АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ёки буғдой етиштиришда етакчи мамлакат

Бугунги кунда АҚШ 50 та штатдан иборат бўлиб,  уларнинг барчаси  тенг ҳуқуқли федерация субъекти ҳисобланади.  Ҳар бир штат ўз конституцияси, қонунчилик, ижро ва суд хокмиятига эга. Штатларнинг  номлари аксарият ҳолатларда  Англия ва Франция қиролларининг ва ҳинд қабилаларнинг номларидан келиб чиққан. Бугунги кунда 320 млн. нафар  (2013) аҳолига эга бўлган АҚШ аҳолисини боқиш учун мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш муҳим ўрин тутади.  Айтиш жоизки, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ҳажми жиҳатидан АҚШ кўпгина давлатлардан устундир. Соҳа  АҚШ аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларини билан таъминлабгина қолмай, кўпгина маҳсулотларни экспортга ҳам чиқаради. Буларнинг сирасига ғалла, мева ва сабзавотлар киради. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш штатлар бўйича ихтисослашувини ўз ичига олишини инобатга олсак, етиштиришда фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш маҳсулдорликнинг ошишига олиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалигининг ривожи- фаровонлик асосидир

Дунёдаги қайси мамлакат иқтисодиётининг ривожига қараманг, аввало аҳоли фаровонлиги мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг   сифати билан белгиланишини кўрамиз. Бу тамойил АҚШга ҳам хосдир. Мамлакатнинг шарқий қисми асосан текисликдан, ғарбий қисми эса қирлардан иборат бўлганлиги сабабли  уларни ҳайдаш ёки яйлов сифатида фойдаланиш қийинчилик тўғдирмайди. АҚШ штаталари асосан мўътадил ва субтропик иқлимларда жойлашиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун қулай. Бу ерда буғдой, маккажўхоридан тортиб пахтага, цитрус меваларгача экилишини инобатга оладиган бўлсак, айни пайтда аҳоли етарлича озиқғовқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.  Қишлоқ хўжалигининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1862  йили АҚШ Конгресси томонидан гомстедлар тўғрисидаги Қонун қабул қилинади. Унга кўра,  ҳар бир фуқаро  қўриқ ерлардан арзон нархда ер олиб, уни қайта ишлаши мумкин эди.  Ўрта ва Узоқ Ғарб ерларининг аксарияти ана шундай «гомстедерлар»,  томонидан ўзлаштирилган эди. Кейинчалик мазкур хўжаликлар ўрта ва майда фермер хўжаликларга айланиб,  улар аҳоли учун зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштира бошлашди.  Темир йўл қурилиши хўжаликларнинг ривожига асос бўлди. Деҳқончилик ва чорвачилик экстенсив характерга эга бўлиб,  ҳосилдорлик кам эди.  Қулдорлик бекор қилингач, аввалги қуллар камбағал ижарачм, яъни кропперларга айланиб, улар буткул плантаторларга қарам эдилар.  Жанубда пахта етиштирилишини инобатга оладиган бўлсак,  кропперлик тизими узоқ вақт Жануб штатларининг мазкур соҳада қолоқлигини белгилаб берди. Бу ердаги ҳолат Иккинчи жаҳон уруши тугагач, ижобий томонга ўзгара бошлади. Бугунги кунда АҚШда қишлоқ хўжалигини ривожида  асосий маҳсулотларни кўплаб етиштирадиган йирик фермер хўжаликлари муҳим роль ўйнаб, 1 фоиз фермалар умумий маҳсулотнинг 40 фоизини етказиб беради. Фан-техниканинг ривожи агросаноат мажмуасининг вужудга келишига сабаб бўлиб, у нафақат маҳсулотларни етиштириш, балки уларни қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сотишни, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ва кимёвий  ўғитларни ишлаб чиқаришни ҳам ўз ичига олади.  АҚШда замонавий техника билан жиҳозланган ва компьютерлаштирилган йирик фермаларни аллақачон “фабрика” деб  аташади.  Масалан, “пахтачилик фабрикаси”, “чорвачилик фабрикаси”, “бройлерлик  фабрикаси” ва хоказо. Бу ўз навбатида меҳнат унумдорлигини ошишига олиб келаётир ва айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бир киши 50 нафар одамни боқмоқда.

