Ҳаёт-мамот масаласи

Дунё олимлари йигирма биринчи асрда инсоният ўнлаб масалалар қатори ичимлик суви муаммоси билан ҳам юзма-юз бўлишини кўп бора таъкидлашлари бежиз эмас.

Боиси ичимлик суви таъминоти масаласи ер юзида тобора глобал аҳамиятга эга бўлиб, жаҳоннинг миллиардлаб аҳолиси бевосита оби-ҳаёт етишмаслигидан жиддий азият чекаётгани айни ҳақиқатдир.

Интернет тармоғи маълумотларига қараганда, она сайёрамизнинг 71 фоизи сувлар билан қопланган. Аммо мазкур сувнинг бор-йўғи 2,8 фоизи истеъмолга яроқли, холос. Мамлакатимизда истеъмол қилинадиган сувнинг 20 фоизи ўзимизда шаклланади. Зарурий эҳтиёжнинг 80 фоизи трансчегаравий дарёлар сувларидан олинади. 2017 йили юртимизда 56 миллиард м3 сув истеъмол қилинганининг ўзи ҳам бу масала ҳаётимизда нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Юртимизда кейинги йилларда экологик маданиятни ошириш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, табиат неъматларидан самарали фойдаланиш борасида қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, илғор хориж тажрибасини ўрганиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги Экология маркази Ўзбекистон филиали билан ҳамкорликда ишлаётган Сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш республика “Сувчи” бирлашмаси фаолияти мазкур йўналишдаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Ҳозирги кунда бирлашма томонидан “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси амалга ошириляпти. Яқинда лойиҳа бўйича иш олиб бораётган бир гуруҳ мутахассислар иштирокида Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мажлислар залида ўтказилган анжуманда лойиҳа кординатори, республика “Сувчи” жамоат бирлашмаси мутахассиси Алимардон Хўжақуловнинг слайдлар ва суратли кўргазмалар воситасида тайёрланган “Сув –ҳаёт шарбати”, “Сув ер юзида энг азиз неъмат”, “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш” мавзусидаги маърузаси тингланди. Лойиҳанинг оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадиев “Глобал исишнинг бутун дунёга ва инсон ҳаётига кўрсатадиган таъсири” борасидаги маълумотларни слайдлар ва ҳужжатлар фильмлар орқали кўрсатиб, ўз тақдимотини ўтказди.

Бу каби юзма-юз мулоқотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад оммавий ахборот воситалари – журналистлар кўмагида жамоатчилик эътиборини ушбу муҳим мавзуга қаратишдан иборатдир, – дейди лойиҳанинг Фарғона вилояти бўйича консультанти, “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Эркин Пармонов. – Бугунги учрашувимиз ҳам самимий руҳда ўтиб, журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан журналистларга ўз фаолиятларида фойдаланишлари учун илмий китоблар, экология ва атроф-муҳит масалалари акс этган электрон қўлланмалар, тарқатма материаллар тақдим этилди.

Ботир Мадиёров