ИНСОНИЯТГА СУВ ТАНҚИСЛИГИ ТАҲДИД СОЛМОҚДА

Жаҳон бўйича кейинги юз йилда дунёда сув истеъмоли 7 фоизга ошиб, ҳар бир инсон учун ажратилиши мумкин бўлган сув ҳажми 60 фоизга қисқарган. Келгуси 25 йил ичида сув захиралари яна икки маротабага камайиш эҳтимоли мавжуд. 

Амазонка, Миссисипи, Дунай, Волга, Днепр, Сирдарё ва Амударё каби дарёларнинг экотизими аянчли аҳволда. Агар глобал исиш жараёнлари давом этиб, инсоният экологияга бўлган муносабатини ўзгартирмаса, яқин йиллар ичида тоза сув танқислиги глобал муаммога айланади.

Марказий Осиё минтақасидаги Экология марказининг мамлакатимиздаги филиали республика “Сувчи” бирлашмаси билан биргаликда “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида ана шундай ўткир муаммо ҳақида фикр билдирилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 1990 йилгача турли мақсадлар учун ишлатилаётган сув 64 миллиард кубни ташкил этган, 2008 йилдан сўнг бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2015 йилга келиб бу миқдор 6-10 минг метр кубгача қисқарди.

– Бугунги тадбиримиз ҳам инсониятнинг сувга бўлган муносабатини ўзгартириш, глобал исиш натижасида юзага келадиган сув танқислиги оқибатларини юмшатиш ва сув исрофини камайтиришга қаратилган, – дейди “Сувчи” бирлашмаси мутахассиси Алимардон Хўжақулов. – Мамлакатимизда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши халқаро меъёрларга мос келади, бироқ бу сув ўзанларига нисбатан бепарво муносабатда бўлиш кераклигини англатмайди. Ер юзида чучук сув захиралари тобора қисқариб бораётган бир пайтда республикамизни сув билан таъминлаб турган Амударё ва Сирдарёда ҳам яқин йилларда сув миқдори 10-13 фоизгача камайиши мумкин. Афсуски, кўплаб одамлар бу муаммодан бехабар ҳолда тоза ичимлик суви ва деҳқончиликда ишлатиладиган сувга бепарво муносабатда бўлиб, ўзанларни чиқинди билан ифлослантирмоқда.

Шунингдек, тадбирда мутахассислар иқлим ўзгариши оқибатлари, бир неча минг йиллик музликларнинг эриб бораётгани, асримиз ўрталарида сув танқислигининг юзага келиши ва инсониятнинг сувга бўлган талаби ортиши борасидаги маълумотларни баён этди.

 Ўктам Худойбердиев.