[:UZ]Уларнинг қотили кимлар?[:]

[:UZ]

Сайтимизга Фарғона вилоятида, Жиззах вилоятларида уйсиз ҳайвонлар отиб, заҳарлаб ўлдириб кетилаётгани ҳақида бир нечта эътирозли мурожаатларни эълон қилдик. Бу мурожаатларда Экология бошқармаларидан ушбу шафқатсиз ҳолатларни бартараф қилишда амалий ёрдам сўраб, расмий муносабатлар кутган эдик, аммо Экология бошқармалари бу масала Экология ташкилотига тегишли бўлмаганлиги учун норозилик билдиришди. Тўғри уйсиз ҳайвонлар билан шаҳар (туман), вилоят ҳокимликларига қарашли Ободонлаштириш бошқармалари масъул. Аммо ушбу тизим ходимлари етарли тушунчага эмасликлари учун Экология бошқармаларидан амалий ёрдам кутган эдик. Майли бу масаланинг ечимини топиб, бунга бир кунмас бир кун чек қўйилишига ишонамиз.

Мавзуга қайтсак. Итларнинг вилоятларда отиб, заҳарлаб ўлдириб кетиш ҳолатлари фақатгина Фарғона ва Жиззах вилоятларида эмас, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган экан. Бу ваҳшийликдан бошқа нарса эмас. Ҳа тўғри! Сизда исбот, ҳужжат борми, дейдиганлар албатта топилади. Сайтимиз кузатувчиларидан бири Наманган вилоятида ҳам итлар бирин кетин қириб ташланаётгани ва бу бўйича республикада “Профилактик ўн кунлик” тадбирлари ўтказилаётганлиги хабар қилди.

Наманган вилоят ҳокими-фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2022 йил 26 январдаги № FM-4 сонли буйруғига асосан вилоятда одамлар ва ҳайвонлар ўртасида қутуриш касаллиги профилактикаси бўйича “Профилактик ўн кунлик” тадбирлари 1 февралдан 15 февралга қадар ўтказилиши белгиланибди. Масалага чуқуроқ қарайдиган бўлсак, демак бу каби тадбирлар республиканинг барча вилоятларида ўтказилиши бўйича буйруқлар чиқарилмоқда. Албатта бу бизга келиб тушаётган маълумотларга таянган ҳолда таҳмин қилинмоқда.

Энг қизиғи буйруқда бирор жойда уйсиз ҳайвонлар отиб ёки заҳарлаб ўлдирилсин деган талаб йўқ. Ҳа, бундай талаб албатта ёзма ҳужжатларда эмас, албатта оғзаки кўрсатмаларда бўлишини бир неча йиллик фаолиятимиздан келиб чиқиб яхши биламиз. Буйруқнинг 5- бандида уй ҳайвонлари ўз вақтида профилактик вакцинация қилиш мақсадида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ветеринария бўлимларига уй ҳайвонларини сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва тақдим этиш вазифаси юклатилган. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, қайси маҳалла раиси ўз вақтини ушбу маълумотларни тўплашга ажратади? Шу пайтгача уйда боқаётган итингиз ва мушкуларингиз ҳақида бирор марта маҳалла ходимлари маълумот тўплаганми? Кимни ва кимларни нима билан алдамоқчимиз.

Буйруқнинг 6.1 бандида кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни доимий тутилиши таъминлансин ҳамда, уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этилсин, дейилган. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳайвонларни кетидан шунча ишни қилади деб ўйлайсизми? Албатта йўқ! Улар ваҳшиёна муносабатга кўникиб кетишган. Улар учун кўча ҳайвонларининг ўлими афзалроқ. Отиб ўлдиришади ёки заҳарлаб ўлдиришади. Чунки махсус жойларга олиб кетилгач, итлар овқат бериб боқилиши, эгаси чиққунига қадар махсус жойларда сақлаб турилиши, эмланиши керак. Бу ишларни қилиш яхшироқми ёки ўлган ҳайвонланинг рўйхатини шакллантириш осонроқми?

Мақолани ўқиб орангизда www.ekolog.uz сайти фақат итлар ва мушукларни, ҳайвонларни ҳимоя қилишни ўйлайди, одамлар тақдири уларни қизиқтирмайди, дейдиганлар албатта топилади. Аммо биз бундай тор фикрлашдан қачон воз кечамиз? Нега ободонлаштириш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари ходимларига кўчамиздаги одам тегмаса одамга тегмайдиган итларни жойида эмалашларини талаб қилмаймиз (албатта эмлаш учун давлат буюджетидан маблағ ажратилади). Агар уларни ўлдирмасдан эмлашларини талаб қилсак ва уларни меҳр бериб, бир бурда нонимизни аямасдан боқсак, ҳайвонлар томонидан ҳам одамларга нисбатан тажоввузкорлик , агресия бўлмайди. Бунга Туркия, Грузия давлатларини бемалол мисол қилиб келтирса бўлади. Аммо негадир фуқароларимизга Аллоҳим томонидан жон ато этилган жониворларнинг аянчли ўлими кўпроқ завқ беради ва улар ўлдирилса худди бизга касаллик юқмайдигандек туйилади. Ажали етса одам исталган касаллик орқали ҳам вафот этиши ёки касалланиши мумкин.

Энг аянчлиси нима эканинини биласизми? Тирик ҳайвонлар касаллик деярли олиб келмайди. Аммо уларнинг ўлик жасадлари ҳар қандай касалликни келтириб чиқариши мумкин. Бир ўйлаб кўринг маҳаллангиздаги ва кўчангиздаги заҳарлаб, отиб ўлдирилаётган итлар жасадлари қаерга кетяпти? Албатта умумий ахлат тўкиш майдонларига. Аслидачи қандай бўлиши керак?

Аслида шароитлардан келиб чиқиб, жойларда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ва санитария –эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари билан келишилган ҳолда ободонлаштириш бошқармаларида ўлган ва улар томонидан ўлдирилаётган ҳайвонлар жасадларини йўқ қилиш учун крематорийлар ёки “Беккери” чуқурлари қурилиши керак. Аммо бундай чуқурлар ҳақида ҳеч ким билмаса керак. Сизлар ҳам биринчи маротаба эшитаётган бўлишингиз мумкин. Мақоланинг шу жойида бу каби чуқурлар Сардоба тошқинларида халок бўлган ҳайвонлар учун қазилиб, сувда чўкиб ўлган ҳайвонларнинг жасадлари йўқ қилинганини эслатиб ўтмоқчимиз. Агар сизда заррача бўлса ҳам меҳр – шафқат бўлса кўчангиз ва маҳаллангизда, болаларингиз кўз ўнгида бундай ишларнинг бажарилишига йўқ қўйманг. Уларни эмлатиб, боқиб, қарамоғингизга олинг. Аллоҳдан бу ишларингиз учун мукофотнинг энг олийсини олишингизга ишонамиз.

Фотима Чориева

[:]