Жорий йил 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар қаторида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Албатта, Юртбошимиз кўтарган масалаларга барчамиз бирдек масъулмиз. Айтиш лозимки, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари йиғилиш иштирокчилари эътиборини ҳали бор имкониятларимиз ва салоҳиятимиздан анча паст фойдаланаётганимизга ҳам қаратди. Бу борада жойларда қатъий ҳамда самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича парламент олдига кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар қўйилди.
Ўзбекистон ҳудудида ишлатиладиган сув ресурсларининг 80 фоизи қўшни давлатлар ҳудудида шаклланишини эътиборга олсак, масаланинг долзарблиги янада яққол намоён бўлади.
Айниқса, бу йил мамлакатимизда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, оқибатда аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани сувдан унумли фойдаланишни тақозо этади.
Видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис палаталари томонидан қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратишда парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлашнинг асосий йўналишлари аниқлаб олинди. Ушбу масала 2018 йил 2-8 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар кенгашлари, шунингдек, туманларда ўтказилган сессияларда танқидий муҳокама этилди.
Хусусан, халқ депутатлари Фарғона вилоят ва туман Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг бевосита иштирокида ўтказилиб, давлат раҳбари кўрсатмалари асосида ташкилий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Аввало, вилоят ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи, қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти мутахассислари билан жорий йилнинг 1 июнидан
1 июлигача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”ни ўтказиш ҳамда сув танқислиги бўлиши кутилаётган ушбу йилда сувдан самарали фойдаланиш бўйича амалга ошириладиган ташкилий масалалар ҳал этилди.
Жумладан, вилоятда сув танқислигини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув ресусларидан самарали ва тежамкор фойдаланишни ташкил этиш мақсадида тегишли маълумотномаларни тайёрлаш “Вилоят Штаби”, назорат ва тарғибот ишларини амалга ошириш бўйича “Ишчи гуруҳ”ларини ташкил этиш учун номзодлар аниқланиб, уларнинг таркиби шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари И.Зокиров, Ш.Раҳимов ва А.Умрзоқовлар билан биргаликда ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жами 14 та туманда эълон қилинган “Зарбдор ойлик” давомида жойларда олиб борилаётган ишлар, жумладан, сув ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш, фермер хўжаликлари томонидан даладаги сувчиларга шароит яратиш, (сувчилар уйи, иссиқ овқат ва бошқа), суғорилган пахта майдонлари учун сувчиларга ойлик иш ҳақларини ҳар 5 кунда даланинг ўзида тарқатиш, суғориш ишларини каналнинг энг охирги қулоғида жойлашган фермер хўжаликларидан бошлаш, манбадан сув олувчи барча фермер хўжаликлари томонидан сув олишни бир вақтнинг ўзида эмас, балки навбат асосида суғориш масалаларига катта эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳлари томонидан жойларда 120 дан ортиқ фермер хўжаликларида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, аксарият фермер хўжаликларида ғўза суғориш ишлари тўлиқ шарбат усулида амалга ошириляпти, сувчиларга етарли шароитлар яратилган, иссиқ овқат, сувчилар уйи ва фонарлар билан таъминланган. Сув олиш жойларига қулоқлар қуриш ва дарвозалар ўрнатиш, эгилувчан қувурлар билан таъминлаш борасида ҳам самарали ишлар ташкил этилган ҳамда уларни ўрнатиш бўйича семинарлар ўтказилган. Лекин шу билан бирга айрим ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам йўқ эмаслиги кўрилди.
Жумладан, Бешариқ туманидаги “Қурама замини”, “Махистали Назаров”, “Отабек Саксонов”, “Рахмонов Олимбой” фермер хўжаликлари ҳудудларида мавжуд коллектор тармоқлари 2014 йилда режага мувофиқ тозаланган бўлсада, сизот сувлар сатхи ҳозирги кунда 1.1-1.40 метрни ташкил этмоқда, ерларнинг шўрланиш даражаси ҳам ортиб бормоқда. Масаланинг ечими сифатида ушбу худудларда 3 дона тик зах қочириш қудуқлари қурилиши таклиф этилди.
Бешариқ туманининг О.Хамидов СИУ ҳудудида 1982 йилда қурилиб, ишга туширилган Сох-Исфара насос станцияси кўп йиллар давомида фойдаланиб келинганлиги учун бугунги кунда унинг сув чиқариш қобилияти пасайган, қувурлари яроқсиз ҳолга кела бошлаган, электр жиҳозлари эскирган, насос агрегатлари таъмирталаб ҳолатда эканлиги эътироф этилди. Ушбу насос станцияси орқали 12 та фермер хўжалигига қарашли 524 га. экин майдонлари суғорилишини эътиборга оладиган бўлсак, станцияда капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш жуда долзарб эканлигини айтишимиз лозим. Яъни, янги насос агрегатларини ўрнатиш, электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 10 кВт қувватли электр тармоғини тортиш, замонавий бошқариш тизимини ўрнатиш, яроқсиз ҳолга келган 8 км. лоток ариқларни алмаштириш каби ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ўрганишларимиз давом эттирилади.
Мухтасар қилиб айтганда, муқаддас ислом динимизда атроф-муҳит, хусусан сувга нисбатан оқилона муносабат тамойиллари мукаммал белгилаб берилганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Асосий қонунимиз бўлган Конституциямизда ҳам ҳар биримизнинг зиммамизга атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти юкланган. Шунингдек, Конституцияда бошқа бойликлар қаторида сув умуммиллий бойлик экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Ана шундай устувор ҳуқуқий қоидаларни амалда рўёбга чиқариш учун ҳам бугунги кунда депутатлар ва кенг жамоатчилик вакиллари хайрли ишга сафарбар этилдилар.
Ш.ШАРАФУТДИНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.