Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръати таъминланаётгани дунё ҳамжамиятида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг «ўзбек модели» сифатида тан олинган йўл тўғри эканининг исботидир.
Ўтган давр натижаларига кўра, мамлакатимиз нафақат глобал инқироз таҳдидларига қарши тура олди, балки иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор суръати ва халқ фаровонлигини таъминлади. Ўзбекистон бозор иқтисодиёти асосида ҳуқуқий демократик давлатни шакллантириш жараёнида табиатга маданиятли муносабатда бўлишга оид норматив ҳужжатларни ҳам қабул қилди.
Бу кўпгина экологик муаммоларни бартараф этиш ёки таъсирини юмшатиш имконини берди.
Марказий Осиёдаги сув муаммолари ҳақида гапирадиган бўлсак, Орол денгизининг қуриши туфайли юзага келган экологик фожиа Орол ҳавзасидаги барқарор ҳаётни қарийб издан чиқарди. Нафақат ичимлик суви, балки ижтимоий ҳаётнинг деярли барча жабҳалари учун ҳам оби ҳаёт тақчиллиги юзага келди.
Ушбу экологик фожиа Оролбўйи ҳавзасида яшовчи кўп миллионли аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу экологик таназзул бир-бирига узвий боғлиқ бўлган ва халқаро аҳамият касб этувчи ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг яхлит ва мураккаб мажмуини вужудга келтирди.
Тобора оқими камайиб бораётган дарёлар сувидан борган сари кўпроқ фойдаланилаётгани ва дарёлар имкониятлари тугаб бораётгани ҳамда ўтган асрнинг сўнгги ўн йилликларида ёғингарчиликнинг кам бўлиши минтақада туз ва сув мутаносиблиги бузилишига олиб келди.
Натижада бир авлод кўз ўнгида бир пайтлар ёпиқ сув ҳавзалари ичида катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган Орол денгизи қарийб ўлик денгизга айланиб қолди. Унинг қуриб қолган тубида 5 миллион гектардан зиёд экологик фожиа ўчоғидан иборат янги Оролқум чўли пайдо бўлди ва у ўзига туташ ҳудудларга туз-қумли бўронлар тарқатувчи хавфли маконга айланди. Бу ердан ҳавога кўтарилаётган чангли бўронларнинг таъсир доираси 500 километрдан ҳам олисга етиб бораётгани Орол фожиасининг нақадар кенг қамровли эканидан далолат беради. Ҳар йили Оролқумдан атмосферага 100 миллион тоннагача чанг кўтарилаётир. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб бу ердаги чанг бўронлари давомийлиги 90 кундан ҳам кўпроқ бўлаётгани мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.
Энг асосийси, Оролга сув қуйилишининг камайиши денгиз ва унинг экотизимидаги гидрологик ва гидрокимёвий меъёрларнинг тиклаб бўлмас даражадаги ўзгаришига олиб келди. Денгизнинг балиқчилик соҳасидаги аҳамияти умуман йўқолди. Жумладан, ўтган йили Қорақалпоғистон ҳудудидаги сув ҳавзаларида балиқ овлаш 1991 йилдаги кўрсаткичнинг бор-йўғи 23 фоизини ташкил этди. Бунинг оқибатида балиқни қайта ишлаш, кемачилик, кемаларни таъмирлаш каби минтақа учун бир пайтлар жуда катта фойда келтирган саноат турлари йўқ бўлиб кетди. Вақтида порт ва балиқчилик саноатининг йирик марказлари ҳисобланган Мўйноқ ва Қозоқдарё аҳоли пунктлари эндиликда денгиз қирғоқларидан юзлаб километр узоқлашди.
