Таки лақабли чўл бургути ва тасқара энди табиат бағрига қайтди

Икки бош улуғвор қушлар, яъни, Таки лақабли чўл бургути ва тасқара энди табиат бағрига қайтди. Улар «Омонқўтон» миллий табиат боғи ҳудудидаги Пардасой тепаликларида эркинликка қўйиб юборилди.

Ҳар иккала йиртқич қуш қиш фаслида жароҳатланган ҳолда «Зарафшон» миллий табиат боғидаги ҳайвонларни реабилитация қилиш марказига жойлаштирилган эди. Такининг қоқув патлари қайта ўсиб чиқди ва бемалол парвоз қилиш қобилиятини тиклаб олди. Тасқара эса реабилитация марказига олиб келинган пайтда ўзи мустақил овқатлана олмас даражада кучсиз эди. Аммо, марказда қушга нисбатан бўлган изчил меҳр ва қаров, малакали тиббий ёрдам натижасида тасқаранинг соғлиги тикланди.

Умид қиламизки, ушбу қушлар ёввойи табиат бағрида ҳали узоқ йиллар умргузаронлик қилади. Шу билан бирга, уларнинг табиат бағрига қайтарилишига ҳисса қўшган барча меҳрибон одамларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.