ZO’R.TV ТЕЛЕКАНАЛИНИНГ “ТИЛЛА ОВИ” КЎРСАТУВИДА НЕГА ҲАЙВОНЛАРНИ ҚИЙНАШМОҚДА?

Ўзбекистонда атроф-муҳитга нисбатан муносабат ҳамон салбийлигича қолмоқда. “Қизил китоб”га киритилган ноёб жонзотларнинг браконьерлар томонидан ўлдирилаётгани, бошпанасиз жониворларнинг оммавий заҳарланаётгани, ёввойи ҳайвонларни қишлоқ жойларда қириш авж олгани, айрим ўринларда қўчқор, хўроз уруштириш, итлар жангги ҳамон барҳам топмаганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ёввойи ҳайвонларни турли томошалар натижасида қийноқларга солинаётганини рад этиб бўлмайди. Сабаби амалдаги қонунчилигимиз экологик ҳуқуқбузарликларга, айниқса жониворларга озор берганларга нисбатан жуда “юмшоқ” муомалада. Одамлар томонидан ва цирк томошаларида ҳайвонлар қийноқга солинаётгани етмаётгандек энди уларни кўрсатувларда ҳам қийнашмоқда.

Zo’r.Tv телеканали томонидан эфирга узатилаётган “Тилла ови” кўрсатуви бунга яхшигина мисол бўлади. Кўрсатувни ҳайвонот дунёсига эътиборсиз бўлмаган ҳар қандай инсон кўрганида улардан томоша учун шафқатсиз равишда фойланишганини кўриш мумкин. Аслида бизга ёввойи ҳайвонлар иштирокидаги кўрсатувлар керакми? Албатта йўқ! Чунки бизда бундай кўрсатувларда хавфсизлиқ қоидаларига амал қилинмайди.

Кўрсатувда бўри, иккита урғочи ва битта катта кичик шерлар, буғма илонлар, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бургут, Ўрта Осиё чўл тошбақаси, халқаро Қизил китобга киритилган Нил тимсоҳлари, қурбақа, кемирувчилар ва бошқа қумурсқалардан фойдаланишмоқда. Бу ҳайвонлар кўрсатув учун қаердан олиб келинган? Ҳайвонларни кўрсатув тасвирга олинадиган кунлар давомида озиқлантириш ва уларни хавфсизлигини таъминлаш кимлар томонидан амалга ошириляпти? Ҳайвонлар солинган қафаслар қонунларда кўрсатилган талабларга жавоб берадими? Кўрсатув иштирокчиларининг хавфсизлиги учун ким жавоб беради? Кўрсатув учун фойдаланилаётган катта ҳажмдаги ҳайвонлар қаердан олинган? Кўрсатув ижодкорлари қайси ташкилот билан ушбу ҳайвонлардан фойдаланиш бўйича шартнома ёки тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган?
Бундан ташқари ўзининг миллионлаб томошабинларига эга бўлган кўрсатув айнан уларда ҳайвонот дунёсига айнан шундай, салбий муносабатда бўлишнитарғиб қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида “Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Аммо қонунларимиз ҳайвонларни шафқатсиз муносабатлардан ҳимоя қила оляптими?

Қонунчилик такомиллаштирилса, мамлакатимизда ҳам жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик ҳолатларида жиноий иш қўзғатилади, ҳайвонот дунёси ҳимояси кучайтирилиб, уларга таҳдид камаяди. Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилишнинг назоратини кучайтирилади, қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш учун бошпаналар яратилади, ҳайвонларнинг хавфли ва юқумли касалликларини аниқлаш, бартараф этиш бўйича ветеринария тадбирларини амалга ошириш жараёнлари ҳам такомиллаштирилади. Қолаверса, аҳолида ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабати ва табиат олдидаги масъулият ҳисси кучаяди.

Зеро, бугун экологик муаммолар исканжасида қолаётган инсоният олдида ягона йўл бор, у ҳам бўлса, табиат билан уйғунлигини ҳис қилиш, уни асрашдир.

Кўрсатув

Ферузбек Сайфуллаев