[:UZ]Бугун миллий матбуот марказида «Экологик мавзуларни ёритишда бирлашайлик» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Экология мавзуида қалам тебраётган журналист ва блогерларни бирлаштириш, республикамизда фаолият олиб бораётган экологик ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилган ушбу тадбир қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Тадбир доирасида журналист, блогерларнинг экологик муаммоларни ёритиши ва уларга давлат ташкилотлари томонидан билдирилаётган муносабатлар, экологик журналистика олдида турган вазифалар ҳақида маърузалар тингланди.
«Экологик муаммоларни бартараф қилишда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ОАВ билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр, – деди қўмита ахборот хизмати раҳбари Б.Абдуллаев. – Экологик муаммолар жуда кенг қамровли, журналистлар одатда чиқинди, дарахтларнинг кесилиши, Орол муаммоларига кўпроқ тўхталмоқда. Натижада айтайлик, қушларнинг нега камайиб кетаётганлиги, сувдан оқилона фойдаланмаслик оқибатлари, дарёлар ўзанларининг қум-шағал заҳираларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида чуқурлашиши, ер ости ичимлик суви заҳираларининг ифлосланиши, бу эса ўз навбатида дарё ўзанларидаги стратегик объектлар хавфсизлигига, айрим дарё ўзанларида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар аҳолининг ҳаётига ва уларнинг мол-мулкига хавф солаётгани каби муаммолар кам ёритилмоқда. Бу муаммоларни бартараф этишда, ечим топишда биз журналистларга, экофаолларга суянамиз. Келгусида турли экотур ва пресс-турлар режалаштирганмиз».
Экологик журналистика кенгашининг раиси Наргис Қосимова овни таъқиқлаш бўйича мораторий жорий қилиш таклифини ўртага ташлаганида, барча қатнашчилар қўллаб-қувватлади.
Тадбир доирасида аниқландики, экологик муаммоларни ёритаётган журналистлар кўп, аммо улар кўтарган мавзуга муносабат йўқ. Ва яна бир эътиборли ва таассуфланарли жиҳат, Ўзбекистон экологик партиясининг фаоллари бу тадбирга иштирок этмаганлиги.
[:]