Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида атроф-муҳитни муҳофазалаш, табиатга ишлаб чиқариш ва инсон фаолиятидан етадиган зарарли таъсирларнинг олдини олиш, экологик соф ривожланиш технологияларини кенг жорий қилиш бўйича амалга оширилган изчил чора-тадбирлар жамиятимизни барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 сентябрда имзолаган янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Жуманазар Отажонов билан ЎзА мухбирининг суҳбати ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, минтақамизда экологик барқарорликни таъминлаш, хусусан, ҳайвонот оламини муҳофаза қилишдаги аҳамияти, қонунчиликка киритилган янгиликларга бағишланди.
– Мамлакатимизда етти юз турдан кўпроқ умуртқали ҳайвонлар, яъни сут эмизувчи, судралиб юрувчи жонзотлар, балиқлар, амфибиялар ва ўн беш минг турдан ортиқ умуртқасиз ҳайвонлар учрайди, – дейди Ж.Отажонов. – Бу юртимиз ҳайвонот дунёси нақадар бой ва хилма-хил эканлигидан далолат беради. Ушбу ноёб табиий бойликларимизни асраб-авайлаш мақсадида кенг қамровли мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йилда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу қонун асосида 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинди. Ушбу соҳада халқаро ҳужжатларга интеграллашиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор муҳим халқаро экологик ҳужжатлар имзоланди.
Мамлакатимизда экологик қонунчилигимизда белгиланган чора-тадбирлар ва халқаро конвенциялар орқали зиммамизга олинган мажбуриятларни ўз вақтида бажариш мақсадида давлат дастурлари қабул қилинди, халқаро лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу дастур ва лойиҳаларда белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши биохилмахилликни асрашга хизмат қилмоқда.
Ҳайвонот дунёсининг яшаш маконлари – муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдони кенгаймоқда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини муҳофазалаш, кўпайтиришга эришилмоқда. Бухоро буғуси, жайрон, сайғоқ, қор қоплони каби жониворларни асраш ва кўпайтириш бўйича бажарилаётган лойиҳалар бунга мисолдир.
2016 йил 19 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий омил бўлади.
Ушбу янги таҳрирдаги қонун 6 боб, 53 моддадан иборат. Унда қонун нормаларини қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатлари белгилаб берилган. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг йўналишлари ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш бўйича асосий талаблар, ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш муҳити, кўчиб ўтиш йўллари ва урчиш жойларини сақлаб қолишга йўналтирилган биотехник тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартиби, турлари ва усуллари белгилаб берилган.
– Ҳайвонот дунёсини муҳофазалашда экологик назорат юритиш шакллари, бу борада қонунчилигимизга киритилган янгиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Қонунда ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш ва ушбу соҳада экологик назорат амалга оширилиши тартиб-тамойиллари, унинг субъектлари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ҳамда жамоатчилик назорати тарзида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бу соҳадаги давлат назорати давлат ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан, давлат бошқаруви органларига қарашли ташкилотларда, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда идоравий назорат хўжалик юритувчи субъектлар томонидан, жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилиши белгиланди. Айтиш жоизки, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида жамоат назоратини юритиш янги йўналиш бўлиб, бу борадаги ишлар халқимиз, айниқса, ёшларнинг юртимизда атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилаётган эзгу ишларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш, экологияга оид тадбирларда аҳолининг фаоллигини ошириш ва табиатдан оқилона фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
– Камёб ва йўқолиш хавфи остида турган ҳайвон турларини асраб қолиш жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган муҳим экологик муаммолардан биридир. Янги қонун бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда қандай ўрин тутади?
– Янги таҳрирдаги қонуннинг 17-, 18-, 19-моддаларида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофазалаш билан боғлиқ вазифалар акс этган. Хусусан, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турлари Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилиши, ушбу ҳайвон турларининг нобуд бўлишига, уларнинг камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга ёки ҳаракатсизликка йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги табиий шароитларда тиклаш ҳамда такрор кўпайтириш имконияти бўлмаган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш мақсадида уларнинг кўпайиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўриши шартлиги кўрсатилган.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турлариниалоҳида зарур бўлган ҳолларда табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома бўйича йўл қўйилади. Махсус яратилган шароитларда кўпайтириш учун табиатдан олинган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турлари кейинчалик табиий яшаш муҳитига қўйиб юборилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
– Маълумотларга кўра, экологик қонунбузарликларнинг қирқ фоизга яқинини ҳайвонот дунёсидан ноқонуний фойдаланиш, ёввойи ҳайвонларни, қушлар, балиқларни ноқонуний овлаш ташкил этар экан. Янги таҳрирдаги қонунда мазкур йўналишдаги ишларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ қандай нормалар белгиланган?
– Қонуннинг 49-моддасида ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини, ов қуроли ва воситаларини олиб қўйиш белгиланган. Бунинг имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг қиймати қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда ундирилиши қайд этилган.
Ана шундай қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қонунда ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усуллари аниқ белгиланган. Янги таҳрирдаги қонунда, аввалгисидан фарқли ўлароқ, ов қилиш ва балиқ овлаш ҳисобланадиган ҳолатлар билан бир қаторда ов қилиш ҳамда балиқ овлашга тенглаштирилган ҳолатлар, шунингдек, ов қилишни ва балиқ овлашни амалга ошириш шартлари, ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари белгиланган.
Эндиликда ов қилиш учун ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун берилган рухсатномаларда кўрсатилган муддатларда ва жойларда йўл қўйилиши, жисмоний шахсларга спорт ва ҳаваскорлик мақсадида ов қилиш учун рухсатнома овчилик билети, овчилик қуролини сақлаш ва олиб юриш учун рухсатнома бўлган тақдирдагина берилиши кўрсатилган.
Маълумки, табиатнинг барча неъматлари каби жониворларнинг ҳамма турлари ҳам умуммиллий табиий бойлигимиздир, уларни ноқонуний равишда юртимиздан четга олиб чиқиш мумкин эмас. Ҳайвонларни хориждан мамлакатимизга олиб киришнинг ҳам ўз тартиб-тамойиллари бор. Янги таҳрирдаги қонуннинг 20-моддасига кўра, ёввойи ҳайвонларни, уларнинг қисмлари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, ўлжалар ва тулумларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ва олиб кириш табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари берадиган рухсатномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бундай фаолият ғайриқонуний равишда амалга оширилса, ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари ва бошқа воситалар олиб қўйилиши лозим.
Экологик қонунчилик соҳасидаги миллий ва халқаро тажриба атрофлича таҳлил этилиб яратилган янги таҳрирдаги қонун она табиатни асраш, келажак авлодларга уни асл ҳолича етказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, унда белгиланган тамойилларни аҳолига етказиш, табиатни муҳофазалаш вазифасини ҳар бир юртдошимизнинг эзгу мақсадига айлантириш орқали юртимизда экология соҳасида эришилган ютуқларни янада ривожлантириш асосий вазифамиздир.
Манба: uza.uz