“Мушуккент” -қаровсиз ҳайвонларга эътибор намунаси

Ҳайвонларга шавқатсиз муносабатда бўлган ўсмир келажакда инсонга қарши жиноят содир этишга мойил эканлигини руҳшунослар аллақачон исботлашган.  Фуқаролар бошпанасиз ит ва мушукларга қанчалик меҳрибон бўлишса, ўз фарзандларини бевосита жониворларга нисбатан ғамхўр ва меҳрли этиб тарбиялашса бундай жамиятда шафқатсизликлар ва жиноятлар камроқ бўлишини Т уркия, Грузия, Япония ва бошқа қатор Европа давлатлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.  Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам қаровсиз ҳайвонларга  бевосита  табиатга меҳри баланд бўлган юртдошларимиз томонидан эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол.

Бунинг натижасида  юртдошларимизда ҳам меҳрибонлик, меҳр-оқибат болаликдан тарбияланади ва инсонпарварлик  тарбияси ҳамда ҳайвонларни ҳимоя қилиш туйғуси уйғониши шубҳасиздир. Ана шундай ҳаракатлардан бири пойтахтимизда 2018 йилдан буён амалга оширилаётган “Мушуккент” лойиҳасидир.  Биз “Мушуккент” лойиҳаси асосчиси Раъно Макаренко билан боғландик:

  • Мушуккент лойиҳаси Кнауф компанияси, “Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти, “Ҳаёт” қаровсиз ҳайвонлар бошпанасининг раҳбари Ирода Маткаримова ва Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Темур Арипов ҳамкорлигида амалга оширилди. Унинг асосий мақсади — юртдошларимизда ҳайвонларга нисбатан меҳрни шакллантириш, уларни ҳимоялаш эди. Қувонарли жиҳати шундаки лойиҳани Тошкент шаҳар ИИБ қўллаб -қувватлаб, сафимизга кўплаб кўнгиллилар қўшилишди.

Бугунга келиб, Тошкентнинг кўплаб туманларида жойлашган кўп қаватли уйларда, ҳовлиларда, компаниялар идоралари ҳамда дўкон ва қаҳваҳоналар ёнида мушуклар учун алоҳида  овқатланиши  мумкин бўлган уйчалар пайдо бўла бошлади.   Масалан, Тошкент шаҳар  Миробод тумани аҳоли вакиллари  эски компьютер столидан, Яшнаобод туманидаги 263- мактаб ўқитувчиси Чарос Султоналиева эски тахталардан мушуклар учун 2 қаватли уйча ясаб, ўрнатишди. Бу чиқинди сифатида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган буюмларга иккинчи “ҳаёт” ато этишдир. Айни пайтда пойтахтимизда 250 дан ортиқ уйчалар мавжуд. Бу уйларнинг барчаси “Мушуккент” лойиҳасининг бир бўлагига айланди.  Юртимизнинг барча ҳудудларида мазкур лойиҳани амалга ошириш зарур.

Сўнгги йилларда экокўнгиллиларнинг саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ва Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан жавобгарлик киритилишига муваффақ бўлинди.

Юртимизда қаровсиз ҳайвонлар билан боғлиқ энг катта муаммолардан бири — бу  уларнинг давлат қарамоғига олинмаганлиги, тирик жониворларга “чиқинди” сифатида қарашдир. Чунки қаровсиз ҳайвонлар муаммоси бугунги кунда вилоят, шаҳар, туман хокимиятлари қошидаги Ободонлаштириш бошқармаларига юклатилган бўлиб, улар тассаруфидаги Механиязациялашган қаровсиз ҳайвонларни тутиш бригадалари жониворларни тутиш ва 5 кун сақлаб, уларни ўлдириш билан шуғулланишади. Жониворларга бундай муносабат уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларни ҳавотирга солмоқда.  Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда  халқ тилида бошпанасиз ҳайвонларни 5 кун сақлайдиган “отловка”ларни приютларга айлантириш, қаровсиз ҳайвонларни эмлаш, кўпаймаслиги учун стериллаш харажатлари ва назоратини ҳукумат ўз  зиммасига олиши, уларга нисбатан жамиятдаги салбий муносабатни ўзгартириш учун эса  таълим муассасалари ўқув дастурларига айнан “Экология” дарсларини киритиш зарур.

Табиат билан уйғунликда яшаш, ҳайвонларга ИНСОНИЙ муносабатда бўлиш ҳар бир жамиятнинг шартидир. “Мушуккент” лойиҳаси эса инсонийлик томон қўйилган катта қадамдир.

Хумора  Нурмаматов