Избоскан туманидаги “Гулчинор” кўчасида яшовчи аҳоли кўп йиллардан бери сув муаммоси билан курашиб келади. Ҳудудда сув танқислиги боис одамлар сувни олис масофадан ташиб келишга мажбур. Тўғри, аҳолининг бу масалада тегишли ташкилотга мурожаатидан сўнг амалий ҳаракат бошланди. Бироқ бошландию… иш ярмига ҳам етмай тўхтаб қолди.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, 2018 йилнинг август ойида ичимлик суви қувури ётқизиш учун кўчада олиб борилган қазув ишлари, мана, етти ой ўтса-да ҳамон шу ҳолатда ётибди, трубадан дарак йўқ. Ичимлик суви трубаларининг келиши эса “ана келади, мана келади”дан нарига ўтмади.
O’zLiDeP Избоскан туман Кенгаши тумандаги “Бўстон” МФЙда ўтказган сайёр қабулдан сўнг муаммо ҳал бўлди. Масъул идора ва ташкилот раҳбарлари, туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида ўтказилган мулоқот ўз самарасини берди.
“Сувоқава” туман бўлимининг ваъдаси билан ичимлик суви қишгача келиши керак эди, бироқ мана баҳор келди ҳамки, ҳеч ким бошланган ишнинг охири билан қизиқмади. Яхшиям, бугунги сайёр қабулда иштирок этдик. Билмадик, бўлмаса яна қанча овора бўлиб юрар эдик”, – дейди Гулчинор кўчасида яшовчи Бахтигул Эрматова.
Фуқаронинг қувонганича бор: айни кунда чуқурларга сув трубалари ётқизиш ишлари якунланмоқда.
Маҳалланинг “Юлдузлар” кўчасида яшовчи фуқароларнинг ҳам мутасаддиларга айтар иддаолари бор экан. Ҳудуднинг ички йўллари таъмирталаб, ёғингарчиликда кўчада юриб бўлмайди. Қор, ёмғир ёққан кунлари болалар мактабга тиззасига қадар лой сачратиб боришса, шамолли кунларда чанг-тўзоннинг ичида қолишлари аниқ. Кўча шағаллаштиришга муҳтож.
Избоскан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул ходимлари иштирокида сайёр қабулдан сўнг мурожаат жойига бориб ўрганилди ва ижроси учун чора-тадбир белгиланди.
“Қум босди” кўчасида яшовчи Холдарбой Дўсматов хонадони маҳалладаги кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Бироқ ҳозирга қадар фуқаро суюлтирилган газ баллони билан таъминланмаган. Сайёр қабулда сўз олган фуқаро бизни муаммомизни эшитадиган, чора кўрадиган одам борми?” дея мурожаат қилди. Партия фаоллари, депутатлар кўмагида муаммо шу ернинг ўзида бартараф этилди.
Муаммонинг катта кичиги бўлмайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди. Шундай экан, муаммоларга имкон қадар ўз вақтида ечим топишга ҳаракат қилайлик, азизлар!
Зуҳра ҲАЙДАРОВА