ЧОРТОҚЛИК ЧОРВАДОР ТАЖРИБАСИ

Республикамизда қорамолчиликни ривожлантиришда наслчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда хорижий давлатлардан жами 31 бош наслли қорамоллар олиб келиниб, уларнинг умумий сони 36 минг 621 бошни ташкил этади. Бугунгача четдан келтирилган наслли моллардан 104,2 минг бошдан ортиқ наслли бузоқлар олинди ва уларнинг умумий сони 148,8 минг бошга етказилди. Наслчилик хўжаликларида тайёрланган 1,6 минг бошдан ортиқ наслли моллар, аукцион савдолари орқали аҳоли ва деҳқон хўжаликларига сотилди. Сунъий уруғлантириш учун жойларга 395 минг дозадан ортиқ наслли уруғ етказиб берилди. Мавжуд 4,5 мингдан ортиқ  зооветеринария ва сунъий уруғлантириш шохобчалари томонидан 217 минг бош сигирлар сунъий уруғлантирилди. Шу кунга қадар зооветеринария шохобчалари орқали 2,8 млрд. сўмлик, яъни  ўтган йилга нисбатан 1,1 млрд. сўм кўп сервис хизматлари кўрсатилди.

Кам таъминланган оилаларга жами 1669 бош қорамол бепул етказиб берилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида барча тоифа хўжаликлар томонидан 6,7 минг гектар асосий майдонларга баҳорги  беда, 915 гектарга силос учун маккажўхори ва 1644 гектар майдонга хашаки лавлаги экилиши таъминланди. Шундан, чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан 5,9 минг гектар янги беда, 647 гектар силос учун маккажўхори ва 1,3 минг гектар хашаки лавлаги экилди. Бундан ташқари қорамолчиликка ихтисослашган наслчилик фермер хўжаликларига 53 дона замонавий сут соғиш ускунаси ўрнатилди.

Республикамизда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга Наманган вилояти  Чортоқ туманидаги “Анортоғ” наслчилик-бўрдоқичилик фермер хўжалигининг раҳбари  Расулиддин Зохидов ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Кўкка бўй чўзиб турган тераклар орасига яширинган ферма худудига қадам қўяр эканмиз атрофнинг тозалиги, ферманинг замонавий ускуналар  билан жиҳозланганлигини кўриб унинг раҳбари Расулиддин Зохидовнинг ишбилармонлигига ҳавас қилдик. Фермер хўжалигининг раҳбари ўз ходимлари билан қорамолларни  ветеренария кўригидан ўтказиш учун маслаҳатлашаётган экан.

-Хўжаликни 2008 йилда ташкил этиб, айни пайтда Австриядан олиб келинган 900 бош қорамолларни парвариш қилмоқдамиз, дейди Р.Зохидов. – Асосий мақсадимиз юртимизда зотдор қорамоллар сонини кўпайтириш,  сифатли гўшт ва сут маҳсулотларини аҳолига етказиб беришдан иборат. Бугунги кунда республикамизнинг барча вилоятлари билан  қорамоллар наслини яхшилаш бўйича ҳамкорлик қилиб келаяпмиз.  Кўпинча ўзимга савол бераман? Қачонгача биз Европадан қорамол олиб келиб, улар тажрибасини ўрганамиз? Ота-боболаримиз чорвадор, деҳқон бўлишган.  Бу борада минг йиллик тажрибамиз бор. Мазкур тажрибани ўртоқлашиш, қорамол зотини яхшилаш, улардан  аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондирадиган, сифатли ва арзон сут ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш вақти етмадимикан? Ҳозирда  чорвага ихтисослашган фермер хўжаликларининг барчаси ишлаб чиқараётган сутни  арзон нархда, яъни  бир литрини 1200 сўмдан “Нестле” заводига  қайта ишлаш учун топширади. Сут ишлаб чиқаришнинг таннархи 1450 сўмни ташкил этаётган бир вақтда, фермерлар бундан зарар кўрмоқда, чунки завод билан олдиндан шартнома тузиб қўйилиб, айни пайтда уни бошқарадиган эгилувчан тизим йўқ. Завод эса ўз навбатида сутни 1200  сўмдан олиб,  қайта ишлаш ва қадоқлаш эвазига аҳолига 4600 сўмдан сотади.  Фермерлар ўз зиёнига ишламаслиги учун  мазкур соҳадаги ҳар қандай  монополистик фаолиятга чек қўйиш,  фермер ва ишлаб чиқарувчи ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштирувчи тизимни яратиш зарур, деб ўйлайман.

