СУВНИ ТЕЖАШ КЕРАКМИ?

Чўл қуёшининг жазирама нурлари отларни ҳолсизлантирар, йўловчиларнинг ташналикдан ёрилган лаблари, чанг ва қумдан қорайган юзлари, умид билан уфққа тикилган кўзларидан фақатгина бир маънони англаб етиш мумкин эди. Сув… Сўнгги сардоба- усти ғиштин гумбаз билан ёпилган ҳовуз ортда қолганига уч кун бўлди. Карвонбошининг айтишича, Жиззах билан Тошкент шаҳри ўртасида ястаниб ётган Мирзачўлдаги кейинги сардобагача ҳали камида 10 соатлик йўл бор. Қуёш уфққа бош қяр паллада узоқдан сардоба гумбази кўринганда йўловчилар енгил тин олишди.…

Юртимизда қадимдан сувни табиатнинг энг бебаҳо неъмати сифатида қадрлаб келишган. Уни исроф қилмай, тежаб ишлатиш ёшликдан ҳар бир инсоннинг қон-қонига сингган. Сувга ахлат тўкиш у ёқда турсин, хаттоки тупириш ҳам катта гуноҳ ҳисобланган. Бугунги кунда қишлоқ аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини  ошириш, турмуш тарзини яхшилаш борасида амалий ишлар қилинмоқда.   Давлатимиз раҳбари томонидан 2009 йилнинг 3 августида имзоланган «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига биноан қурилиб, фойдаланишга топширилаётган намунавий уй-жойлар барча қулайликларга эга. Иссиқ ва совуқ сув, иситиш қурилмаси, табиий газ, электр қуввати билан мунтазам таъминланганлиги қишлоқ аҳолисининг ғайратига ғайрат, кучига куч қўшмоқда. Юқорида санаб ўтилганларни тежаб ишлатиш, айниқса ичимлик сувидан рационал фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.Зеро азлдан деҳқончилик ва боғдорчиликка итисослашган юртимизда сувнинг ҳар бир томчиси бебаҳодир.  Ичимлик ҳамда суғориш сувларининг танқислиги нафақат қишлоқ хўжалиги, балки барча соҳалар ривожига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, айнан мазкур омил турли хил экологик фалокатлар – чўл ҳудудларининг кўпайиши, табиатда био-хилма хилликнинг ўзгариши, аҳоли ўртасида турли хил касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати Дилором Файзиеванинг айтишича, бугунги кунда республикамизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда  ҳукуматимиз томонидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, булар ўз ичига 2077 йил 8 январда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Навоий ва Қашқадарё вилоятлари қишлоқ аҳоли пунктлари санитарияси ва  сув билан таъминлаш”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2007 йил 26 мартда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда қабул қилинган “Гулистон, Жиззах, Қарши шаҳарларининг сув билан таъминлаш тизимларини такомиллаштириш” ҳамда 2007 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилгача сув ресурсларини тежаш ва рационал фойдаланиш дастури тўғрисида”ги  Қарорлари,  Вазирлар Махкамасининг 21.05.2010 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида 2020 йилгача бўлган даврда сув билан таъминлаш тизимлари ва канализацияларни комплекс ривожлантириш ва модернизациялаш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш” Фармойиши билан республика аҳолисини хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги масалаларни ҳал этишга қаратилган.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши бугунги кунда ҳудудимиздаги мавжуд бир қатор муаммоларни бартараф этиши шубҳасиз. Ҳўш бу қандай муаммолар?

Камол Юсупов, “Амударё ва Орол муҳофазаси уюшмаси” ННТ директори:

— Оролнинг қуриши натижасида вужудга келган экологик муаммолар бугун ҳеч кимга сир эмас. Ана шулардан бири аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг талабларга тўлиқ жавоб бермаслигидир. Биламизки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг аҳолисига  Туямуйин сувни тозалаш иншооти орқали ичимлик суви етказиб берилади. Аммо, сувнинг таркиби текширилганда ундан органик ифлослантирувчи моддалар топилиб, шу билан биргаликда инсон ҳаёти учун зарарли бўлган мазкур моддалар деярли барча етиштирилаётган озиқ-овқатлар, сабзавот, мевалар, тухум, гўшт, сутда ҳам борлиги аниқланган.Уларнинг концентрацияси белгиланган меъёрдан анча юқоридир. Бунинг асосий сабабларидан бири аҳолининг аксарият қисми тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланмай, қўл насоси билан тортиб олинадиган ер ости сувларини истеъмол қилишидадир. Бундай насослар сувни қум, турли хил чиқинди қолдиқларидан тозаласада, афсуски унинг таркибидаги оғир металлардан тозалай олмайди.  Аҳолини тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш албатта жда ҳам катта маблағни талаб этади ва борада республикамизда каттагина амалий ишлар олиб борилмоқда. Аммо ҳар бир аҳоли хонадонига тоза сув етиб келгунга қадар одамларда сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур, деб ўйлайман. Бу бугнги кунда кенг ишлаб чиқарилаётган сув фильтрларидан фойдаланиш, энг чиқимсиз усули эса сувни музлатиб, ёки обдон қайнатиб истеъмол қилишдир.

Оролбуйи ҳудудларида мазкур масала анча долзарб бўлсада, юртимизнинг бошқа вилоятларида у бартараф этилаётир.

