МИНТАҚАДАГИ УМУМИЙ КЕЛАЖАК САРИ

Cўнгги йилларда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор янада кучайиб, мазкур соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлашдаги ислоҳотларни самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, юртбошимиз “Орол қум-саҳроси пайдо бўлгани туфайли ҳар йили 100 млн тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Орол денгизининг сувсиз қолган ерларида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз…

Қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сув ости ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади”-дея таъкидлаб ўтди..

Шу билан биргаликда давлатимиз раҳбари томонидан жаҳоннинг нуфузли минбарларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш соҳаси бўйича берилган конструктив таклифлари халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилмоқда.

Жумладан,  Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамиятини Орол денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш, БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилишига эътиборини қаратган эди.

Дарҳақиқат, Орол денгизи фожиаси натижасида сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, чўлланишни кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётганлиги нафақат минтақамиздаги балки дунёдаги экология ва атроф муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон мулоқот, конструктив ўзаро ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг қатъий тарафдори, Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалалар бўйича оқилона муросаларга тайёр ҳамда бу йил қабул қилинган Орол инқирозидан азият чеккан аҳолига таъсирчан ёрдам кўрсатиш бўйича БМТнинг махсус Дастурини тўлиқ хажмда бажарилишининг тарафдори.

Шунингдек, Юртбошимиз томонидан Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида жорий йил 24 августда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари иштирокидаги мажлисда таъкидлаб ўтган Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда минтақадаги давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида устувор аҳамиятга эга бўлган конструктив йўналишлар:

– Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ҳақида;

– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси  ҳузурида Жаҳон банкининг, Осиё тараққиёт банкининг ва Глобал экологик фонднинг ваколатхоналарини очиш тўғрисида;

– эҳтиёж катта бўлган мутахассислар тайёрлаш  бўйича ноёб илмий-таълим базаси бўладиган Чўл ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш ҳақида;

– минтақамизнинг ноёб фаунасини сақлаб қолиш (қоплон, кулон, сайғоқ ва бошқа шу каби йўқолиб бораётган ҳайвонлар  турларини сақлаш) учун Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этиш тўғрисида;

– сувни тежаш, Орол денгизи ҳавзасининг трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларига асосланган минтақавий ҳамкорлик даражасини тубдан ошириш ҳақида. Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш бўйича таклифлари Марказий Осиё давлат раҳбарлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланган, шу йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, буни амалга ошириш учун 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан ташкил этилган 73-сессияси доирасида Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосида БМТнинг Траст фондини ишга туширишга доир олий даражадаги тадбир ўтказилди ва амалий иш (“Йўл харитаси”) кўрсатилди. Ушбу фонд ўз фаолиятини бошлади.

Дарҳақиқат, юртбошимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш Марказий Осиё минтақаси давлатларининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради.

Хайрилло ГАППОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати