“Ярaлaнгaн” дaрaхтлaр

Кўчада дарахт, устун борки, баридан тадбиркорликнинг турли йўналишларини тарғиб қилувчи рекламалар жой олган. Устунларнинг-ку аксарияти металл бўлади, у инсон ясаган сунъий жисм. Бироқ дарахтларнинг жони бор, улар ҳам нафас олади ва она табиатнинг асосий бўлаги. Энг муҳими, бизни тоза ҳаво билан таъминлайди.

Ҳозир инсониятнинг атроф-муҳитга муносабатини кўриб, табиатга қарши курашга астойдил бел боғлаганми, дея ўйлаб қоласиз. Биз учун оддий туюлган ҳолатлар — дарахтларнинг тагини бетонлаш, кесиш ва, айниқса, уларни скотч билан “бўғиш”, танасини тешиб, турли эълон ёки афишаларни ёпиштириш кабилар бунга яққол мисол бўла олади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорининг 3-боби 39-бандида ташқи реклама объект (конструкция)ларини паст баландликдаги деворларда ва дарахтларда ўрнатишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Талабалар шаҳарчасидаги арчаларни реклама қоғози билан “безаган” ўқув маркази ходимининг фикрича, уларнинг ўз хизматини бошқача тартибда тарғиб қилиш имконияти чекланган. Махсус эълонлар тахталари ҳам кўп эмас. Одамлар доим ҳам бундай пештахталарга қарамайди.

Фуқароларнинг фикрига кўра, бу масалага ечим топиш қийин эмас. Жумладан, талаба Саидкамол Солиев бундай дейди:

— Ҳаммани қўлида мобиль телефон бор. Кўчада юрганда ҳам ижтимоий тармоқлардан бош кўтармаймиз. Турли рекламаларни, ўзимизга фойдали маълумотни топиш учун барибир интернетга юзланамиз. Шунинг учун ўқув марказлари ва шу каби тадбиркорлик субъектлари ўз хизматини тарғиб қилишда СММдан фойдаланса, табиатга зарари тегмаган бўларди.

Бошқа бир талаба — Дилноза Мирзаеванинг айтишича, ташриф қоғозини тарқатиш ҳам самара беради. Фақат бунинг учун одамларда экологик маданият бўлиши керак. Қоғозни олган заҳоти ерга эмас, белгиланган жойга ташлаши лозим.

— Дарахтларга елимтасма, мих, илгаклар ёрдамида эълонлар ёпиштирилишига кўп гувоҳ бўламиз, бироқ унчалик аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблаймиз, — дейди “Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари, экожурналист Наргис Қосимова. — Ваҳоланки буларнинг барчаси тирик дарахтнинг нафас олишида тўсқинлик қилади. Танасининг мўртлашувига, чиришигача олиб боради. Дарахтнинг кислород манбаи эканини ҳисобга олсак, битта дарахтни йўқотиш ҳам ҳозирги шароитда катта талафотга сабаб бўлиши мумкин.

Экологик маданиятни одамлар онгига мажбуран сингдириб бўлмайди. Лекин она табиат билан боғлиқ муаммонинг катта-кичиги йўқ. Ечим эса узоқда эмас, ўзимизда. Экологик масъулият сусайган жойда қонунчилик ёрдамга келиши даркор.

Комила ҲAМРОЕВA,
ЎзМУ талабаси