Бир томчи сувда ҳаёт бор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум бўлишича, сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилади.

Сув камайиб бормоқда

ЕР юзининг 70 фоизи сув билан қоп­лангани ҳолда инсоният XXI асрга ичимлик суви танқислиги муаммоси билан кириб келди. Чунки мавжуд сувнинг 97,5 фоизи шўр, ичишга яроқсиз, фақат 2,5 фоизини ичимлик суви сифатида ишлатиш мумкин. Шунинг ҳам учдан икки қисми (!) муз ҳолатида, қолганини эса инсон нотўғри фойдаланиш оқибатида исроф қилмоқда.

Истеъмолчилик юқори шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий дунёда ичимлик сувига эҳтиёж шу даражада ортяптики, сув захираларини тўлдириб бориш имкони қолмаяпти. Сув камайиб кетяпти.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзи аҳолисининг 2,5 миллиарди тоза ичимлик суви танқислигидан азият чекмоқда. Агар ичимлик сувини асраш масаласига жиддий ­эътибор қаратилмаса, муаммоларга ечим топилмаса, 20-25 йилдан кейин дунёдаги ҳар икки кишидан бирининг шу муаммога дуч келиши башорат қилинмоқда.

Юқоридаги фактлардан келиб чиқсак, сувдан оқилона фойдаланиш, уни исроф қилмаслик масаласи нақадар муҳим ва жиддий эканини тушуниш мумкин. Инсониятнинг келажаги, яшаб қолиши бугунги авлоднинг сувга муносабатига боғлиқ бўлиб турибди.

Сув танқислиги масаласи юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ўзбекистонда 2040 йилга келиб Амударё ва Сирдарёнинг сувлари камайиши оқибатида 33 фоизгача сув танқислиги муаммоси юзага келиши тахмин қилинмоқда. Бу узоқ муддатдан кейин келадиган хавф эмас, бугунги кунимизда рўй беришни бошлаган жараёндир.

Вазиятни ўзгартириш ўз қўлимизда

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум бўлишича, сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилади.

“Шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қис­қартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди”, дейилади Президент матбуот хизматининг тадбирдан сўнг тарқатган хабарида.

Хабарда айтилишича, сув тан­қислиги кутилаётган Қаш­қа­дарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилояти­да 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилади.

Табиийки, бу қисқартиришлар биринчи бўлиб оддий аҳолининг турмушига, рўзғорига таъсир қилади: гуруч, мош ва бошқа дон маҳсулотларининг нархи ошади.

Аслида вазиятнинг ўзгариши кўп жиҳатдан ўз қўлимизда.

Маълумотларга кўра, Ер юзида ичишга яроқли сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига сарф бўлар экану, шунинг 60 фоизи нотўғри фойдаланиш, исроф натижасида бекор кетар экан. Тасаввур қиляпсизми? Ярмидан кўп сув қишлоқ хўжалигида исроф бўляпти.

Яна мутахассислар сувнинг ифлосланиши ҳам 90 фоиз қишлоқ хўжалигида рўй беришини айтишяпти.

Кўриб турганингиздек, бугун оддий ҳушёрликни, фурсатни бой берсак, келажакда сув учун кўп нарсалардан воз кечишимизга тўғри келиши мумкин.

Муаммо ҳали бартараф этилмаган

Кейинги йилларда масъул ташкилот ва идоралар республикамизда сув танқислиги ­муаммоси билан жиддий шуғулланмоқда. Жойларда аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. ЎзА агентлигининг хабар беришича, ҳозирги пайтда 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2 902 та қишлоқ аҳоли пункти эҳтиёжлари ерости сувлари захиралари ҳисобига қондирилмоқда. Аммо бу муаммо тўлалигича ўз ечимини топгани йўқ.

Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қатор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, муаммони бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар қўлланилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини жалб этиш ҳисобидан ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган кўплаб аҳоли пунктлари талабга жавоб берадиган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олинди.

