ЛАЛМИКОР ДЕҲҚОНЧИЛИК ЖАҲОН АҲЛИНИ ТЎЙДИРАДИ

Ер юзида иқлимнинг ўзгариши, чўлланишнинг кўпайиши, ичимлик ва суғориш сувларининг камайиши бутун инсоният олдида  сувни тежаш ва сувсизлик шароитида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш масаласини қўймоқда. Ушбу муаммонинг ечими лалмикор ерларни ўзлаштириш ва у ерда экиладиган  экинларнинг ҳосилдорлигини оширишдан иборат. Лалмикор ерлардаги намлик асосан  куз ва қиш фаслларида ёққан ёмғир ва қорнинг ёғиш даражасига боғлиқ. Бутун дунёда бундай ерларнинг майдони ҳар йили намлик даражасига қараб ўзгариб туради. Айнан лалмикор ерлар бугунги кунда улкан аҳамиятга эга бўлиб, суғорилмайдиган ҳудудлардан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бугунги кунда  лалмикор ерлар асосан Афғонистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Судан, Туркия, Марказий Осиё давлатларида кенг тарқалган бўлиб,  ҳавонинг исиши натижасида музликларнинг эриши, ёғингарчиликнинг кўпайиши сўнгги йилларда лалмикор ерлардаги ҳосилдорликнинг ошишига олиб келмоқда. Бундан ташқари айнан лалмикор ҳудудлар  чорвачиликнинг ривожланишига омил бўлиб хизмат қилади. Кенг яйловлар, кузги буғдойдан бўшаган ерлар қорамол ва майда туёқли чорванинг ривожланиши учун қулайдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан лалмикор ерлардан кузги буғдой йиғиштириб олингач, унинг ўрнига экилган маккажўхорига боқилган чорва ёз фаслининг энг иссиқ ойларида ҳам вазн йиғади.

Ҳиндистон  деҳқон-чорвадорлари мазкур усулдан қадимдан фойдаланиб келишади. Тоғ ёнбағрларидаги суғорилмайдиган ерларда ўстириладиган  иссиққа чидамли экинлар аҳолининг аксарият қисмини зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмасдан йилдан йилга кўпайиб бораётган қорамолларнинг сонини тез суръатларда ўсишига ҳам омил бўлмоқда.  Бунинг асосий сабаби  буддизм динида сигирлар суйилишининг таъқиқлаганлигидир. Йирик шохли қорамоллар мамлакатда асосан ишчи ҳайвон сифатида фойдаланади. Бугунги кунда бир неча ўн миллион қорамолга эга бўлган Ҳиндистон улар учун озуқабоп экинларни  лалмикор ерларда етиштиради. Бундай ерлар мамлакатнинг 57 фоизини ташкил этади. Мамлакат мустақилликка эришгач, ҳукумат томонидан биринчи галда аграр ислоҳотлар ўтказилиб, йирик ер эгалари йўқ қилинди. Ер  майда деҳқонларга бўлиб берилди. Қисқа муддат ичида Ҳиндистон бир йилда 185 млн. тонна буғдой етиштиришга эришди ва дунёда Хитой ҳамда АҚШдан сўнг учинчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Ҳиндистонда шартли равишда бўлинган учта ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, суғориладиган Ҳинд-Ганга дарёлари бўйидаги ерларда асосан буғдой, шоли, пахта, шакарқамиш экилса, Панжоб штатида узунтолали пахта, шоли ва буғдойнинг 40 фоизи етиштирилади. Учинчи ҳудуд Декан  тоғ ёнбағирларини  қамраб олади ва бу ерда лалмикор ерларга ихтисослашган  қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Энг қизиғи буғдойдан ташқари ҳинд фермерлари лалмикор  ерларда маккажўхори, жавдар, қисқатолали пахта етиштиришни ҳам яхши йўлга қўйишган. Бошқа ҳудудларга нисбатан ҳосилдорлик бу ерда анча паст бўлишига қарамай, биргина пахтанинг ўзидан ҳар гектардан 26 центнергача ҳосил олинади.

Афғонистонда узлуксиз давом этган ҳарбий ҳаракатлар унинг қишлоқ хўжалигига  салбий таъсирини кўрсатди. Мамлакатда фаолият юритиб келаётган салкам 2,5 млн. фермерларга бир йилда 250 минг тонна уруғли буғдой керак бўлиб,  асосан ғалла лалмикор ерларда етиштирилади. Чунки суғориладиган ерлар кўп бўлишига қарамай, уруш оқибатида буткул яроқсиз ҳолатга келиб қолган ирригация тизимини тиклаш учун анчагина маблағ зарур. Бугунги кунда мамлакатда етиштирилаётган мева ва полиз экинлари ҳам лалмикор ерларда етиштирилмоқда. Бу ўз навбатида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда  инновацион технологияларни, шунингдек полиз экинларини янтоққа пайвандлаш асосида етиштириш кенг йўлга қўйилмоқда.

Эронда Афғонистонга нисбатан бир мунча ўзгача ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳайдаладиган ерлар мамлакат ҳудудининг 20 фоизини ташкил этиб, уларнинг асосий қисми шимолда, Каспий денгизининг яқинида жойлашган.  Ҳозирда мамлакатда 7,5 млн. га ер суғорилиб, 46 фоиз  қисмида лалмикор деҳқончилик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Лалмикор ерларда фермерлар асосан кузги буғдой, арпа, писта етиштириб, айнан мазкур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилаётир. Шунингдек лалмикор ерларда деҳқончилик қилаётган фермерларнинг аксарият қисми чорвачилик билан ҳам шуғулланиши, қишлоқ хўжалигидаги яйлов учун ажратилаётган ҳудудлар сони камайиб бораётганлиги туфайли, соҳа ривожи учун ҳам лалмикор майдонлардан фойдаланилмоқда.  Бошқа мамлакатлар сингари Эронда ҳам лалмикор ерларда асосан буғдой етиштирилиб, суғориладиган ҳудудларда шоли, пахта, қанд лавлаги етакчилик қилмоқда.  Ўтган асрнинг 60- йилларида ўтказилган аграр ислоҳатлар  айнан буғдой учун ажратилган майдонларни янада кенгайтириш, лалмикор ерларда юритилаётган деҳқончиликда янги технологиялардан фойдаланиш имконини берди. Натижада 1990 йилларда буғдойдан 11 млн. тонна ҳосил олинган бўлса, бугунга келиб унинг ҳажми  3 баробарга ортди. Эрон дунёда юқори сифатли қуритилган мевалар, тоғ пистаси ва зираворлар экспортери саналади. Қир ёнбағрларида ўстириладиган тоғ пистаси ва зираворларнинг айрим турлари сувни тежаш имконини бериб, лалмикор ерларда деҳқончиликни янада ривожланишига олиб келмоқда.

