ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК ЭКОВОЛОНТЁРЛАР ТАРМОҒИ ЯРАТИЛДИ

Бугун нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида қандай соҳа бўлишидан қатъий назар ишига чин дилдан ёндашадиган кўнгиллиларнинг ўрни борлиги қувонарлидир.

Жорий йилнинг 14–17-февраль кунлари Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассотсиацияси, “Эколог” жамоат бирлашмаси, “ЮСАИД” ҳамда “Евраазия Фаундатион” халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда волонтёрлар мактаби менторлари ва эковолонтёрлар учун ўқув семинарлари бошланди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган 28 нафар йигит ва қизлар илк маротаба экологик муаммоларни бартараф этиш, ёшларнинг экологик онгини шакллантириш, атроф-муҳит муҳофазасида бирлашиш учун бир жойга йиғилишди.

Табиатсевар кўнгиллилар учун семинарлар “Ekolog” жамоат бирлашмаси раҳбари, экожурналист Наргис Қосимова, иқлимшунос Эркин Абдулахадов, Табиат ресурслари вазирлигининг чиқинди ва биохилмахиллик бўйича мутахассислари, “Ekolog.uz” сайтининг бош муҳаррири Авазхон Ҳайдаров, Гулчеҳра Иргашева, эковолонтёр ҳамда блогерлар Ферузбек Сайфуллаев, Фотима Чориевалар томонидан ўтилди. Тренинг давомида “виртуал сув”, “сув изи”, сув сарфи, чиқиндининг йўли, Қизил Китобнинг аҳамияти,  бошпанасиз ҳайвонлар муаммоси каби муҳим маълумотлар орқали волонтёрларнинг атроф-муҳит муҳофазасидаги билим ва кўникмалари оширилди. Волонтерлар таълим муассасаларида “Меҳр дарслари”ни қай тарзда ўтиш кераклиги интерактив ўйинларда кўрсатиб берилди.

-Экологик муаммоларни фақатгина ҳамкорликда бартараф этиш мумкин. Мен айнан шу йўлда ёшларни бирлаштиришни истардим. Ҳали  ёш жамоат бирлашмамиз томонидан эковолонтерларни йиғишга, уларнинг аниқ дастур ёрдамида ишлайдиган тармоғини яратишга ҳаракат қилиб бошлаган эдик. Аммо етарли маблағнинг йўқлиги, кўнгилларимизда билим етишмаслиги фаолиятни кенг олиб боришимизга ҳалақит бераётган эди, дейди “Ekolog” жамоат бирлашмасининг раҳбари Н.Қосимова.-  Ёшлар ишлар  агентлигининг раҳбари Алишер Саъдуллаев мазкур фаолиятимизга хайрихоҳлик билдириб, қисқа мудатда экологик муаммоларга бефарқ бўлмаган ёшлар учун ўқув-семинарни ташкил этишда ёрдам берди. Келгусида уларнинг фаолиятини кенгайтириш борасида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Ekolog” жамоат бирлашмаси томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келгусида биргаликда республикамизнинг ҳар бир шаҳри, туманида ҳам ана шундай волонтёрлар бўлишига ишонаман.

–        Мен волонтёрликнинг янги йўналишида ўзимни синаб кўриш учун рўйхатдан ўтдим ва ёш эковолонтёр форуми иштирокчилари сафига қабул қилиндим, – дейди эковолонтёр Бегзод Якубов.- Илк кунда бир-биридан муҳим тренинглар давомида соҳага чуқурроқ кириб бориш орқали экология “Она табиатни асраб-авайлайлик”, – деган умумий ва қуруқ гаплардан иборат эмаслигининг гувоҳи бўлдим. Бугун биз турли ҳудудлардан йиғилган эковолонтёрлар экологиянинг моҳиятини, экологик маданиятни халққа сингдиришда ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшамиз!

Экология муаммолар  бартараф этилмас экан нафақат бугунги авлод, балки келажак авлод ҳам азият чекади.  Табиатимизни эса фақат биргаликда асраб қола оламиз.Тадбир якунида иштирокчиларга Табиат ресурслари вазирлиги томонидан Қизил Китоб совға қилинди.

Комила ҲАМРОЕВА,

эковолонтёр