Сув инсоннинг яшаши учун энг зарур табиий ресурс бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, электр энергияси ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кишиларнинг маиший-гигиеник эҳтиёжларини қондиришда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Ер шаридаги барча сув захираларининг 97,2 фоизи океанларда жамланган ва ўта шўр бўлгани сабабли истеъмол қилиб бўлмайди. Сув захираларининг 2,2 фоизи музликлардан иборат бўлиб, аҳоли пунктларидан жуда узоқда жойлашган.
Дунёдаги барча дарё, кўллар ва ер ости сувларининг захираси умумий сув захирасининг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этиб, унинг ҳам бир қисмигина истеъмол учун яроқлидир. Чунки ер ости сувларининг кўп қисми ҳамда кўплаб кўлларнинг суви минераллашгани учун уларни тўғридан-тўғри истеъмол қилиб бўлмайди.
Сайёрамиздаги чучук сув захирасининг 98 фоизи ер ости сувлари ҳиссасига тўғри келади, лекин уларнинг қарийб ярми 800 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашган. Бундай чуқурликдаги сувни юқорига чиқариш кўп куч ва маблағ талаб қилади. Чучук сув захирасининг 1,47 фоизи кўлларда ва 0,1 фоизигина дарё ва сойларда жамланган бўлиб, одамзод фақат шу сувларни истеъмол қилади, холос.
Кўриниб турибдики, истеъмолга яроқли сув захираси жуда кам бўлиб, бунинг устига у инсоннинг нотўғри фойдаланиши таъсирида йил сайин камайиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра ҳозирги кунда ер шари аҳолисининг 40 фоизи жойлашган 80 та мамлакатда ичимлик сувининг танқислиги сезилмоқда.
Чучук сув танқислигининг асосий сабаби фақат қишлоқ хўжалигида, саноат ва турмушда сув сарфининг кўпаяётганида эмас, балки очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган оқава сувлар миқдорининг тобора ошиб бораётганида, яъни сувларнинг тобора кўп ифлосланаётганидадир. Германияда оқова сувларнинг ярмидан кўпи, АҚШда эса учдан бир қисми тўлиқ тозаланмай дарё ва кўлларга қуйилмоқда. Япония, Англия, Голландия, Бельгия, Францияда ҳам дарё ва кўллар юқори даражада ифлосланган. Энг ифлос дарёлардан бири Европанинг йирик сув артерияси ҳисобланган Рейн дарёсидир. Қирғоқда жойлашган саноат корхоналарининг оқова сувлари тўғридан-тўғри дарёга оқиб тушмоқда. Шунинг учун бу дарёда балиқлар яшай олмаяпти, одамларнинг чўмилиши эса қатъиян тақиқлаб қўйилган.
Кейинги 30 йил мобайнида кишилар табиатдан инсоният тарихи давомида олганидан кўра уч баравар кўп бойликларни ўзлаштирди, натижада чиқиндилар миқдори кескин кўпайиб кетди.
Қурғоқчил минтақада жойлашган мамлакатимизда сув ресурслари ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва экологик барқарорликни таъминловчи асосий омил саналади. БМТ томонидан сув муаммосига бағишлаб ўтказилган саммитларда барқарор ривожланишнинг асоси сифатида бешта масала – сув ва канализация, энергия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва биохилмахиллик алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Бунда сув муаммоси бошқа муаммоларни ҳал қилишнинг асоси экани туфайли ҳам биринчи ўринда турибди.
Инсоннинг етарли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлангани унинг барча ҳуқуқларини амалга оширишнинг зарур шарти ҳисобланади. Сувга бўлган ҳуқуқлар доирасида унга нисбатан қўлланадиган етарлилик, хавфсизлик ва очиқлик каби талаблар муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир инсон ичимлик суви билан таъминланган бўлиши шарт, одамларни тоза сув билан таъминламаётган давлат органлари ва мансабдор шахслар инсон ҳуқуқларини бузган ҳисобланадилар. Шу боис, ичимлик сувига фақатгина иқтисодий товар эмас, балки ижтимоий ва маданий неъмат сифатида қараш лозим.
Инсоннинг ичимлик сувига бўлган ҳуқуқини таъминлашда қуйидаги омиллар қонуний асосда белгиланган бўлиши керак: 1) сувнинг етарлилик даражаси. Ҳар бир инсон эҳтиёжларини қондириш учун етарли сув билан узлуксиз таъминланган бўлиши лозим. Ҳар бир инсон фойдаланадиган сув миқдори кунига 50 литрни ташкил қилиши ёки у фойдаланиши мумкин бўлган энг минимал миқдорда (20 литр) бўлиши зарур, бунда фақатгина ичимлик сувини истеъмол қилиш эмас, балки бошқа барча эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилиши керак; 2) сув ресурсларининг хавфсизлик даражаси. Инсоннинг кундалик эҳтиёжларини қаноатлантиришга мўлжалланган сув саломатлиги учун хавф туғдирадиган микроблардан тозаланган бўлиши, шунингдек, мақбул кўриниш, ҳид ва таъмга эга бўлиши лозим. Бу қоида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1993 йилда қабул қилинган ичимлик сувининг сифати тўғрисидаги тавсияларда ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ва ўтган йили қабул қилинган «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунда табиий русурслардан фойдаланиш устидан жамоат назоратини амалга ошириш тартиби белгилаб берилди. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда фуқаролар сув муаммоларини ҳал қилиш учун қатьий чоралар кўриш зарурлигини англаб етмоқдалар. Сувдан фойдаланиш бўйича эскича қарашлар ўзгармоқда, табиий ресурслардан фойдаланишнинг қулай ва самарали йўллари изланмоқда.
Аҳолининг тоза сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида: биринчидан, ичимлик суви сифатини оширишга хизмат қилувчи кам харажатли технологиялардан кенгроқ фойдаланишни йўлга қўйиш; иккинчидан, барча соҳаларда сувни тежаш ва сув ресурслари сифатини яхшилаш; учинчидан, сувнинг сифатини назорат қилиб туриш, оқова сувларни тозалаш устидан назорат ўрнатиш; тўртинчидан, сув ҳавзаларига нефть ва бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг оқизилишига йўл қўймаслик; бешинчидан, корхоналарнинг сувдан фойдаланиши устидан назорат ўрнатиш; олтинчидан, янги қуриладиган корхоналарнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, уларнинг тозалагич иншоотларсиз ишга туширилишига йўл қўймаслик керак.
Айтилганлардан шундай хулосага келиш мумкинки, бугунги кунда сув ресурсларидан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солишдан аввал, биринчи навбатда, сув ресурсларини муҳофаза этиш муаммосини ҳал қилишга қаратилган ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилиши зарур. Маълумки, табиат объектлари (ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмон, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва ҳоказо) бир-бири билан ўзаро боғлиқдир, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, экологик тизимда битта объектнинг муҳофазасини бузиш бошқасига салбий таъсир этади. Шу сабабли, табиат объектларини муҳофаза қиладиган қонун ҳужжатларини бирлаштириш, ягона меъёрий ҳужжатда умумлаштириш мақсадга мувофиқдир. Бу биз учун ҳаётий аҳамият касб этадиган сувни муҳофаза қилишга, унинг тозалигини сақлашга, барқарор ривожланишга, умуман олганда, ҳозирги ва келажак авлод учун сувни асрашга хизмат қилади.
Ҳасан ҲАЙИТОВ,
юридик фанлар номзоди