Деҳқончилик ва чорвачилик –етакчи соҳалар

АҚШнинг ер фонди (Аляскадан ташқари) 770 млн. гектарни, шундан ҳайдаладиган майдон 20%ни,  яйлов ва ўтлоқлар 50%, ўрмон — 15%ни ташкил этади. Бу рақамлар турли штатда турлича бўлиб, биргина Айова штатида 90 фоиз ер майдони ҳайдалади. Сўғориладиган умумий ер майдони 17 млн. гектардир. Айтиш жоизки, Шимолий Америка қишлоқ хўжалиги нафақат аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, балки мамлакат экспорти ҳажмининг йилдан йилга ўсиб боришини ҳам таъминлайди. Биргина ғалла сотиш бўйича АҚШ дунёда биринчи, Канада эса 2 -ўринда туради.  АҚШ ва канадалик фермерлар Шимолий ва Жанубий Америка аҳолисини озиқ-овқат маҳсулоти  билан тўлиқ  таъминлай олади. Мамлакатда буғдой, жавдар, рапс, маккажўхори, гречиха, арпа етиштирилса, АҚШнинг Калифорния штатида цитрус мевалари, узум, олма, нок, анор нафақат маҳаллий аҳоли, балки европаликлар дастурхонини ҳам безаб туради.  Асосий ем экини маккажўхори бўлиб,  у 30 млн.гектар майдонга экилади ва гектаридан 55 центнергача ҳосил олинади. Маккажўхори асосан  Айова, Иллинойс, Индиана ва унга қўшни штатларда етиштирилади.  Бўғдойнинг ҳосилдорлиги ўртача 22 центнер бўлиб,  у асосан ёғин кам бўлган ҳудудларда экилади.  Умумий буғдой экиладиган майдон  ўртача 25-30 млн. гектардир. Фермерлар алмашиниб экиш технологиясини кенг жорий қилганликлари сабабли, соя, арпа, сулидан ҳам юқори ҳосил олишга эришишган.  Улардан тайёрланадиган  “комбикорм”  паррандачилик фабрикалари томонидан тезда сотиб олинади.

Буғдой ва маккажўхоридан сўнг кейинги ўринда  соя туради. Мазкур экин АҚШга ўтган асрнинг 30-йилларида кириб келган. Айни пайтда АҚШ дунёда соянинг 60 фоизини етказиб беради. Чунки соя мойи АҚШда истеъмол қилинадиган ўсимлик ёғининг 65  фоизини қоплайди. Соя асосан маккажўхори экиладиган ҳудудларда етиштирилади.

Пахтачилик АҚШнинг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, 19 асрда у экспорт маҳсулотлари ичида биринчи ўринни эгалларди. Аммо фан-техниканинг ривожи, шу билан биргаликда  кимёвий толаларнинг яритилиши мазкур пахта экин майдонларининг қисқаришига  олиб келди. Бугунги кунда йирик пахта плантациялари Миссисипи дарёси бўйларида, Техас, Калифорния, Аризона штатларида мавжуд. Пахта майдонлари 5 млн. гектардан ортиқ бўлиб, ундан 2,5 млн. тонна пахта толаси ва 6 млн.т. чигит олинади. Пахта мойи соя мойидан сўнг иккинчи ўринда бўлиб,  унинг  бир қисми  экспорт қилинади.

Аппалачи тоғёнбағрларида етиштириладиган тамаки бўйича ҳам АҚШ етакчи. Тамаки кичик фермаларда экилиб, у кўп қўл меҳнатини талаб қилганлиги боис, уни эккан фермерлар маҳсулотларини тамакини қайта ишлайдиган йирик монополияларга сотишади.

Шакар ишлаб чиқариш учун экиладиган шакарқамиш ва қанд лавлаги асосан сўғориладиган ерларда  етиштирилади. Шакарқамиш Флорида, Луизианада, Гавайя оролларида кўплаб экилади. Шунга қарамай  олинаётган маҳсулот аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди ва шакар Пуэрто-Рико, Филиппин ва бошқа мамлакатлардан ҳам олиб келинади.

АҚШда  сўнгги  йилларда сабзавот, ем тайёрлаш учун ишлатиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экиш ҳажми ортган. Шу билан биргаликда  мазкур мамлакатларда  энг кам миқдорда кимёвий ўғитлар ишлатилади. Бу эса, ўз навбатида етиштирилаётган маҳсулотнинг экологик жиҳатидан тозалигини таъминлайди.

АҚШ қишлоқ хўжалиги  чорвачиликнинг яхши ривожланганлиги билан ажралиб туриб, мазкур соҳа  ялпи маҳсулотнинг 55 фоизини беради. Бу Шимолий-Шарқда  сутчилик яхши ривожланган бўлса, ўрта ҳудудларда йирик шохли мол ва чўчқачилик яхши даромад келтиради. Гўшт учун ўстириладиган чорва моллари асосан ем учун  етиштириладиган экин маҳсулотлари жойлашган ҳудудларда кенг тарқалган. Чўчқачилик ҳам  асосан маккажўхори етиштириладиган ҳудудларда яхши ривожланган.

