Орол денгизининг тарихига бир назар

Орол денгизи қитъа ўртасидаги суви оқиб чиқиб кетмайдиган денгиз ҳисобланиб, Марказий Осиёнинг Қозоғистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг чўл минтақасида жойлашган. Узоқ геологик даврда Орал буйи мезозой, палеоген ва неоген даврларда алмашиб келган денгиз ости булган. Курғоқчилик даврининг келиши билан интенсив арид денудация жараёнларининг бошланишига сабаб булди ва бунинг натижасида ҳозирги Орол денгизининг ҳавзаси шаклланди. Ҳавза сармат давридан кейин миоценда бошланди. Ҳавзанинг тўлиқ шаклланиши кеч плейстоцен ёки голоцен бошларида юз берди. Бу эса тахминан 150-100 минг йилларни ўз ичига олади.Орол денгизига фақат иккита дарё Амударё ва Сирдарё куяди. Амударё ўзининг геологик тарихида бир неча маротова ўз йуналишларини ўзгартириб турган. Кейинги 10-12 минг йил аввал Амударё яна ғарб тарафга бурилиб Сариқамишга қуйган ва уни кўлга айлантирган. Бундан 4 минг йил аввал Амударё яна Орол чуқурлигига қуйган. Бу даврда Сирдарё ҳам шу ерга келиб қуйган. Бундан 1-2 млн йил аввал Амударё Қорақум пасттекислиги орқали Сариқамиш кўлига қуйган. Сув оқимин етарли даражада кўп бўлганлиги сабабли Сариқамиш чуқурлиги денгиз садҳидан 58 метр атрофидаги абсолют белгига етган. Ортиқча сувлар жануб тарафга оқиб Узбой ўзанини пайдо этган.

Орол денгизи ва унинг ҳавзасининг сувга тулишининг бошланиши олимларнинг фикрича кеч плейстоцен (б.э. 12-минг йил аввал) даврига тўғри келади дейилган. Бу даврларда Орол бўйи минтақаси қуруқ, совуқ иқлимга, қишта паст ҳарорат (-15) ва ёзда салқин ҳароратга эга бўлган. Қаттиқ иқлим шароити бундан 10 минг йил аввал илиқ иқлим шароитига утиб, тоғлардаги қорларнинг максимал даражада ериши билан сув тошқинлари юз берган. Орол денгизининг сув сатҳи 72-73 метр белгига етади. Сувнинг Орол денгизининг жанубий-шарқий чуқурларга бўлиниши оқибатида 57-58 метр белгига келишига сабаб бўлади. Денгизнинг бу даврда ривожланиши «Қадимги Орол» номи билан аталади. Бу воқеалар бундан 8-5 минг йил аввал бўлиб ўтади ва Орол денгизига дарё сувининг оқими кўпайади. Бир вақтнинг ўзида Амударё ва Сирдарё воҳалари бўлган Қуандарё ва Инкардарё юзага келади. Илиқ ва нам ҳаво ҳарорат (ўртача ҳарорат: январда -80С; июлда +20+210С; ёғин-сочин кўпайган) Орол ҳавзасининг флора ва фаунасининг кўпайишига ва молюскаларнинг бир неча турларининг вужудга келишига сабаб бўлди.

Милоддан аввалги 3,5 минг йилликларда иқлимнинг қурғоқлашиб бориши билан дарё оқими Узбой буйлаб камайиб боради. Шу вақтлари Ўрта Осиёда суғормали деҳқончилик ривожланиб, канал ва ариқлар орқали дарёдан кўплаб сувларнинг олиниши натижасида Оролга сув етиб бориши пасайади. Узбой қуриб Каспийга сув етмайди, Орол майдони қисқариб кетади.

Оролнинг кейинги тақдири иқлим ўзгариши ва Ўрта Осиёдаги тарийхий воқеалар билан боғлик бўлиб милоддан аввалги 1 минг йилликда Орол денгизи сатҳининг пасайиши давом етиб, у 23-27 метрга тушиб кетган. Бунинг сабаби минтақага кучманчи қабилаларнинг (гуннлар, эфталитлар) ҳужуми даврида дамба ва тўғонларнинг вайрон этилиши бўлди. Амударё суви яна Сариқамиш кўлига оқа бошлаган. Б.Андриановнинг фикрича: «Бўронли тарихий воқеалар нафақат Орол денгизи минтақаси тарихи картасини ўзгартириб қолмасдан балки деҳқончилик ва чорвачилик зоналарининг ҳам ўзгаришига сабаб бўлган». Антик даврда Хоразм воҳасининг қалъа ва қўрғонларининг таназзулга учирашига сабаб бўлган. Фақат VII-VIII асрлардан бошлаб Амударё дельтаси ерлари аслига кела бошлади. XI-XII асрларда жанубий Орол бўйи минтақасида катта воҳа юзага келди. Бу тарихий воқеанинг асосий сабаби Хоразмда йирик феодал давлатнинг маркази бўлиши билан боғлиқ. Ўша пайтда суғориладиган ерларнинг умумий майдони 2,4 млн.га бўлиб, Амударё сувининг асосий бўлими Орол денгизига қўйган. Денгиз садҳи 54-55 метр кўрсаткичда бўлган.

XII-XIII асрларда Орол денгизи сатҳининг пасайиши минтақадаги ижтимоий-сиёсий аҳволга ўз таъсирини ўтказади. Мўғулларнинг бостириб келиши натижасида Хоразм пойтахти Кўҳна Урганч атрофидаги дамба ва тўғонларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бу эса Амударё сувининг яна Сариқамиш чуқурлигига оқишига олиб келди. Сариқамиш кўли тўлиб-тошиб, ортиқча сувлар Узбой ўзани орқали Каспий денгизига тушади. Бу ҳол кўп вақт давом этмасада Орол денгизи садҳи 48-50 метр кўрсаткичга тушиб қолади.

Олимларнинг фикрича XIX аср бошларида Амударё суви дельтанинг ўрта ва шарқий бўлимида тўпланиб қолган. Дельтанинг ғарбий ва шарқий тарафларига сув тўлган. Бу жойларда қамишли батқоқ ва кўллар пайдо бўлган.

Орол денгизининг ўтмиш тарихига назар ташласак денгизнинг пайдо бўлиши табиий кўриниш эканлигини биламиз. Орол денгизи ўз тарихий даврида бир неча маротаба сув сатҳининг кўтарилиши ва пасайиши жараёнларини бошдан кечирди. Бунинг асосий сабабларидан бири иқлимнинг ўзгариши эди. XX асрга келиб Орол денгизи тақдирида янги давр бошланади. Денгиз садҳининг пасайишига бу даврларда асосан антропоген таъсирлар кучайади, янги сув иншоатлари қурилиши бошланади. Суғориладиган ерларнинг кўпайиши, пахта монокультурасининг ривожланиши ва бошқа бир қатор сабаблар Орол денгизи учун хавф туғдирди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат Университети

география кафедраси профессори, география фанлари номзоди, тарих фанларининг доктори Руза Баллиева