Масалан, бир килограмм буғдой етиштириш учун минг литр сув кетади. Биз ейдиган бир килограмм гўштнинг нархи 1,5 миллион литр виртуал сувнинг нархига тенг. Чунки бир килограмм гўшт учун шунча сув сарфланади. Мутахассиларга кўра, бир одамнинг кунлик виртуал сув истеъмол ҳажми бир кунда 1 кубни, яшаб қолиши учун 2,6 кубни ташкил этади. Гўшт истеъмол қиладиганларда эса бундан ҳам кўпроқ виртуал сув истеъмоли кузатилади. Бу рўйхатга гўштни кўп истеъмол қилувчи ўзбекистонликларни ҳам бемалол киритиш мумкин.
Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси директор ўринбосари Фирдавс Маҳмадиёровнинг маълум қилишича, вилоят ҳудудидан ўтувчи сувдан 6 миллион аҳоли истеъмол қилади. Бу истеъмолчиларга Самарқанд вилояти билан бирга Навоий ва Бухоро вилоятининг айрим ҳудудларидаги аҳоли ҳам киради. Айни пайтда аҳолининг 64 фоизи марказлашган сувдан истеъмол қилади. Мазкур тоза ичимлик сувидан аҳоли фақат ичиш учун фойдаланаяптими?
Фирдавс Маҳмадиёровнинг билдиришича, тоза ичимлик сувидан бошқа мақсадларда, айтайлик, машина ва гилам ювиш учун фойдаланилганда, унинг нархи деярли икки баробар ошади. Масалан, ҳисоблагичли хонадонларда бир куб сув учун 800 сўм нарх белгиланган бўлса, бу мақсадларда фойдаланганлик учун фуқаролар 1500 сўм пул тўлайди.
– Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш масаласи юртдошларимизни камроқ ташвишга солаяпти, – дейди ЎзЖТДУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Јосимова – Буни асосан, у ҳақда етарлича маълумот ва билим йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш учун оммавий ахборот воситаларида бу мавзудаги материаллар миқдорини ошириш зарур. Шу мақсадда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Марказий Осиё ҳудудий экологик маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Ўзбекистоннинг 8 та вилоятида семинар-тренинг ўтказиш кўзда тутилган.
Самарқандда мазкур лойиҳа бўйича ташкил этилган семинар-тренингда иштирокчилар республикадаги барқарор тараққиёт йўлидаги сув сиёсати устуворликлари, Ўзбекистонда сувдан оқилона фойдаланиш ва сув истеъмоли маданияти тамойиллари: муаммо ва ечимлар, сув масалалари бўйича жамоатчиликнинг экологик хабардорлигини оширишда ОАВ роли ва аҳамияти, виртуал сув сингари мавзуларда мутахассисларнинг тақдимотларига гувоҳ бўлишди.
Шунингдек, бу мавзуда одатий журналистик ёндашувлар ва хатолар, ахборот манбалари билан ишлаш, экожурналистикадаги стереотиплардан қандай қутулиш мумкинлиги тўғрисидаги маърузаларни тинглаш баробарида иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда иш олиб боришди.
«Anhor.uz» интернет-сайти шеф-муҳаррири Саида Сулаймонованинг айтишича, лойиҳада журналистларни нафақат назарий, балки амалий билимга эга бўлиши, яъни кичик гуруҳларда ишлаши уларда экология ва сув муаммоларига янгича ёндашувни шакллантиради ва журналистик маҳоратини янада оширади.
– Ўз фаолиятим давомида сув, экология мавзуларида кўплаб журналистик суриштирувлар олиб борганман, – дейди «Зарафшон» газетаси мухбири Анвар Мустафоқулов. – Бугунги семинар-тренингда мазкур мавзуни ёритишнинг янгича хусусиятлари, материални оммага тақдим этишнинг инновацион усулларини ўргандик. Бу албатта, келгуси фаолиятимизда асқотади ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини оширишга ҳамда маданиятини юксалтиришга хизмат қилади деб ўйлаймиз.
Роҳила ОЧИЛОВА