Навбатдаги пресс-тур Паркент туманида ўтказилди

Сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида Паркент туманида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан пресс-тур ташкил этилди. Тадбирга оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлар вакиллари, блогерлар таклиф этилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган “AgroStar Expo” МЧЖга қарашли боғларни бориб кўрди.

– Тасарруфимизда 110 гектар экин майдони бўлиб, тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган, – дейди “AgroStarExpo” МЧЖ бош аграноми Жўрабек Пўлатов. – Боғларимизни Исроилнинг “NaanDanJain” компаниясининг технологияси ёрдамида суғорамиз. Барча суғориш ишлари тўлиқ автоматлаштирилган. Далага махсус датчиклар ўрнатилган бўлиб, суғориш муддати ва миқдорини белгилаб беради. Шу кеча-кундузда гилос дарахтларимизни кунига гектарига 20 тонна миқдоридаги сув билан суғоряпмиз.

Испаниянинг “Skina” навли гилос дарахтлари экилган ҳар гектар майдондан 5 тоннагача ҳосил олинмоқда. Ҳосилнинг асосий қисми Россия, Хитой, Жанубий Корея, Индонезия каби давлатларга экспорт қилиняпти.

Шунингдек, узумнинг “Сўғдиёна” нави экилган 40 гектар майдондаги токнинг ҳам ривожи авжида. Гектаридан 20 тоннадан ортиқ ҳосил олиш кутилмоқда.

Пресс-турнинг кейинги манзили туманнинг “Санганак” ҳудудидаги “Agro elit” МЧЖга қарашли, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган боғлар бўлди.

– Денгиз сатҳидан 1100-1200 метр баландликда жойлашган, авваллари асосан лалми ғалла экилган бу майдонларга 2016 йилда 6 турдаги мевали дарахт экиб фаолиятимизни бошлаганмиз, – дейди “Agro elit” МЧЖ бош агрономи Ориф Маҳмудов. – Бугунги кунда тасарруфимиздаги 70 гектар майдонга артезиан қудуқлар ёрдамида сув чиқариб, тўлиқ томчилатиб суғориш усулида деҳқончилик қилаяпмиз. Маҳсулотларимизнинг асосий қисмини экспортга жўнатаяпмиз.

Сув хўжалиги вазирлиги

ахборот хизмати