Бунинг оқибатида ўн минглаб кишилар анъанавий касбларидан маҳрум бўлдилар. Жанубий Оролбўйидаги кўплаб кичик кўллар қуриб қолди ёки саёзликка айланди. Бу эса, ўз навбатида, қарийб 90 фоиз тўқайзорларнинг йўқ бўлиб кетишига, 800 минг гектардаги қамишзорларнинг қуришига ва бу ерлардан қўним топган парранда-ю даррандаларнинг қирилиб кетишига олиб келди. Айни пайтда, трансчегаравий дарёларнинг ўрта ва юқори оқимларида юзлаб сунъий сув ҳавзалари пайдо бўлди. Натижада Орол фожиасининг оқибатлари ҳатто Помир ва Тянь-Шаннинг энг баланд чўққиларида ҳам кузатилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Оролнинг қуриши ер ресурсларининг камайиши ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши билан бир пайтда кузатилмоқда. Яйловлар ва пичанзорларнинг табиий ҳолати тобора ёмонлашиб, шўр босган янги-янги майдонлар пайдо бўлаётир. Умуман олганда, Оролбўйидаги чўлланиш даражасининг кескин ошиши натижасида ҳудуднинг биологик маҳсулдорлиги 10 баробар камайди. Баъзи жойларда яйловлар ва пичанзорлар ўз аҳамиятини бутунлай йўқотди.
Минтақада чўлланиш жараёнининг тезлашиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оролбўйидаги санитар ва экологик вазият тобора мураккаблашиб бораётир. Юқумли ва бошқа касалликларга чалиниш кўпаймоқда.
Ана шундай шароитда сувдан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё давлатлари учун, айниқса, трансчегаравий дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатлар учун энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида таъкидлаганидек «… дарёлар оқими асосан Қирғизистон ва Тожикистон тоғларидан бошланади. Сув захираларининг кўпчилик қисмидан Марказий Осиёдаги барча республикаларнинг ерларини суғориш учун фойдаланилади. Шу муносабат билан минтақадаги барча давлатларнинг манфаатлари йўлида ҳамда экология талабларини, дарёлар дельталарида ва Орол денгизида мақбул ҳаётий шарт-шароитларни яратиш мақсадида бу ерларга сувнинг ўтишини таъминлаш зарур. Шу билан бирга Орол денгизи ҳавзасининг чекланган сув захираларини биргалашиб, келишган ҳолда бошқариш муаммосини амалий ҳал қилиш талаб этилади».
Шу ўринда асрлар оша ушбу дарёлар ҳавзасида жойлашган давлатлар ва улар аҳолисининг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга доимий равишда хизмат қилиб келган трансчегаравий дарёлар ресурсларидан фойдаланишга асосий эътиборни қаратиш зарур. Бу минтақадаги 55 миллиондан ортиқ аҳолининг манфаатлари деганидир.
Шунинг учун ҳам трансчегаравий дарёлар оқимидан фойдаланиш, жумладан, ҳар қандай гидроэнергетик иншоотлар қурилишида ушбу дарёлар воҳасидаги барча давлатлар манфаати ҳисобга олиниши зарур. Акс ҳолда, гидроэнергетик иншоотлар бунёд этиш бўйича ҳар қандай фаолият Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудларни сув билан таъминлашни янада мураккаблаштиради, Оролнинг бутунлай қуриб қолишидек экологик фожиани тезлаштиради. Орол ҳавзасидаги муаммоларни фақат экологик нуқтаи назардан баҳолаш нотўғри бўлур эди. У бундан ҳам мураккаб ва қамрови жуда кенг бўлиб, уни ижобий ҳал этиш учун кескин ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, катта ҳажмдаги капитал маблағлар талаб этилади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги атроф-муҳит муҳофазаси бўйича минтақавий ҳамкорлик жараёнларида фаол қатнашмоқда. Мамлакатимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ташкил этиш (Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 1993 йил Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиши қарори) ҳамда табиий ресурсларни бошқариш, атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш бўйича муаммоларни ҳал этишга, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштиришга йўналтирилган Барқарор ривожланиш ва сув хўжалигини бошқариш давлатлараро комиссиясини ташкил этиш ташаббускорларидан бири ҳисобланади.
