Қашқадарёда сув ресурсларини бошқариш  яхшиланадими?

 Озон қатламининг емирилиши туфайли биосферанинг, қуёшнинг ультрабинафша нурлари билан зарарланиши, глобал исиш, одамларнинг турли хасталиклар билан касалланишининг ортиши ёғингарчиликнинг кам бўлиши айниқса, иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳодисалар туфайли ер юзида сув ресурслари танқислиги кузатилмоқда. Шу сабабли сув ресурсларидан нафақат оқилона фойдаланиш, балки уни тежаб — тергаб ишлатиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда халқаро тажриба ва андозалар ҳам қўл келиши амалда синалган.

Мамлакатимизда икки йилдирки Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури тадбиқ этиб келинмоқда. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) ва Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти (ИВМИ) томонидан амалга оширилаётган ушбу дастурнинг “Сув хўжалиги ва ресурсларини бошқаришнинг миллий доиравий концепцияси” лойиҳаси доирасида республикамиз ҳудудида бир қатор саъй- ҳаракатлар олиб борилмоқда. Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида сув истеъмолчилари уюшмалари вакиллари ва фермерлар учун “Сув ва ер ресурсларини бошқаришнинг иқтисодий самарадорлиги ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш” мавзусида амалий ўқув семинар бўлиб ўтди.

Семинар иштирокчилари – миллий, сув ҳавзалари ва фермер хўжаликлари даражаларида сув билан таъминланганлик ҳамда сув ресурсларини самарали бошқаришни такомиллаштириш борасидаги ишлар, шу билан бирга лойиҳа доирасида Яккабоғ тумани “Гулдарасой соҳили” Сув истеъмолчилари уюшмасида қурилган гидропостларнинг фаолияти билан ҳам танишдилар. Лойиҳа маслаҳатчиси, техника фанлари доктори Норбой Гаипназаров томонидан сув ҳисобини тўғри юритиш, сув ўлчагич асбобларидан фойдаланиш тартиби ҳақида тушунча ва маслаҳатлар берилди. Бундай тарғибот ишларининг амалий натижаси мисоллар асосида ҳавола этилди.

Дастлаб Сув истеъмолчилари уюшмасида об-ҳаёт ҳисобини юритишнинг асосий шартлари хусусидаги тўлиқ маълумотга эга бўлинди. Хусусан малакали мутахассислар билан таъминланганлик, тегишли сув ўлчаш ускуналарининг мавжудлиги, барча постлардаги маълумотларнинг аниқ юритилиши, сув истеъмолчиларининг сув ҳисобини юритишда иштирок этиши об-ҳаёт ресурсларидан рационал фойдаланишни таъминлашнинг асосий кафолатидир. Айни пайтда сув сарфини камайтириш учун турли самарали усуллар қўлланилмоқда. Хусусан, лотокли тармоқлардан эгилувчан ва қаттиқ қувурлар орқали эгат юзасини, эгатга плёнка тўшаб, кўчма машиналар, стационар тизимлар, синхрон- импульс усулида ёмғирлатиб, кўп йиллик ва чопиқ қилинадиган қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб, тупроқ остидан суғориш усуллари албатта сувни тежашда қўл келмоқда. Бу усулларни қўллашдан асосий мақсад ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш ва экинларнинг барқарор ривожланишига эришишдир. Бунда албатта тупроқни намлаш, ҳаво намлигини ошириш, ерда нам тўплаш, шўр ювиш, ўғитлаш, чиқинди сувлар билан суғориш катта аҳамият касб этади. Ушбу суғориш усулларини қўллашда албатта шўрланган, енгил қумоқ оғир мураккаб рельфли тупроқлар катта нишабли, минераллашган сизот сувлар яқин жойлашган, сув ресурслари кам, суғориш сувлари минераллашган ерлар хусусияти ва кучли шамолли ҳудудлар ҳисобга олинади.

Аввало фермер хўжаликларининг суғориш тармоқларидан сув олиш нутқларини сув ўлчаш асбоблари билан жиҳозлаш уни бошқариш ва адолатли тақсимлаш имконини беради. Фермер хўжаликлари ўртасида сувни навбат билан олишни ташкил қилиш, натижасида ариқ ва каналлардаги сув сарфининг юқолиши 10-20 фоизгача, ўқариқлардаги сув исрофи 30-35 фоизгача, камайиши кузатилган. Суғориш тармоқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш, бетон ариқ ва новларнинг носоз, жойларини таъмирлаш тадбирлари ҳам далада сув таъминотини анча яхшилайди. Эгат оралатиб суғориш ташкил этилса сув сарфи 20-25 фоизгача тежалади. Бу усул эрта баҳор пайти ва экин экиш олдидан суғорилган далалардаги нам миқдори етарли даражада бўлиши ва экин ниҳолларини қўшимча суғоришсиз бир текис ундириб олишга тўлиқ имкон беради.

Шарбат усулида суғоришни ташкил этиш, қатор орасига ўз вақтида ишлов бериш, сувни зовурга беҳуда ташлаб қўймаслик, кўллатиб ва захлатиб суғоришнинг олдини олиш об-ҳаётдан унумли фойдаланишда яхши самара беради. Сувнинг ҳисоб-китобини қатъий жорий этиш ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди. Булар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни иқтисодий жиҳатдан самарали бошқариш омиллари ҳисобланади.

Соҳа мутахассислари томонидан лойиҳа доирасида дала полигонларини ташкил этиш мақсад ва вазифалари, сув тежовчи технологияларни тадбиқ қилиш, сув ҳисобини юритишнинг афзалликлари, интенсив боғлар яратишнинг интенсив усуллари, мевали дарахтларнинг ҳосилдорлигини ошириш борасидаги тажрибалар тақдимоти ва тавсиялар ҳам ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                       Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё

                                       вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.