Энергетика вазирлигининг хабар беришича Ўзбекистонда илк йирик қувватли шамол турбинаси ўрнатилибди.
БААнинг “Масдар” компанияси томонидан Навоий вилоятининг Томди туманида 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида “Goldwind” компаниясининг (ХХР) биринчи 4,7МВтли турбинаси ўрнатилди. Унинг баландлиги 97 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 77 метрни ташкил қилади.
Маълумот учун, ушбу йирик лойиҳа доирасида жами 111 та шамол турбинаси ўрнатилади.
Мазкур электр станциянинг илк қувватлари жорий йил якунида ишга туширилади ва у Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлиб ҳисобланади.
Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 1 млрд 800 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 540 млн кубометр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.