Марказий Осиё давлатлари томонидан экологик масалалар йўналишида «Орол денгизи ҳавзасини барқарор ривожлантириш муаммолари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг Нукус декларацияси», «Олмаота декларацияси», «Ашхобод декларацияси» каби ўта муҳим ҳужжатлар имзоланган. Уларда минтақадаги давлатларнинг экологик сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларида ўзаро бир хил ёндашувга эришиш назарда тутилган.
Айни пайтда икки томонлама ва кўп томонлама иқтисодий ҳамда табиатни муҳофаза қилиш бўйича турли келишувларнинг мавжудлиги туфайли минтақадаги ўзаро муносабатлар ривожланмоқда. 1993 йилда қабул қилинган «Орол денгизи ва Оролбўйидаги муаммоларни ҳал этиш, Орол минтақасидаги экологик вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича келишув» ва «Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича аниқ ҳаракатлар дастури» Марказий Осиёдаги бешта давлат президентлари томонидан илк бор имзоланган муҳим ҳужжатлар сирасига киради.
Ўзбекистон 12 та халқаро шартномага, жумладан, «Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўллардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича» (1992 йил, Хельсинки) ва «Халқаро сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган ҳолатларда фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги (1997 йил, Нью-Йорк) БМТ конвенцияларига қўшилган.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан 2008 йилнинг март ойида Тошкентда «Орол муаммоси: унинг аҳоли, ўсимлик ва ҳайвонот олами генофондига таъсири, унинг оқибатларини юмшатиш бўйича халқаро ҳамкорликдаги чоралар» мавзусида Халқаро конференция ўтказилди. Анжуман доирасида декларация қабул қилиниб, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларга Оролбўйидаги иқлим ўзгариши бўйича юзага келган ҳолатни яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар тақдим этилди.
Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича аниқ ҳаракатлар дастури доирасида диққатга сазовор ишлар олиб борилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қабул қилган қарор ижросини таъминлаш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Нукус филиали томонидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Жумладан, 1997-2006 йиллар давомида деярли 13 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа тайёрланди. Шу пайтга қадар уларнинг 14 таси тўлиқ амалга оширилди. 6 та лойиҳа асосидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Тўқайзорларнинг бундан кейин камайиб кетмаслигини, биохилма-хилликни сақлаб қолишни таъминлаш мақсадида 2006 йилдан бошлаб Қорақалпоғистонда Амударё дельтасидаги тўқайзорларни сақлаб қолиш ва муҳофаза этиладиган ҳудудлар тизимини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. У БМТнинг Тараққиёт дастури ва Глобал Экологик Фонд томонидан молиялаштирилаётир.
БМТнинг Тараққиёт дастури жамғармаси томонидан молиялаштирилган «Қорақалпоғистоннинг қишлоқ жойлари учун тоза энергия» лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди. Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг экологик вазият оғир бўлган ҳудудларида маиший эҳтиёжлар учун 36 та, олис овулларда ер ости сувларини тортиб олиш учун 10 та қуёш электр станцияси ўрнатилди.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистонни 2020 йилгача сув билан таъминлашни ривожлантириш бўйича аниқ тизим ишлаб чиқилган бўлиб, натижада шаҳарларни 100 фоизгача, қишлоқларни 80 фоизгача тоза сув билан таъминлаш имконияти яратилади.
Мамлакатимиз Орол муаммоларини ҳал этиш борасида Германия, Франция ва бошқа давлатлар, шунингдек, Глобал Экологик Фонд, БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида сўнгги 12 йил давомида Орол денгизининг қуриб қолган қисмида саксовул ва бошқа маҳаллий шароитга мос буталардан 200 минг гектардан зиёд ўрмонлар вужудга келди. Ушбу ҳудудда ҳар йили 20 минг гектар яшил ҳимоя майдонлари ташкил этилаётганини алоҳида эътироф этмоқ лозим.