Ферма ҳудудини айланар эканмиз, қорамолларнинг тагини тозалаш, сут соғиш жараёнлари автоматлаштирилганлигининг гувоҳи бўлдик.

— Германиядан  «Agranets» сут соғиш аппаратини олиб келиб ўрнатдик. Натижада  6 дақиқада 24 бош сигир соғила бошланди. Сутни  ишлаб чиқарувчига етказиб бериш оралиғида сақлаш учун махсус совутгич ускунасини харид қилдик. Албатта буларнинг барчаси банкдан олинган 3 млрд. сўм кредит эвазига бўлди. Уни эса жорий йилнинг сўнггида очишни режалаштираётган  200 мингта товуқни ўз ичига оладиган паррандачилик фермаси ва сутни қайта ишлаш цехи эвазига ёпмоқчимиз, дейди Р.Зохидов суҳбатни давом эттириб. —  Кўпроқ сут олиш учун молларни  тўйимли озуқа билан боқиш муҳим. Шу мақсадда АҚШнинг  “Pioneer” навли жўхорисини 30 гектардаги ғаллани ўриб олгач экиб, бир гектардан 21 центнергача ҳосил олаяпмиз.  Айни пайтда  бир қатор Европа мамлкатларига органик маҳсулотлар етиштириш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганмиз. Қорамоллар  мунтазам ветеринария кўригидан ўтказилиб, эмланади. Сунъий уруғлантириш  бўйича эса 2 нафар шифокор ва 4 нафар  санитар фаолият юритишади.

“Анортоғ” фермер хўжалигида  52 нафар ишчи фаолият  кўрсатади. Ишчиларнинг маошлари ўз вақтида берилиб, меҳнати, ташаббускорлигига қараб рағбатлантириб борилади. Фермер хўжалиги ҳудудининг барча бурчакларига жами 48 та видеокамералар ўрнатилган. Бу хўжалик раҳбарига у қаерда бўлмасин иш қай тарзда кетаётганлигини кузатиш имконини беради. Р.Зохидов “ўзинг тўқ бўлсанг, қўшнинг ҳам тўқ бўлади” тамойилига асосан иш кўради. Чортоғ туманидаги боғча ва мактаблар, кам таъминланган оилалардан зарур пайти ўз ёрдамини аямайдиган  фермерни яхши танишади. Уни ўз ходимлари, махалладошлари билими, салоҳияти, тўғрисўзлиги учун ҳурмат қилишади.

Бугунги кунда Расулиддин Зохидов чорвачиликни ривожлантиришда ота-боболаримиз тажрибасини замонавий қарашлар ва технологиялар ёрдамида ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳар йили  фермер хўжалигининг фаолиятини кенгайтириш мақсадида тиниб-тинчимас фермер бирор бир ишнинг бошини  тутади. Ўтган йили 2 гектар майдонда иссиқхона қуриб, уни БМТнинг Тараққиёт Дастури гранти асосида биогаз ишлаб чиқариш ускунасини ўрнатиш орқали исита бошлади. Натижада табиий газ сарфи тежалиб, фермадан чиқаётган  чиқинди ва ахлатлар биогаз ишлаб чиқариш учун ишлатила бошланди. Фермер пиллани қайта ишлаш бўйича ҳам фаолият олиб бориб,  Хитойнинг “Халил силк” компанияси билан шартнома имзолаган. Унинг фикрига кўра,  “фермер бир жойда тўхтаб қолмаслиги зарур. Фермерларга яратилган имкон аҳолининг фаровонлигини оширади. У Она- юртининг  гуллаб яшнаши учун  жон куйдирса,  Ватанининг тинчлиги, иқтисодий қудратига муносиб ҳисса қўшади”.

Қосимова Наргис Cуннат қизи .