Паррандачилик  Иккинчи жаҳон урушидан сўнг  йирик соҳага айланди. Бройлер жўжаларнинг 90 фоизи  Жоржия, Алабама, Шимолий ва Жанубий Королина  штатларида ўстирилади. Чунки бу ернинг иқлими юмшоқ ва  илиқ бўлиб, айнан мазкур соҳа юқори механизациялашган ҳисобланади. Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида “экологик тоза маҳсулот”га бўлган талабнинг ошиши айнан турли хил кимёвий қўшимчаларсиз озиқлантириладиган жўжаларни боқиш ва паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни талаб этмоқда. Бундай маҳсулот “экологик тоза” белгиси билан ишлаб чиқарилиб, нархи бир оз қиммат бўлсада, харидоргирдир.

Фермерчилик ривожида коммуникацион технологиялар самараси

Урбанизациялашув жадал бораётганлигига қарамай, қишлоқ хўжалигида банд одамларнинг сони камаяётгани йўқ. Чунки фермерчилик ҳаракатининг ривожидан ҳукумат манфаатдордир. Улар учун имтиёзли кредитлар ажратилиб,  малакаларини ошириш учун мунтазам равишда турли хил семинар ва тренинглар уюштирилади.  Ҳар бир фермер бирор бир кооператив ёки уюшма  аъзоси бўлиб, улар фермерга маҳсулотини етиштириш, техника билан таъминлаш, сотиш ва ҳуқуқий маслаҳатлар билан яқиндан ёрдам беришади. Техника асосан лизингга олиниб, бир йил ундан фойдаланганч дилерга қайтаришади ва  устама ҳақ эвазига янгисини олишади.  Бу эса эски техникани ўзида ушламай,  ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Дилер эса мазкур техникани майда фермерларга сотади. Фермерлар етиштирган маҳсулотни сақлашга катта эътибор беришади. Қишлоқ хўжалиги ҳудудларида бундай омборларни  ҳар 2-3 километрда кўриш мумкин.  Кўпинча фермерлар бир хилдаги экин ёки сабзавот ва мевани етиштиришга ихтисослашишади. Ғаллани фермадан элеваторгача кўп холларда фермернинг ўзи ташийди. Прицепларнинг конструкцияси жуда ҳам қулай бўлиб, 38-40 тоннагача ғалла сиғади ва фермер элеваторга юкни тушириш учун атиги 15 дақиқа сарфлайди, холос.

Сўнгги  йилларда ўз фаолиятларида коммуникацион-ахборот технологиялардан фойдаланаётган америкалик фермерларнинг сони тобора ортиб бормоқда. 1997 йилдан бошлаб фермерлар интернетдан бошқарувда самарали фойдаланиб келишмоқда.   Аграр секторда электрон савдонинг ривожи фермерларга бир қанча енгилликлар тўғдириб, ўз маҳсулотларини ўртадаги воситачисиз сотиш, дўконлар, супермаркетларга етказиб бериш имкониятини берди. Қишлоқ хўжалиги техникаси ва  жиҳозларини харид қилиш асосан электрон савдо орқали амалга оширилмоқда. Электронсавдо тизими орқали фермерлар 2014 йили 287 млн. АҚШ долларига тенг ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотишди.Бугунги кунда ахборот технологияларидан фермерлар қишлоқ хўжалиги ва юридик соҳада маслаҳатлар олиш, муаммоларни биргаликда ечиш, бошқа фермерлар билан  алоқа ўрнатиш, хорижий ҳамкорлар топиш, банк операцияларини, солиқларни тўлаш ва ҳоказоларни  амалга оширишда самарали фойдаланишмоқда.

Фермерларнинг ҳаёти анча фаровон бўлиб,  олаётган даромадлари юқорилиги боис бугунги кунда фермерчиликка ёшларнинг қизиқиши ортиб бораётир.

Пахта зараркунандасига ҳайкал

*2015 йили Алабама штатида пахта қўнғиши экинга оралаб, уч йил ичида  бутун плантациялар ҳосилдорликдан маҳрум бўлишди. Бундан таҳликага тушган фермерлардан бири банкир дўстининг маслаҳатига кўра ғўза ўрнига  ерёнғоқ экади. Ундан намуна олган бошқа фермерлар ҳам ерёнғоққа ўтишади.  Улар инқироздан чиқибгина қолмай, бойиб ҳам кетишади ва бунинг сабабчиси бўлган пахта  қўнғизига хайкал қўйишди.

* Ҳар бир америка фуқароси  ўртача бир кунда 410 литр сувни сарф қилади.

*Монтана штатида чорва сони уч баробар аҳоли сонидан кўпдир.

* АҚШнинг барча штатларидан энг кўп озиқ-овқат маҳсулотлари Калифорния штатида ишлаб чиқарилади.

*АҚШда асосий тил инглиз бўлишига қарамай, у давлат тили ҳисобланмайди.

*  Америка Қўшма Штатларининг миллий рамзи Оқбошли бургутдир (Bald Eagle)

*Миллий гул –атиргулдир.

* АҚШнинг норасмий номи Колумбия бўлиб, уни 1492 йилда очган Христофор Колумб номи билан аталади.

Наргис ҚОСИМОВА