Қорақалпоғистоннинг сув таъминоти тизимини ривожлантириш мақсадида ҳар бирининг суткалик қуввати 15 куб метр бўлган 5 та пуркагич мосламалари ўрнатилди. 10 та сув чиқаргич иншоотида жами қиймати 42,4 миллион АҚШ долларига тенг хлорлаш ускуналари фойдаланишга топширилди.
Осиётараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банкининг кўмаги билан Нукус ва Тахиатошдаги 14 та туғуруқ мажмуи ҳамда бошқа шифохоналар 2,8 млрд. сўмликдан ортиқ замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. «Саломатлик-1» ва «Саломатлик-2» Давлат дастури доирасида 162 та қишлоқ врачлик пунктига 2 млрд. сўмликка яқин шундай ускуналар етказиб берилди.
Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурслари ва атроф муҳитни бошқариш халқаро лойиҳаси бўйичаСирдарё ва Амударёнинг трансчегаравий оқимларидаги 25 та станция, республикалараро коллекторлар сув сарфи ва сифатини аниқловчи замонавий ускуналар, алоқа воситалари, компьютерлар билан таъминланди.
Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси қошида Минтақавий гидрология маркази ташкил этилишида фаол қатнашди.
Ушбу жамғарма иштирокчилари бўлган давлат раҳбарларининг 2009 йилнинг апрелида бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирокчи давлатларнинг 2001-2015 йиллар учун фаолият дастурини ва Орол ҳавзаси муаммоларини ҳал этишга жаҳон ҳамжамиятини янада кенгроқ жалб этиш концепциясини илгари сурди.
Дарҳақиқат, Орол фожиасининг кўлами шунчалик кенгки, уни жаҳон ҳамжамиятининг кўмагисиз бартараф этиш ниҳоятда мушкул. Шунинг учун Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ халқаро экологик фаолиятни интеграциялаш жараёнини бевосита ва билвосита халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик негизида ташкил этди.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлига қадам ташлаши қуйидаги энг муҳим тамойилларга асосланган. Биринчидан, экологик хавфсизлик иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлик билан бир қаторда мамлакат миллий хавфсизлигининг ажралмас бир қисми бўлиши лозим. Иккинчидан, барқарор ривожланишни таъминлаш учун ҳамма субъектларни қамраб олган ҳолда экологик, иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлик нуқтаи назаридан атроф-муҳитга таъсири бўлган барча турдаги табиий ресурслар ва манбаларнинг яхлит тизимини шакллантириш зарур. Учинчидан, барқарор ривожланишни бошқариш тизимининг доимийлигини ва унинг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш билан мутаносиблигини таъминлаш даркор. Тўртинчидан, ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазият ҳисобга олинган ҳолда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган тадбирларнинг устуворлигига эришиш керак.
Албатта, бу ўринда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг атроф-муҳитга таъсирининг узоқ муддатга мўлжалланган башоратлари асосидаги яхлит ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсат юритилиши талаб этилади.
Бу жараёнда экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни халқаро ва минтақалараро даражада ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Барқарор ривожланишнинг умуммиллий стратегиясида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича миллий дастур асосида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бу борадаги ишларни тўхтовсиз кучайтириб бориш орқали аҳоли учун яхши турмуш шароитини яратишга интилишнинг устуворлиги аниқ белгилаб қўйилган. Айни пайтда ушбу ҳаракатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 19 сентябрдаги 212-қарори асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2008-2012 йилларга мўлжалланган атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракат дастури тадбирлари билан бирга амалга оширилаётир.
Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича миллий ҳаракат дастури: атроф-муҳит муҳофазасини ва табиатдан фойдаланишни мувофиқлаштирувчи қонунчилик тизимини яратиш ва уни янада ривожлантириш; ресурс тежовчи, экологик жиҳатдан тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, амалдаги ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш; атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий муҳит сифатини баҳолашни, экологик районлаштиришни мониторинг қилишнинг ягона тизимини жорий этиш; экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш; атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланишда илмий асосланган иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларни яратиш ва жорий этиш; атроф муҳит муҳофазаси, табиатдан фойдаланиш ва табиий офатлардан ҳимояланиш муаммолари бўйича халқаро ҳамкорлик дастурини яратиш, шунингдек, атроф-муҳитга трансчегаравий таъсир бўйича давлатлараро муносабатлар механизмини ишлаб чиқиш ва бу борада ўзаро келишувга эришиш; хўжалик фаолиятини амалга оширишда мақбул экологик таваккалчилик омилларини ҳисобга олиш; инновацион фаолиятнинг экологик-иқтисодий механизмини яратиш сингари стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган.
Бу ўринда яна шуни таъкидлаш лозимки, ҳали ишлаб чиқариш чиқиндилари билан атроф-муҳитни ифлослантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда янада тоза технологияларни қўллаш муаммолари билан боғлиқ масалаларга етарли даражада эътибор қаратилмаётир.
Бу борада чиқиндилар таркибида қайта ишлашга яроқли иккиламчи манбалар жуда кўплигини таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Биргина мисол. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳар йили пайдо бўлаётган саноат чиқиндиларининг бор-йўғи 1,2 фоизидан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланилаётир. Қолганлари эса турли жойларда тўпланиб қолмоқда. Шуниси ачинарлики, иккиламчи хомашё сифатида ишлатилиши мумкин бўлган бундай манбалар билан мамлакатимизнинг 10 минг гектар ҳосилдор ери банд қилиб қўйилган. Жумладан, «Аммофос-Максам» очиқ акционерлик жамиятида 64 миллион тонна фосфогипс, Ангрен ва Янги Ангрен ГЭСлари ҳудудида эса 12 миллион тоннага яқин қайта ишланиши мумкин бўлган чиқиндилар юзлаб гектар майдонни эгаллаб ётибди. Худди шундай фикрни Олмалиқ кон-металлургия комбинати мисолида ҳам айтиш мумкин.
Бизнингча, бундай вазият табиатдан фойдаланиш борасида иқтисодий механизм тўлақонли ишлатилмаётгани натижасида вужудга келди. Чунки табиатдан махсус фойдаланиш, жумладан, чиқиндиларни жойлаштирганлик учун товон тўлаш миқдори етарли эмас, корхоналарга ресурс тежовчи, чиқиндисиз технологияларни, айниқса, ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини яратиш ва жорий этишга маблағ сарфлагандан кўра бу жуда арзонга тушади. Шу боис юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун чиқиндиларни жойлаштириш бўйича товон пулини индексация қилиш ва чиқинди ҳосил қилганлик учун тўлов жорий этиш лозим. Бу ўринда ушбу йўналишда тушган маблағларни чиқиндиларни қайта ишлашга йўналтириш назарда тутилмоғи керак. Ресурс тежовчи, чиқиндисиз технологияларни жорий қилган, ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаётган корхоналарга эса имтиёз белгиланиши зарур.
Табиатни муҳофаза қилиш тармоғини ривожлантиришни инвестициялашга қуйидаги имкониятларни сафарбар этиш мумкин: табиатдан тежамли фойдаланганлик учун тўловлардан ҳосил бўлган пул маблағлари, маҳаллий имтиёзли солиқларни жорий этиш; донорлар грантлари; тижорат банклари ва халқаро лойиҳа муассасаларидан олинадиган узоқ муддатли кредитлар; шахсий акцияли капитал; молиялаштиришнинг махсус механизмлари ёрдамида имтиёзли молиялаштириш.
Умуман олганда, мамлакатимизда иқтисодиётни тизимли қайта шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник жиҳатдан янгилаш, экологик вазиятни соғломлаштириш учун ҳам ички, ҳам ташқи инвестицияларни жалб этиш, барқарор атроф-муҳитни сақлаб қолиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадларига эришиш устувор аҳамиятга эга.