ОБИҲАЁТ МАМОТ ЁҚАСИДА

Давлат кимники?

  • Жумракни ёпиб юринглар қизлар
  • Сизга нима, халал беряптими?
  • Қаранг қанча сув увол бўлди, шундай пастга босиб қўйсангиз жумрак ёпилади, қийин эмас-ку?
  • Сув сизникими, давлатники. Сиздан кетаётгани йўқ, ишингиз бўлмасин.

Қозонга сув солаётган қиз косасини тўлдириб то олиб бориб қуйиб келгунча сув оқиб турибди. Ким билсин косалаб яна қанча қатнайди. 5–6 қадам наридаги қозонига бориб келгунча ҳам қанча сув беҳуда оқиб кетяпти. Сенга нима, давлатники бўлса бемалол ишлатавераман дея фикрлайдиганларга бас келиб бўлармиди? Гап талашишни эп билмай жумракни ёпиб қўйдим…

Ётоқхонада турадиган қизларнинг кўпчиги ўзимга ўхшаган, қишлоқдан келган. Қишлоқ деса ҳамманинг кўз олдига тандир-ўчоқ, мевали боғлар, сут-қатиқ, сув сепилган, райхон экилган ҳовлилар келади. Аммо ҳамма ҳам бир неча кўчаларни пиёда кесиб ўтиб маҳалла бошидан сув ташлашни тасаввур қилмайди. Тўғри, ҳозир қишлоқлар ҳам шаҳардан кам эмас. Аммо биз томонларда ҳанузгача сув яхши чиқмайди. Кўпчилик аҳоли қудуқ қаздирган. Унинг суви лойқа. Лойқасини тиндириб ишлатишади. Ичганингизда сувнинг ҳаддан ортиқ юмшоқлигини сезасиз ва чанқоғингиз қонмайди. Ҳовлига ўрнатилган крандан эса фақат қиш ойларида сув келади. Шунисига ҳам шукур қиламан. Чунки болаликда қўлим оғриб бир маҳалла наридан сув ташлаган кунларим ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар томчи сувнинг қадирга етардик… Ҳеч ёдимдан чиқмайди, бир кун ҳеч қаердан сув тополмадик. Ҳаммасида қуриган экан. Ёз. Иссиқ. Ёш бола эмасманми чанқоққа чидолмаяпман. Кун бўйи бир томчи сувга зор бўлгандим. У вақтда маҳалламизга ичимлик суви қувирлари ўтказилмаган эди. Кеч маҳал келинойим олиб келган сувини мойли идишга солиб кетган. Ичай десам сув ёғли бўлиб қолган, ичмай десам ташналикка чидолмайман. Шундай алам қигандики… доим ёмғир ёғганида катта ҳовузимиз бўлсада шу сувларни йиғиб олиб қўйсак, кейин ёзда узоқдан сув ташлаб келмасдик деб орзу қилардим…

Шаҳарга илк келган кунларимни яхши эслайман. Иссиқ сув, совуқ сув хонангизга келиб турса. Ювиниш учун алоҳида сув иситиб вақт сарфламасангиз. Қандай яхши-а? Ҳар сафар жумракни очганда беихтиёр

“Оқар сувлар уйингга,

Келагинга шукур қил” мисралари ёдимга тушади. Аммо шукур қилиш у ёқда турсин, бу неъматни исроф қилганларини кўрсам… Наҳотки олийгоҳ талабаси бўлатуриб ҳеч нарса ҳисобсиз эмаслигини билмасангиз, дегим келади. Сув ер юзининг 70 фоизини ташкил қилсада унинг фақат 3 фоизи ичиш учун яроқли эканлигини билмайдиган одам бўлмаса керак. Шу заҳира тугаб бораётганидан хабардормисиз? Нега унда бир стакан сув билан ювса бўладиган тишингизга жумракни очиб қўйиб литрлаб сув сарф қиласиз? Э, ҳа сув давлатникида шундайми? Ҳўп, сув давлатники дейлик, ўртоқлар давлат киммники? Сизники, меники, бизники бўлмаса кимники? Агар бизники бўлса нега ўз бойлигимизни ўзимиз исроф қиляпмиз? Беҳуда оқиб турган сувга боқиб қурғоқчиликдан нобуд бўлган экинлар, дунёда ташналикдан халок бўлаётган одамлар, гўдаклар кўз олдингизга келмайдими? Сиз бир ҳаракат билан очадиган сувнинг чиқиши учун минглаб инсонлар меҳнат қилаётганидан хабарингиз йўқми?

Шуларни ўйладиму, аммо гапиролмадим. Агар яна очиб қўйганда балки айтармидим. Ҳар қалай у қизнинг сувни очиб қўйганини бошқа кўрмадим. Ёмон гапирсада ҳар қалай айтганимни қилдику…

II

Тушларимни кимга айтаман?

