади. Чиройли табассуми ва қувноқлиги учун султон Анастасияга Хуррам деб, исм қўяди. Европалик дипломатлар эса унинг славян келиб чиқишини назарда тутиб Роксолана, деб атайдилар. Хуррам султонни Усмонийлар бошқаруви тарихида биринчи бўлиб, султон ўз никоҳига олади. Уларнинг севгиси йиллар давомида фақат мустаҳкамланиб боради. Суюкли рафиқасининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Султон Сулаймон Хуррам Султонга атаб мачит қурдиради. 1538 йилдан 1551 йилгача давом этган қурилиш айнан  ёш Анастасия сотилган қул бозори ўрнида қад ростлайди. Мачит қурилиши тугагач, Хуррам Султон жамғарма ташкил этиб, тўпланган пулга  мачит қаршисида хайрия мажмуаси- кюллиени қуради. Мажмуа камбағаллар учун касалхона, ошхона, мадраса ва бошланғич  мактабни ўз ичига  олган. 1612 йили  мачитнинг  орқа деворини бузиб, унга яна бир хона қурилиб, қўшилади. Олдинги девор ўрнида нақшинкор арка қурилади. Мачит қурилишида тошлар бир бирига шу даражада жипслаштирилиб, терилганки, уларнинг орасидаги чоклар деярли билинмайди. Бинонинг деворлари чинни тахтачалар билан қопланиб, Хуррам шарафига қасидалар ёзилган. Минбарни нақш билан, меҳроб  бороко услубида безилади. Хуррам Султон руҳига дуо ўқиш, мачит гўзаллигини томоша қилиш учун келган сайёҳларнинг эътиборини ранглар тортади. Бу ердаги қора, оловранг ва тилла ранглар Хуррам Султон мачитини асосан ҳаворангда безатилган бошқа мачитлардан фарқлаб туради.

Мачитнинг олдидаги тор йўлакдан ўтишингиз билан Хайрия мажмуага кирасиз. Ҳозирги замонда мажмуанинг аксарият қисми сақланиб қолган. Унинг асосий биноси бўлмиш мадраса 1538-1540 йилларда қурилган. У анъанавий ҳовлига эга бўлиб, бино айвонининг устунлари нақшлар билан безатилган. 1550  йили мадраса орқасида муҳтожлар, камбағаллар учун касалхона қурилган. Бу узунлиги 35 метр, кенглиги 27 метр бўлган бино  асоан йўнилган тошдан қурилган. 16 асрда   касалхонадаги табиблар ҳам жарроҳлик, фармацевтлик, терапевтлик ёрдамини беришган. Шунингдек, бу ерда  ҳамширалар, ошпазлар фаолият юритишган. Ҳафтада икки маротаба касалларга бепул дори-дармонлар тарқатилган. Ҳозир бу ерда диспансер жойлашган бўлиб, бошқа биноларда қаҳвахоналар жойлашган.  Касалхонанинг ёнида 1540 йилда тошдан қурилган камбағаллар учун ошхонани кўриш мумкин. 1550  йили унинг ёнида ҳаммом ва фаввора қурилган.

Хуррам Султон вафоти Султон Сулаймонни чуқур қайғуга ботган. Суюкли ёрини дафн этиш учун султон Сулаймония мачити ҳудудида мақбара қурдиради. Айнан шу ерга Хуррам Султон, кейинчалик Султон Сулаймоннинг ўзи, ҳалок бўлган, ўлдирилган шаҳзодалар, энг кўзга кўринган давлат арбоблари ҳам дафн этилган.

Бир бирига қарама қарши равишда қурилган мақбараларга элтувчи тош йўл доимо сайёҳлар билан гавжум. Кимдир ҳануз тилларда достон Султон Сулаймон ва унинг рафиқаси руҳига дуо ўқиш учун келса, аксарият сайёҳлар ОАВ, телевидение ва интернет орқали кенг тарқалган тарихий афсоналарнинг асосий қаҳрамонларини яна бир бор эслаш учун келишади.

Мақбарадаги ҳар бир қабр тошга нақшлар, Қуръондан олинган оятлар ёзилган. Султон ва шаҳзодаларнинг қабрлари бошига уларнинг бош кийимлари қўйилган. Бошқа мақбаралардан уни қора ранг қўшилган безаклар ажратиб, мотамсаро кайфиятни уйғотишга хизмат қилади.

Мажмуага ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Усмонийлар давлати гуллаб-яшнаган даврнинг суронли, шу билан биргаликда жозибадор йилларига ўзини даҳлдордек хис қилади.

Наргис Қосимова