“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсуми бошланди

Кеча хабар берганимиздек, бугун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумига старт берилди.

Шу муносабат билан пойтахтимизда катта тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Хамзаев, Табиат ресурслари вазири А.Абдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Б.Раҳмонов ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугун бутун дунёда экологик муаммолар катталашиб бораётгани, сув тақчиллиги, иқлим ўзгаришлари ҳақида гапириб, бу муаммоларни фақатгина яшил ҳудудларни кўпайтириш орқали енгиб ўтиш мумкинлиги, бунинг учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини юртимиз бўйлаб самарали ташкил этиш, ҳар бир дарахт ва бута кўчатларини экиш ва унинг парваришига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашди.

Шунингдек, тадбир доирасида мевали, манзарали дарахтлар ва бута кўчатлари ҳамда ўсимликлар парвариши учун муҳим бўлган минерал ва органик озуқалар кўргазмаси ташкил этилди.

Кўчатларни экишдаги агротехник қоидалар, уларни озиқлантириш бўйича тушунтиришлар берилди ва тажриба алмашилди.