ОРОЛ МУАММОСИ ҲАЛ БЎЛАДИМИ?

Ўтган асрнинг 60- йилларида мутахассислар фазодан туриб Орол денгизи ўзанларининг қисқараётганини аниқлаганлар. Ўтган давр мобайнида денгиз фожиаси  ортиб бир вақтлар мавжланиб оққан ва 60 млн.дан ортиқ аҳолиси бўлган Ўрта Осиё халқларини сув билан таъминлаган ҳамда катталиги жиҳатдан дунёда 4 ўринни  эгаллаган улкан денгиз ўрнини бугунги кунда 5.5 млн. гектар  зарарли тузлар ва қумликдан иборат Орол саҳроси эгаллади.

Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган.Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг қуриган ҳудудида жорий йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ерда шўрга чидамли дарахт кўчатлари ва саксовуллардан ўрмонзор барпо этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатида гапириб, Орол денгизи атрофини ўрмонзорга айлантириш бўйича таклиф билдирганди. “Тасаввур қилинглар, агар биз бир йилда 500 минг гектар ўрмонзор ташкил қилсак, 10 йилда қандай бўлади? Тасаввур қилинглар, 27 йилда шуни ташкил қилганимизда ҳозир қандай аҳвол бўларди?” – дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Президенти.

Оролнинг қуриган ҳудудларида саксовул ва шўрга чидамли бутазорлардан ўрмонзор ташки этиш масаласи 700 минг гектар ерни қамраб олиши назарда тутилган. Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2013 – 2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.

2017 – 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Оролни ўрмонлаштириш ишларида  айни кунларда барча кўнгилли жамоалар фаол иштирок этиб сидқидилдан ишламоқдалар. Халқимиз сахий,  бу каби эзгу ва хайрли ишда  ҳар  жиҳатдан ёрдам қўлини чўзмоқда. Жойларда турли давлат ва нодавлат ташкилотлари қатор ташаббуслар билан чиқмоқдалар.

Куни кеча Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 11-сон экология йўналишига ихтисослаштирилган  мактаб интернати педагог ходимлари, тумандаги “Қоқиштувон” МФЙ  аҳолиси, Экоҳаракат Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси  “Ёшлар қаноти” фаоллари, Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши аъзолари,  вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари  иштирокида  “Орол муаммосини биргаликда бартараф этамиз” шиори остида ўтказилган акция шу каби хайрли ташаббусларнинг дебочаси бўлди.

Акция иштирокчилари Ромитан тумани “Қоқиштувон” МФЙ чўл ҳудудларидан  50 килограмдан ортиқ саксовул уруғларини йиғиб олдилар.

Акция тугагач  Ромитан туманидаги 11-сон экология йўналишига ихтисослаштирилган  мактаб интернати ўқувчилари иштирокида  экологик  мавзуда давра суҳбати ҳам ўтказилди.Давра суҳбатида ёшларга Орол денгизи фожиаси ва бугун денгизнинг қуриган тубида амалга оширилаётган хайрли ишлар, Республикамиздаги қўриқхона ва Миллий боғлар тўғрисида маълумот берилди. Тадбир сўнгида акция давомида  йиғилган саксовул уруғлари  Экоҳаракат ҳудудий бўлинмаси вакилларига топширилди.

Худди шундай акция Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши аъзолари, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Бухоро ихтисослаштирилган  “Жайрон” питомниги ишчилари иштирокида питомникнинг саксовулзор ҳудудларида давом эттирилди. Акция иштирокчилари томонидан  яна 100 килограмга яқин уруғлар йиғилди.

Бошланган акция давомида йиғилган саксовул уруғлари  Орол денгизининг қуриган тубида саксовулзорлар барпо қилиш учун жўнатилади.

Орол денгизи муаммоси, дунёни ташвишга солаётган масала саналади. Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол туфайли юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини камайтириш, ҳудудни яшилликка, яхшиликка буркаш ва шу орқали минтақада экологик ҳолатни яхшилаш, ям-яшил ўрмонзорларини барпо этиш – бу албатта савобли иш. Бу каби савобли ишда барчамиз ўз улушимизни қўшишимиз масалага дахлдорлик билан ёндошишимиз, пировардида Орол офатини омадга айлантиришимиз, қолаверса бугунги ва келажак авлодни соғлом табиий муҳитда яшаш имкониятларини кенгайтирган бўламиз. Албатта, денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди.

 Жаҳонгир Шарипов

Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро

вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори