«ШАЙТОН ОЛМАСИ» ЁКИ ИНСОНИЯТНИ ҚУТҚАРГАН САБЗАВОТ

 

У пайтлари картошка майда, таъми аччиқ бўлиб, уни истеъмол қилиш учун сувда бир неча кун ивитилиб, қуёшда қуритилган, сўнг талқон ҳолатига келгунига қадар туйилган. Натижада, узоқ муддат сақлаш мумкин бўлган “оқ чуньо” ҳосил бўлган. Картошка ўз “саёҳати”ни кўчманчи қабилалар билан бирга бошлаган. Аммо 1500 йилга қадар у Кордельера тоғларидан фақатгина  қирғоқбўйларигача тушган. Испан босқинчилари ҳиндуларнинг картошка далаларини  пайҳон қилиб, унумдор тупроқ остида қандай бойлик яширинганини  билишмаган ҳам.

Европаликлар  биринчи маротаба картошка ҳақидаги маълумотга  Сиеса де Лионенинг “Перу хроникаси”ни ўқиб, эга бўлишди. 1551 йили антиқа сабзавот ҳақида император Карлга ҳисобот беришади. 1565 йили қулжаллоб Хоукинс томонидан картошка Ирландия ва Шотландияга олиб келинади. Аммо ирландияликлар уни овқатга ишлатишга қўрқишади. Хатто буюк Байрон ўз асарларида “мазкур сабзавотни овқатга ишлатиш, заҳарланишга олиб келиши мумкинлигини” қайд этади. 1586 йили машҳур адмирал Фрэнсис Дрейк картошкани ўз боғига экади. Аммо унинг боғбонига картошка гуллагач, унинг ўрнида пайдо бўладиган кўм-кўк меваларнинг аччиқ таъми ёқмай,  картошкаларни у томири билан суғуриб ташлайди ва тупроқ остида ҳақиқий, ширин таъмга эга бўлган сабзавот борлигини кўриб, ҳайрон қолади.  Европанинг айрим давлатларида 1616 йили картошкани қирол ва императорлар  истеъмол қила бошлагачгина, таомномадан жой олди. Аммо французлар узоқ вақт картошка истеъмоли заҳарланишга олиб келинишига ишонишган. Руҳонийлар уни “шайтон олмаси” деб атаб, айнан картошка жаннатдан Одам Ато ва Момо Ҳавонинг қувилишига сабаб бўлганлигига ишонишган. Фақатган фармацевт кимёгар Антуан Огюст Пармантье мазкур сабзавот камбағалларни тўйдиришига ишонган ва уни аҳоли ўртасида тарқтаиш учун картошка экилган далани панжара билан ўраб, қоровуликка зобитларни қўйган.  Бундай ажабланган французлар тунда барча картошкани ковлаб, ўғирлаб кетишган. Картошка гуллари эса бозорда сотила бошланган. Хаттоки  қирол Людовик XVI саройда мунтазам ташкил этиладиган байрамларда ёқаси картошка гуллари билан безатилган либосда қатнашган.  1793 йилга келибгина французлар картошканинг ҳақиқий қийматини тушуниб етишди. Айнан шу йилларда мамлакатдаги очарчиликдан аҳолини картошка қутқарди. Картошканинг асосий тарғиботчиси Антуан Огюст Пармантьега унинг она шаҳрида ҳайкал ўрнатилиб,  “Инсоният қутқарувчиси”га деган ёзув зарҳал харфлар билан ёзиб қўйилди. Айнан картошкадан таом тайёрлашга ихтисослашган ресторан эгалари ва ошпазларни бирлаштирувчи академия олимнинг номи билан аталади.

Картошкани турли халқлар  ҳар хил ном билан атайдилар: пом-де-терр (ер олмаси), папас, потетес, тартуфель. XIX асрнинг охирларида рус шоири Александр Пушкин номи билан аталган «картофель а ля Пушкин» таоми машҳур бўлган. Қовурилиган картошкани шоир яхши кўриб, тановвул қилганини  ҳамма ҳам билмаса керак. Бир куни уйига кеч қайтган шоир энагаси Арина Радионовна безовта қилгиси келмай, қайнатилган совуқ картошкани сариёғда қовуради. Таомнинг таъми унга жуда ҳам ёқиб тушганлиги боис, кейинчалик уни дўстларига ҳам таклиф этади ва улар  таомга “Картофель а ля Пушкин”  деб ном қўйишади

Наргис ҚОСИМОВА