Яқинда қишлоғимга бориб келдим. Кўчамизга кириб борар эканман, йўлнинг икки четидаги ариқларга қарайман. Сувдан асар ҳам кўринмайди. Келинлар уй олдини супуриб, “мусир”ини ариққа тўплайди. Болалигимни эслайман. Кўча бошидаги катта ариқдан тўлиб сув оқарди. Дадам экинларни суғориш учун қулоқ бошини очиб келарди. Ариқларга тушиб олиб сув ўйнардик. Бувим узим узиб шу сувга ювиб берарди. Оғзимизни тўлдириб ердик. Шираси оқиб юзимизни қопларди. Шу ариқдаги сувдан ювиб кетаверардикееей. Қани энди ўша сув? Болаликдек оқди кетдими? Лекин бизнинг болаларимизчи? Улар биз туйган сурурни туймай ўсадими?

Ҳозир катта ариқда ҳам сув қолмаган. У ўзидан ўзи йўқолмади. Аввалига одамлар чиқиндилар ташлашни бошлашди. Олмалар оқиб келадиган ариқларда селофан пакетлар, эскирган, ертилган оёқ кийимлар хуллас чиқиндилар оқиб келадиган бўлгандан сўнг, онам у ерда чўмилишга руҳсат бермай қўйди. Эсимизни таниганимизда ариғимиз деярли қуриб қолганди. Ҳатто томорқани суғориш учун сув йўқ. Кейин аҳоли нима қилди? Нима ҳам қиларди экинларни кранда келадиган сув билан суғоришга ўтишди. Бу сув ернинг жонини олиб тошдек қотириб ташлайди. Экин нафас ололмай бўғилади. Чопиққа эҳтиёж сезади. Аммо ҳар суғорганда чопиқ қилишнинг имкони йўқ. Томорқа экинларидан олинадиган хосилнинг баракаси кетди. Экин экиб фойда кўрмай қўйди одамлар. Маҳсулотни меҳнат, куч, вақт ва пул сарф этиб етиштиргандан сотиб олиш арзонроқ тушадиган бўлди. Ҳозир крандан ҳам сув чиқмай қўйган. Кўпчилик ер қаздириб, сувни тортиб оладиган қилиб қўйишган.

Хаёл билан уйга ҳам етганимни сезмай қолибман. Кўча-ю, ҳовлиларга сув сепилган, онам эккан райҳон иси ҳовлини тутган. Гуллар яшнаб турибди. Буларнинг қай бирига қарамай кўз олдимга сув келади… Шу кеча туш кўрибман. Оролга бориб қолган эмишман. Шундай гўзал эканки, бўйларида тўқайзорлар, турли жониворлар. Одамлар кемаларда балиқ тутиб юрибди. Шу вақт чанқоқ сезиб мавжланиб турган сувдан кафтимга олибман. Қарасам қўлимда бир ховуч туз. Ҳайрон бўлиб атрофга алангладим. Кемалар, ўсимликлар, жониворлар ҳаммаси қайгадир ғойиб бўлган. Балиқ тутиб юрганлар қоп-қоп туз олишяпти. Шу вақт шамол туриб уларнинг қопларини тузи билан қўшиб учириб кетибди. Кейин ёмғир ёға бошлади. Юзимни ёмғирга тутсам ёғаётган туз экан. Кўзларим, юзларим ачишиб кетди. Қайга паналашни билмай турганмишман… қўрқиб уйғониб кетдим. Онам пешонамни силаб, “ёмон туш кўрдингми болам, алаҳсирадинг”,- деб тепамда турган эканлар. Кичиклигимда ёмон туш кўрсам, сувга айт оқизиб кетади дердилар. Лекин энди қайси сувга айтаман? Ариқда оқмаса, крандан келмаса, қудуқ қазиб чиқарилган сувга айтайми? У қайга оқади? Ҳақиқатга айланган тушни оқизгандан фойда бормикан…

 

III

Бир сувни икки бор ишлатиш керак

Бир томондан глобаль исиш бир томондан сув танқислиги, хўш нима қилиш керак, дейсизми? Бир сувни икки бор ишлатиш керак. Қандай дейсизми? Сиз эшитганмисиз техник сув ҳақида? Балки эшитгандирсиз аммо ҳали ҳаётимизга жорий қилганимиз йўқ. Техник сув қайта ишланган сув. Бу сув канализация сувларини қайта ишлаш натижасида олинади. У бизга нима учун керак? Ичиб бўлмаса, ювиниб бўлмаса дейишга шошилманг. Юртимиз кўчаларига бир кунда қанча сув сепилишини биласизми? Агар биз ичимлик суви ўрнига техник сувдан фойдалансак, анча–мунча тонна сувни тежаб қолган бўламиз. Дунё олимларининг аниқлашича, ҳарорат ошиши шундай давом этса, узоғи билан 45 йилда дарёлар қурийди. Ҳарорат ошишинику тўхтатолмаймиз. Ҳеч бўлмаса қўлимиздаги неъматни исроф қилмай ишлатайлик.

 

Чарос ЁҚУБОВА,

ЎзДЖТУ талабаси