Бугун мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, тупроқни муҳофаза қилиш, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, табиий захиралардан самарали фойдаланиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Айтиш жоизки, тупроқ унумдорлиги ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш кўп жиҳатдан унга эҳтиёткорлик, тежамкорлик билан муносабатда бўлиш, уни яхшилашга қаратилган ҳаракатларга боғлиқ. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимиз қишлоқ хўжалик инфратузилмасини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш, лалмикор ва суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилиб келаяпти.   Лалмикор ерлар майдони 767 минг гектардан зиёд бўлиб, уларга асосан кузги буғдой, полиз экинлари ва узум экилади. Маҳсулот етиштириш учун экин эқиш учун етарли даражада намлик тўплайдиган ерлардан фойдаланилади. Бу ерларнинг катта майдонлари Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Жиззах вилоятларида жойлашган. Жорий йилда лалмикор ерларда узумчиликни ривожлантириш бўйича ишлар  олиб бориши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 октябрда қабул қилинган “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йилларда республикада узумчилик соҳасини янада такомиллаштириш чора –тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида  амалга оширилиб,  Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг лалмикор майдонларида узум етиштириш кўзда тутилган. 2013 йилда мамлакатимизда 5500 гектар токзор, 4500 гектар боғ барпо этилиб, қарийиб шунчаси реконструкция қилинган. Паркент, Бўстонлиқ, Янгийўл, Зангиота, Самарқанд, Жомбой, Асака туманларининг мева ва узум етиштиришга ихтисослаштирилганлиги яхши самара бермоқда. Мутахассислар таъкидлашича, юртимизнинг тоғли ҳудудларида лалмикор боғдорчиликни ривожлантириш яхши натижалар беради. Бунда айниқса, Туркистон ва Нурота тоғ тизмаларининг катта ҳудудини эгаллаган Жиззах вилоятининг имкониятлари юқори. Таъкидлаш ўринлики, вилоятнинг Жиззах, Зомин, Янгиобод, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида янги бодом навларини экиш, мазкур ҳудудларда лалмикор бодом боғларини барпо этиш ҳам иқтисодга, ҳам вилоятнинг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Республикамизда жами лалмикор деҳқончилик юритиладиган ер майдони 754 минг гектарни ташкил қилади. Юртимизда лалмикор майдонларни  об-ҳаво ҳамда тупроқ таркибига кўра тўртга бўлиш мумкин. Шундан асосийси текисликда жойлашган бўлиб, унда ёғингарчилик  миқдори 250-300 миллиметрни ташкил этади ва асосан ғалла етиштиришга мўлжалланган. Қир-адирларда амалга оширилаётган лалмикор  деҳқончилик иккинчи ҳудудни ташкил этиб, агротехник қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда деҳқончилик қилинса барча турдаги лалмикор экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. Мазкур деҳқончилик учун энг қулай минтақа тоғолдидир. Ёғингарчиликнинг юқорилиги томири азот йиғувчи экинлар билан ғаллани алмаштириб экиш яхши натижа беради ва  тупроқдаги табиий намликдан ҳамда унинг унумдорлигидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Лалмикор ерларда тупроққа ишлов бериш тизимини тўғри олиб бориш ўсимликни бутун вегетацияси давомида намлик, озиқа моддалар билан етарли даражада таъминлашга, тупроқнинг сув-физик хусусиятларини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга тупроққа турли усул ва чуқурликда ишлов бериш орқали уни сув ва шамол эрозиясидан, бегона ўтлардан, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мумкин.  Лалмикор деҳқончилик бутун дунёдаги каби кузги ғалла етиштириш учун қулайдир. Бугунги кунда ер шари аҳолиси жадал суръатлар билан ўсаётган бир пайтда аҳолини зарур. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда лалмикор деҳқончилик муҳим роль ўйнамоқда.Албатта, лалмикор ерлардаги деҳқончилик орқали олинаётган ҳосилнинг салмоғини ошириш учун бугунги кунда деҳқонлардан янги технологияларни интенсив равишда ўзлаштириш, куз ва қиш фаслларда ерга тушадиган намликни сақлаб қолиш, ирригация тизимларини такомиллаштириш,  томири узун бўлган  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари турини кўпайтириш, суғорилмайдиган ерларда экотизимни сақлаб қолиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларга амал қилишни талаб қилади. Ҳозирда лалмикор ерларнинг экомувозанатини сақлаб қолиш муҳим масала бўлиб, ҳосилдорликни ошириш учун тупроққа киритиладиган кимёвий ўғитлар тупроқ таркибини ўзгартириб, экинларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида экологик жиҳатдан тоза бўлмаган сабзавот ва полиз экинлари, ғалла таркибида кимёвий моддаларнинг кўпайиши уларни истеъмол қилаётганларда турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш  жаҳондаги асосий масала бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига биринчи навбатда қўйилаётган талабдир.

Наргис ҚОСИМОВА