Қаҳрамон Шукуров бугунги кунда оиласи билан Жиззах вилояти Жиззах тумани “Қулама” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилади:

— 2011 йилнинг ноябрь ойида  ёш оилаларни турар жой билан таъминлаш борасидаги Давлат дастурига асосан биз намунавий уйлардан бирига кўчиб ўтдик. Энг аввало бу ерда инсон учун барча қлайликлар мавжудлиги бизни қувонтирди. Сув куннинг маълум вақтларида ўчирилсада, аммо ҳар куни берилади. Бу эса кўпгина маиший муаммоларнинг ўз-ўзидан бартараф этилишига сабаб бўлди.

Бугунги кунда республикамизда  1 кубометр сувнинг нарҳи 180 сўм бўлиб, бу Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга сарфланаётган харажатлардан анча пастдир. Вилоят “Сувоқова” ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбарининг ўринбосари П.Шукуровнинг айтишича, ичимлик сувининг нархи арзон бўлганлиги сабабли аҳоли уни исроф қилади, эртанги кунни ўйламасдан ҳовли, томорқаларни суғориш, кўп қаватли уйларнинг аҳолиси эса хаттоки ёзда уйни салқинлатиш учун жумракларни ёпмасдан, сувни оқизиб қўйиш, сантехника носозликларига бефарқликлари натижасида неча минг литр сув канализация қувурларига  оқиб кетиши ҳолларини кузатиш мумкин. Бундан ташқари аҳолининг сувдан фойдаланганликлари учун ўз вафтида тўловларнинг амалга оширмасликлари натижасида қарздорлик йилдан-йилга кўпаймоқда.

Айни пайтда  вилоятдаги сув билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида 2013-2016 йилларга мўлжалланган лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, унга кўра вилоятнинг Жиззах, Зафарабод, Арнасой ва Дўстлик туманларида истиқомат қилувчи 200 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Айнан шу масала юзасидан  қўшни Сирдарё вилоятида ҳам жадал суратларда амалий ишлар амалга оширилаётир. Бугунги кунда вилоятда 780 мингдан ортиқ турли миллат

вакиллари яшаб келмоқда.

-Мен аҳолисининг бор-йўғи 20 фоизигина тоза ичимлик суви билан таъминланган вилоятнинг Сардоба туманида тўғилиб, вояга етдим, дейди “Саломатлик сандиғи” газетасининг бош муҳаррири Дилфўза Жарбекова. – ХХ1 асрда яшаётганимизга қарамай туманимизнинг аксарият аҳолиси канал ва ариқлардан сув ичади. Бу эса турли хил ошқозон-ичак ва тери касалликларининг келиб чиқиб, кўпайишига сабаб бўлмоқда. Авваллари туманимиз Жиззах вилоятининг Зомин туманидан тортиб келинган сув қувурларидан сув ичар эди, аммо қувурлар аллақачон яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли салкам 10 йилдан буён сув масалари катта муаммога айланди.

Айни пайтда Сирдарё вилоятида 913 километр сув билан тапъминлаш тизими фойдаланишга яроқсиздир, 27 та сув иншоотлари таъмирталаб. Мазкур муаммони зудлик билан ҳал қилиш учун виллоятда 2020 йилга қадар дастур қабул қилинган бўлиб, унга кўра шаҳар аҳолиси 100 фоизга, қишлоқ аҳолиси эса 90 фоизга тоза сув билан таъминлагиши лозим. Аммо ҳар қандай масаланинг ечими асосида маблағ ётади. Виляот “Сувоқова” ишлаб чиқариш бирлашмасининг берган маълумотларига кўра, аҳолининг сувдан қарзи (2013 йил 1 май ҳолатига кўра) 4,5 миллиард сувдан ортиқдир. Ўз навбатида бирлашма ўз ходимларига ойлик маошдан 300 миллион сўм қарздир. Аҳволнинг бундай давом этиши албатта масалани кескинлаштиради, холос. Зеро, ҳар бир одам виждонан истеъмол қилган суви учун пулини тўлаб қўйиш кераклигини тушуниши шарт.

— Тўловлар бўйича мавжуд муаммоларга қарамай, 2013 йилнинг охиригача вилоятда 21 та аҳоли пункти, жмладан 21 565 нафар одамни тоза ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган. Бндан ташқари Жаҳон банки молиявий кўмагида “Ичимлик суви билан таъминалаш тизимларини такомиллаштириш” лойиҳаси амалга оширилиб, унга кўра Сардоба, Мирзаобод, Ховост, Боёвут туманларининг 343 минг  аҳолиси сув билан таъминланади. Бунинг учун Жаҳон банкидан 88 млн.АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган. Уйлаймизки, тез орада Сардоба тумани аҳолиси  яна тоза сувдан баҳраманд бўлади.

Республикамизда аҳоли фаровонлигини  ошириш, ҳудудларнинг санитария-ги- гиена ҳолатини яхшилаш борасида  амалга оширилаётган ишлар тўхтагани йўқ. Аммо  қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш нафақат  ҳукуматимиз, балки аҳолининг ҳам вазифасидир. Зеро, сувдек бебаҳо неъматни тежаб ишлатиш, уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг вазифамиз.

Наргис  ҚОСИМОВА.