Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бири. Зеро, экологик муаммолар чегара билмайди. Шунинг учун курраи заминимизда экологик мусаффоликка эришиш, дунё аҳлини ташвишга солиб келаётган муаммоларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш устувор вазифа саналади.
Кейинги йилларда экологик муаммолар тўғрисида гап кетгудек бўлса биринчи навбатда Орол муаммосини нафақат Марказий Осиё балки бутун дунё мамлакатлари тилга оладиган бўлди. Орол фожиаси тўғрисида жуда кўп йиллардан буён, жуда кўп гапирилмоқда. Аммо шунга қарамасдан Орол фожиаси ҳақида бугунги ёшлар кўп нарсаларни билади, деб айтиш қийин. Хўш, бир вақтлар турналарга макон бўлган бу масканнинг бугун аянчли аҳволга тушишига сабаб нима? Собиқ Иттифоқ даврида ўзбек халқининг бошига тушган оғир “Пахта иши”ми? Сувдан хўжасизларча нооқилона фойдаланиш оқибатими? Сувсевар шолизорлар айбдордир балким унинг қуришига ? Ўтган йиллар тарозусида ўлчайдиган бўлсак, шак-шубҳасиз бу фожианинг асосий сабаби собиқ иттифоқнинг нотўғри сиёсати эканлиги айни ҳақиқатлигини англаймиз. Бир вақтлар 6 миллион тонна пахта топшириш Ўзбекистоннинг гарданига тушган эди. “Оқ олтин”ни олтин қўллар яратади” деган сохта шиор ўзбек пахтакорларининг қадоқ қўлларига охир-оқибат занжир- кишан солганини ҳали кўпчилик унутолгани йўқ…
Орол фожиаси аслида республикамизга хос бўлган муаммо бўлса-да, Қорақалпоғистон, Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилояти, Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари, Туркманистоннинг Тошовуз вилоятлари ва бундан ташқари айрим ҳудудлар эмас, балки бутун сайёрани ташвишга солмоқда ва бу бутун дунё олдидаги илмий-амалий вазифа ҳисобланади.
— Ўзбекистонда экологик хавфсизликка ва бу хавфсизликка таҳдид солаётган, эндиликда глобал муаммога айланиб қолган Орол ва Оролбўйи экологик фожиаси оқибатларини бартараф этишга фақат бугун эътибор қаратилаётгани йўқ,-дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси Фарҳоджон Қуватов.- Бу масала ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида кўтарилган ва мустақилликка эришилгандан кейин янада диққат- марказимизда бўлди. Чунончи, давлатимиз Раҳбари БМТ Бош Ассамблиясининг 48- ва 50-сессияларида биринчи бор дунё ҳамжамияти эътиборини Орол муаммосини бартараф этиш учун кучларни бирлаштириш зарурлигига қаратди. Оролбўйи минтақасидаги генофондни сақлаб қолиш учун жамоат Хайрия фонди ташкил қилинди. 2008 йили Тошкент шаҳрида Орол ва Оролбўйи минтақасига халқаро донорлар диққатини жалб қилиш мақсадида Халқаро конференция ўтказилди. Конференцияда «Оробўйи зонасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишни амалга ошириш учун комплекс ҳаракат Дастури» қабул қилинди.
Мамлакатимиз раҳбари 2010 йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саммити Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида яна бир бор экологияни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни асраб-авайлашга, айнан Орол фожиасига тўхталиб, «Бугун Оролбўйида нафақат экологик, балки дунё миқиёсида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммолар пайдо бўлди» деган фикрларни билдирди. Ҳақиқатдан ҳам бир вақтлар гўзал ва такрорланмас табиатига эга бўлган Орол денгизининг бир авлод кўз ўнгида қуриб бориши мисли кўрилмаган экологик фожиаларни келтириб чиқармоқда. Рақамларга эътибор қаратайлик, 1960 йилга қадар Орол денгизининг майдони 68,9 минг кв.км.ни, ҳажми эса 1083 куб.км ни ташкил қилган. Бугунги кунга келиб унинг ҳажми 13 бараварга, майдони 7 бараварга қисқариб кетди. Сувининг сатҳи 26 метрга тушиб кетди, қирғоқ бўйи 100 километрлаб чекинди… Ҳар йили Орол денгизига яқин бир минг километр ҳудудга 150 миллион тонна туз, қум, чанг аралашмаси ҳаво орқали тарқалади.
Инсон тоза ҳаво билан тирик. Оролбўйи аҳолисининг тақдири ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда Оробўйи минтақасида экологик вазиятни юмшатиш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Натижада Оролбўйи аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланиши, Оролнинг қуриб қолган ўрнида ўрмонлар барпо қилиниши, Амударё делтасида кичик-кичик сув ҳавзаларида балиқчилик хўжаликлари ташкил қилиниши ҳисобига ерлик аҳолининг ижтимоий муҳофазаси ва бандлиги таъминланмоқда.
Аммо… Оролнинг “дарди”га даво топилгани йўқ. Бу “дард” энг аввало инсон саломатлигига жиддий хавф туғдираётганлиги ҳеч кимга сир эмас. 60 даража иссиқ, қуруқ қирғоқчилик, шамолнинг тезлиги ошиб кетиши, шўрланишнинг ошиши, Оролбўйи ҳудудида ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви экологик система эмас, балки инсон саломатлигига қаттиқ таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланади. Болаларда камқонлик, бўқоқ, ақлан ривожланишда нуқсонлар борлиги давом этмоқда. Ўткир ичак хасталиклари, қорин тифи, юқумли гепатит касалликлари Республика кўрсаткичидан бир неча бор юқорилиги йиллар давомида кузатилмоқда.
Бу муаммолардан қутулиш учун йиллар давомида қанча-қанча чора-тадбирлар белгиланди, дастурлар қабул қилинди. Ҳатто Сибир дарёлари сувини Оролга олиб келиш масалалари устида ҳам кўп бош қотирилганлигини кенг жамоатчилик яхши эслайди. Ўша йилларнинг матбуот хабарларида айтилишича, бу фавқулодда мураккаб ишга биринчи навбатда сув йўлининг ўзига 20 миллиард АҚШ доллари талаб қилинади. Ва бу пулга бор-йўғи 10 кубокилометр Сибир суви бизга етиб келади холос. Мутахассисларнинг айтшича, бу билан бир йилда бир сантиметр ҳам сув сатҳини кўтариш амри маҳол. Сибир-Орол сув йўлида қурилиши талаб этилган 8 та қудратли насос станциялари учун кетадиган электр энергияси эса 35 миллиард киловаттга тенг бўларкан. Бу Ўзбекистон аҳолиси бир йил давомида сарфлайдиган ( 45 миллиард киловатт) электр энергия миқдорига салкам тенг туради. Хуллас, бу ақлга сиғмайдиган эртаклар, амалга ошмайдиган орзулар орзулигича қолди…
Шунинг учун халқимиз ҳамма нарсани борида қадрига етиш керак деган ақидани тез-тез тилга олади. Ҳар қандай бойлик, ҳар қандай тоғ ҳам муҳофаза қилинмаса тугаши, емирилиши, Орол фожиасига ўхшаш фожиаларни келтириб чиқариши аниқ. Табиатнинг ҳар бир гиёҳи ҳам ҳимояга муҳтож. Унга еткизган озорларимиз учун у биздан ўч олишини ҳаёт бизга кўп бор эслатган. Биз буни унутмаслигимиз керак…
Маруса ҲОСИЛОВА