2018 ЙИЛДА ҚАШҚАДАРЁДА 6,41 МИЛЛИОН КУБОМЕТР СУВ ТЕЖАЛДИ

2017-2018 йиллар куз, қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик кам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Гидрометрология” хизмати марказининг маълумотига кўра қурғоқчил келган бу даврда ўрта ва қуйи туманларда 2017 йилнинг октябрь-июнь ойлари йил давомида 76 мм, тоғ ва тоғ олди зоналарида 137 мм ёмғир ёққан. Ёғингарчилик меъёрга нисбатан 30-35 фоиз бўлгани сабабли дарёлар, сойлар, коллекторлардан сув оқимларининг кескин кам келиши кузатилди. Оқибатда сув омборларидан ўтган йилга нисбатан ўрта ва кўп йилликка нисбатан 1100 миллион кубометр сув кам тўпланди. Бундай ҳолат кейинги 100 йилда кузатилмаган мураккаб сув танқислигини келтириб чиқарди. Устига устак жорий йилнинг май-июнь ойларида тунда салқин бўлиши ғўза ниҳоллари ривожланишига салбий таъсир кўрсатди.  Шунга қарамасдан, вилоятда сув танқислигини юмшатиш мақсадида 2018 йил суғориш мавсумида бу ишни тизимли ташкил этишни таъминлаш учун 219 та суғориш штаби ташкил қилинди.

   Вилоятдаги мавжуд суғориш, жумладан коллектор-дренаж тармоқларининг мавсумга шайлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди ва мониторинг олиб борилди. Жумладан, жорий йилнинг февраль-май ойлари сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 207,6 километр магистрал ва хўжаликлараро каналлар махсус механизмлар билан тозаланди. Ушбу суғориш тармоқларида 1295,84 кубометр бетон ишлари бажарилди. 181 дона сув тўсувчи ва ростловчи дарвозалар янгиланди, 144 дона гидротехник иншоотлар таъмирланди.

    Насос станциялари ва энергетика бошқармалари ҳисобида бўлган 47 дона насос агрегатлари ва 40 та суғориш қудуқлари таъмирланиб, мавсумга тахтланди. Сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари маблағлари ҳисобидан ўзларига тегишли 34 дона  суғориш насос агрегатларини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Сув истеъмолчилар уюшмаси ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 919,69 километр ички хўжалик каналлари механизмлар, 3686,27 километр ички суғориш тармоқлари қўл кучи билан тозаланди. Фермер хўжаликларининг сув олиш жойлари 1417 дона сувни бошқариш воситалари билан жиҳозланди. Улар учун зарур бўлган 1000 дона сувни ростловчи дарвозаларни тайёрлаш бўйича “Қарши механика таъмирлаш” заводига буюртма берилди.

Насос станциялари, энергетика бошқармаси томонидан вилоятда 2018 йил кутилаётган сув танқислигини юмшатиш, коллектор тармоқлари ва сойлардан қўшимча сув олиш учун 4 чорак маблағларидан 2 чорак тадбирларини амалга оширишга йўналтирилди. Шу жумладан, 125 дона дизел насос агрегатлари олиб келинди. Натижада коллектор ва сойлардан бир кунда ўртача яна секундига 8,78 кубометр қўшимча сув олиш имкони туғилди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан маҳаллий бюджетнинг 5,1 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан жами 48 дона ҳар хил турдаги электр насос агрегатлари ва 15 дона трансформатор харид қилиниб, насос станциялари, коллекторларга ўрнатиб берилди. Ушбу насос агрегатларининг ҳар бири секундига 100 — 500 литр сув чиқариш қувватига эга бўлиб, улар ёрдамида бир кунда ўртача секундига 8,5 кубометр қўшимча сув олиш имкониятига эга бўлинди. Бундан ташқари фермер хўжаликларида 310 дона ер остидан ва коллекторлардан қўшимча сув олиш учун қудуқлар қазилиб,  кўчма насос агрегатлари ўрнатилди.

    Фермер хўжаликлари ҳисобидаги таъмир талаб 16 дона насос агрегатлари насос станциялари, энергетика бошқармаси мутахассислари кўмагида таъмирлаб берилди.

    Вилоятимизда 2018 йил суғориш мавсумида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари фермер хўжаликлари кесимида ишлаб чиқилди. Жумладан, 1875 гектар майдонга томчилатиб, 13020 гектар майдонга кўчма эгилувчан қувурлар, билан суғориш ташкил этиб, 19,53 миллион кубометр сув 1603 гектар майдондаги эгатларга плёнка тўшаб суғориш жорий қилинди. Натижада 6,41 миллион  кубометр об-ҳаётни  иқтисод қилишга эришилди.

     Жорий йил кузатилган сув танқислиги артезиан қудуқлардаги ер ости сув сатҳининг 5-12 метргача айниқса Ғузор, Қамаши, Қарши, Чироқчи туманларидаги ер ости сув сатҳи 10-12 метр пастга тушиб кетишига олиб келди. Шу муносабат билан 115 та қудуқнинг сув сурувчи қувурларига қўшимча қувурлар улашга тўғри келди.

    Сув танқислиги ўз навбатида қудуқларнинг сув чиқариш қувватига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, 2017 йилда бир қудуқнинг сув чиқариш қуввати ўртача секундига 20-30 литр бўлган бўлса, жорий йилда бу рақам 15-25 литрни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан бир қудуқнинг сув чиқариши  секундига ўртача 5 литрга камайди.

Вилоятимиздаги мавжуд 3589 та кузатув қудуқлари орқали ер ости сизот сувларининг чуқурлиги ҳар 10 кунда мунтазам ўлчаб борилди. 2017 йил 9 ойи мобайнида сизот сувларининг ўртача чуқурлиги 3,03 метрни ташкил қилган бўлса, жорий йил 9 ойида бу кўрсатгич ўртача 3,33 метрни кўрсатди. Ер ости сувларининг чуқурлиги ўтган йилга нисбатан 0,3 метрга тушиб кетганлиги айрим туманлардаги коллекторларнинг қуриб қолишига сабаб бўлди.

2018 йилда юзага келган мурраккаб сув танқислиги асорати 2019 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини суғориш ишларини ташкил этишда ҳам ўз асоратини кўрсатмоқда. Зарафшондарё, Қашқадарё ва унинг ирмоқларига боғлиқ 43 422 гектар ғалла майдонларни суғоришда жиддий вазиятни юзага келтирди. Ушбу майдонлардан 30 583 гектарда суғорилиш ишлари кечикиб кетди. Кунлик олинаётган сув Зарафшондарёдан секундига 6,0 кубометр, Ҳисорак сув омборидан секундига 15,0 кубометр, Пачкамар сув омборидан секундига 2,0 кубометр, Чимқурғон сув омборидан секундига 1,5 кубометрни ташкил этмоқда. Шунинг учун вилоятда самарали суғориш усулларидан фойдаланиш чора-тадбирлари устида иш олиб борилмоқда.

Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                     Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё                                                вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.