Жорий йилда сув танқислиги бир томондан, жазирама иссиқнинг ҳаддан зиёд ошиши эса иккинчи томондан Қўза аҳволини янада қийинлаштириши турган гап.
Шундай пайтда ҳар қатра сувни асраб-авайлаш ва суғоришга алоҳида аҳамият қаратиш талаб этилади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу йил икки, учинчи ва кейинги суғоришни эгат оралатиб ўтказиш зарур. Шундай қилинса ғўза ниҳоллари ғовламайди ва айни пайтда бўйи паст ҳам бўлиб қолмайди. Лекин суғориш меъёри, муддати давомийлигини, тупроқнинг ҳолати (сув ўтказувчанлиги, механик таркиби, дала нам сиғими, нишаблиги ва бошқ.) муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари жорий йилда ғўза нави, эгатлар кенглиги, сувчилар тажрибаси ва керакли ашёлар билан уларни таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади.
ғўзани суғоришни бу йилги шароитда экиннинг биологик хусусияти ва албатта суғориладиган дала кенглигига қараб ўтказилиши даркор. Намлик дала намсизлигига нисбатан 65-70 % дан кам бўлмаслиги керак. Сувга келганлигини билиш учун ҳайдалган қатлам тупроқларидан қўл билан шарча ясалиб ташлаганда сочилиб кетса ва ғўза барглари куннинг иккинчи ярмида сўлий бошласа, бу тезда суғориш лозимлигини кўрсатади.
Фермерларимиз бугунги суғоришни ўртача 700-800 м.3/га ҳисобида ўтказган бўлса, гуллаш даврида 200-300 м.3.га ортиқ бўлиши ва бунда нам даланинг 50-70 см чуқурлигига боргани етарлидир. Даланинг бир текис намланишига қараб қатор оралари 60 см қилиб экилган бўлса, эгат узунлиги 60-70 м, қатор ораси 90 см қилиб экилган далаларда эса 90-100 метр бўлиши таъминланади. Сувдан янада тежамли фойдаланиш мақсадида чуст усули яъни қисқа эгат (30-50 м.)лар олиб суғориш ҳам яхши натижа беради.
Суғоришни ҳаво ҳарорати, ер ости сувининг жойлашувига қараб куни билан ҳар 15-17 кунда олиб борилса яхши натижа беради. Шу тариқа биринчи ва иккинчи сув эгатларда 14-16 соат, гуллаш ва мева ҳосил қилишда 18-22 соат, пишиш даврида эса 14-16 соат оқизилиши керак. Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишда 15-20 г. учун 2-3 нафардан иборат сувчилар гуруҳи ташкил этилса бунда сув 10-15 % гача тежалиши мумкин.
Сув тақчил бўлган бу йилги шароитда ҳар суғоришдан сўнг ғўза қатор ораларини сифатли ва тежамли ҳолда юмшатиш ҳам муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда тупроқ юза қатламини кесаклироқ (0,22-10,0 мм катталикда) қилиб юмшатилса, суғориш оралиқ даврини 4-5 кунга узайтириши тажрибаларда аниқланган. Аксинча ғўза қатор ораларини юмшатишда йирик кесакли ёки палахса ҳолида ишлов беришга сира йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки бу намликнинг кўп миқдорда буғланиши, пировардида эса ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.
Шу ўринда қатор ораларига бир текис майда кесакли қилиб ишлов берилса бу йирик кесакли қилиб ишлашга нисбатан 25-35 % намни буғланишдан сақлайди.
Жорий йилда сув танқислиги ва унинг беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида қуйидагига алоҳида эътибор бериш фойдадан ҳоли бўлмайди. ғўзада 10-12 та ҳосил шохи пайдо бўлганда ўртача ҳар бир тупда 20-30 та ҳосил элементлари шаклланиб, булардан 70-80% эртапишар кўсаклар ҳосил бўлса, июль-август ойида шаклланадиган 13-16 ҳосил шохларидаги гул тугунчаларида 20-15 % и (қолган 70-75% и тўкилади) тўқ кўсаклар ҳосил қилса-да, улар кечки ҳосил захирасини яратадики, бу сувдан ҳозир янада самарали, тадбиркорлик билан илму тажрибани ишга солган ҳолда фойдаланишни тақозо этади.
Муаллиф: Хидирали БОТИРОВ