Шу билан бирга, айрим аҳоли пунктларини, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги аҳоли масканларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга оид қатор муаммолар ҳанузгача ҳал этилмасдан қолмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 18 ­ап­релдаги Фармонига кўра, республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекциялари билан биргаликда ташкил этилди.

Аҳолинининг сув истеъмол қилишга эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда 2017 йил 30 сентябрда “2017-2022 йилларда ер ости чучук сувларини ишлатишни кенгайтириш ҳисобига Фарғона водийси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори ва 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорлари қабул қилинган.

Қонунлар, ҳужжатлар орқали сув ҳимояланган, ундан оқилона фойдаланиш рағбатлантирилган ва таъминланган бўлишига қарамай, амалда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

Бир кунда кичик жумрак оқиб ётса…

11 минг нафар одам ичиши лозим БЎЛГАН сув исроф бўлади

Фақат юқоридан туриб амалга ошириладиган ишлар билан муаммони ечиб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро сув нақадар бебаҳо, қадрли ва тикланмас неъмат эканлигини англаши зарур. Афсуски, бу борада аҳвол яхши эмас.

Ҳаётий бир ҳолат. Истироҳат бо­ғида крандан сув оқиб ётибди. Ҳеч ким эътибор бермайди, онда-сонда кимдир чанқоғини қон­диради. Сув эса бекор оқа­веради. Шу оқишда 1 дақиқада — 15 литр, 10 дақиқада — 150 литр, 1 соатда — 900 литр, 1 суткада — 21600 литр сув беҳуда оқиб кетади. Бу қарийб 11 000 киши­нинг бир кунлик сув­ ичиш меъёри-ку.

Фактлар ва шароит­ кўзини очмаган инсон­ни қонунлар билан тарбиялашдан ўзга чора йўқ.

Биласизми?

Жавобгарлик бор!

Сув табиий бойлик сифатида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳимоясига олинган. Ундан оқилона фойдаланмаслик, исроф қилиш, ифлослантириш, ноқонуний йўллар билан сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунининг қатор бандларини қўл­лаган ҳолда жавобгарлик белгиланган. Хусусан:

• Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса икки бараваридан олти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

• Сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ҳамда бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан икки қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

• Сув хўжалиги иншоотлари ва қу­рилмаларини шикастлантириш — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

• Водопровод тармоқларига ўз­бо­шим­чалик билан уланиш ҳамда водо­п­­роводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водо­­­­-
п­ровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга таш­қаридан аралашиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таклифлар

Шахсан менинг фикримча, юқоридаги маъмурий жавобгарлик чоралари жавобгарнинг елкасини оҳиста чимчилаб қўйганга ўхшайди. Мавжуд вазиятни эътиборга олиб, сувга нисбатан қонунчиликда жавобгарликни кучайтириш керак, деб ҳисоблайман. Қолаверса, муаммо нақадар жиддийлигини англатиб, аҳолининг сув масаласига нисбатан ҳушёрлигини уйғотиш керак. Бундан ташқари, соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва комплекс чоралар кўриш вақти етди. Хусусан:

1. Халқаро ҳамкорлик. Сув муаммо­си биринчи навбатда халқаро даражада чоралар кўришни тақозо этмоқда. Амударё, айниқса, Сирдарёнинг катта қисми қўшни мамлакатлар ҳудудидан оқиб ўтади ва бу дарёлардан сув сарфи ҳам, исрофи ҳам ўша ҳудудларга тўғри келади. Демак, сув масаласида халқаро комиссиялар тузиш, сув сарфини назоратга олиш, давлатлараро келишувлар ва меморандумлар имзолаш вақти етди.

2. Экинларни суғоришда сувдан оқилона фойдаланиш. Қишлоқ хўжалигида экинларни томчилаб экиш технологияси мавжуд ва бу технологиядан фойдаланадиган фермерларга қатор имтиёзлар берилган. Бундан ташқари, эгат оралаб экиш усули ҳам анча сувни иқтисод қилади. Лекин иқлим шароити тобора қаттиқлашиб, ёғинлар камайиб бораётган шароитда янада кўпроқ ва самаралироқ усулларни излаш, топиш ва жорий этиш давр талабидир.

3. Сув тақсимоти. Фермерларни кўп қийнайдиган сувни тақсимлаш соҳасидаги муаммоларга эътибор қа­ратиш лозим. Фермерлар ҳар бир экиннинг ўз вегетация даврига қараб сувни тақсимлаш лозим дейишади. Бу амалиётни бутун республика бўйлаб жорий этиш ва шу бўйича ягона тизим ишлаб чиқиш керак. Қолаверса, сув тақсимотидаги коррупцияга ҳам барҳам бериш, ва қатъий назоратни кучайтириш шарт.

4. Лимит тизими. Ичимлик сувлари учун қатъий лимитлар жорий этиш вақти келди. Бу лимитларни эса худди электр энергияси каби олдиндан тўлов принципида ишлайдиган сув ўлчагичлар билан назорат қилиб бориш мақсадга мувофиқ. Яъни, худди электр токи ёки интернет трафигига ўхшаб истеъмолчи сотиб олган миқдоридаги сув тугаши билан таъминотдан узиб қўйилади. Бу борада Хитой ёки Туркия тажрибаси яққол мисол: уларда сув таъминоти ушбу принцип асосида амалга оширила бошлагач, маиший соҳада ичимлик суви 55-60 фоизгача тежалган.

5. Инновациялар. Соҳага инновация­ларни жалб этиш масаласи ҳам жуда муҳим. Масалан, қишлоқ хўжалигида гидрогель, деган нарса бор. Бу гидрофиль молекулалар асосида тайёрланган полимер бўлиб, ўсимликлар ва инсон организми учун буткул зарарсиз ҳисобланади. Ушбу қумоқ-қумоқ гранулалар ўзида ортиқча намликни сақлаб туриш хусусиятига эга. Улар ерга сепилгач, тупроқдаги ортиқча намликни шимиб олади ва узоқ муддат ўзида сақлаб тура олади. Зарур пайтда экинлар ундан сув олади. Бу иссиқ кунларда сувларнинг ортиқча буғланиб кетишига қарши яхши чора. Ҳар бир томчи сув қадрли бўлиб турган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигига ушбу технологияни кенг жалб қилиш орқали анча сувни тежаш мумкин.

6. Мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ерости сувларидан унумли фойдаланиш, ўсимликларнинг сувсизликка чидамли навларини яратиш каби катта амалий ва назарий масалалар ҳам турибдики, буларнинг барига тез орада ва самарали ечим топиш керак.

7. Сувни қайта ишлаш. Бу ўринда Исроил давлати тажрибаси эътиборга молик. Исроил сўнгги 5-6 йил давомида қаттиқ сув танқислигига учради. Ҳозир у ерда сувни тежаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Исроил давлати сув муаммосини ҳал этиш учун, аввало, шўр денгиз сувини чучуклаштириш технологияларини ишлаб чиқди. Қолаверса, оқова сувлардан фойдаланиш, яъни сувдан иккиламчи фойдаланишда ҳам кўп ютуқларга эришди. Ҳозир Исроил 70 фоиздан ортиқ оқова сувлардан қайта фойдаланади — бу Ер юзидаги энг юқори кўрсаткич. Бу мамлакатда ушбу кўрсаткични 90 фоизгача кўтариш ниятида ҳаракат қилинмоқда.

Сувга катта масъулият билан ёндашиш, ундан оқилона фойдаланиш бугунги кунда биринчи рақамли масалалар қаторидан жой олди.

Оби ҳаёт деб бекорга айтишмаган, ҳаётимизнинг асосий манбаи бўлган сувни тежаш, исроф қилмаслик, ифлослантирмаслик учун ҳар бир фуқаро ўз шахсий жавобгарлигини ҳис этиши керак. Зеро, фарзандлар, авлодларга биздан сахролар эмас, ям-яшил боғлар, қуриётган далалар эмас, гуркираб турган чаманзорлар қолиши керак. Тоза сув қолиши керак!

 

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА