Бир тонна аммиак олиш учун ишлатиладиган 1000 м.куб сув бу ўрта ҳисобда 300 000 минг кишини кундалик ичадиган сувини ёки 6000та кишини суткалик барча зарурий эҳтиёжини қоплаган бўлар эди. Шунингдек, саноат корхоналарида ишлаб чиқаришда ишлатиладиган катта миқдордаги сувни тегишли тартибда тозаламасдан дарё ва денгизларга қуйиб юборилиши аҳволни оғирлаштирмоқда.
Аҳолини коммунал-маиший шароитини яхшиланиб бораётганлиги, мегашаҳарларни вужудга келиш жараёнини тезлашаётганлиги ҳам ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни ошириб боради. Ахолиси 300-500 минг атрофидаги ўртача катталикдаги Самарқанд, Бухоро, Наманган каби шахарларда аҳоли жон бошига бир суткада 130-150 литр сув сарфланса, ахолиси 3 миллиондан ортиқ Тошкент, Москва, Париж, Вашингтон каби мега шаҳ арларда эса бу кўрсаткич 350-600 литрни ташкил этади. Лекин шунга қарамасдан дунёни барча мамлакатларида ва барча шахарларида ана шунча миқдордаги сувдан фойдаланиш имконияти мавжуд деган фикрни олдинга суриш ҳам қийин. Аниқ мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, Амеркада яшовчи 14-15 ёшлар чамасидаги қизалоқ эрталаб турганидан сўнг ювиниб, нонуштага келгунига қадар 300-350 литр сув сарфласа, Африкада яшовчи уни тенгдоши 10 кишидан иборат оила аъзоларини нонуштасига сарфланадиган 8-10 литр сувни 6-7 километр йул юриб ташиб келар экан.
Мана шу ичимлик сувини экологик нуқтаи назардан тоза бўлишини таъминлаш ва жамиятдаги ҳар бир шахсни ундан тежаб, тергаб фойдаланишга интилиши уни фуқоролик бурчини ва санитария маданиятини бевосита кўрсатувчи омилдир. Ичимлик су
вининг таъминоти билан боғлиқ экологик муаммолар тўғрисида мактаб ўқувчиларига бериладиган маълумотлар маслани актуаллигини бойитади.
«Уорлдуотч” журналида чоп этилган маълумотга кўра, ривожланиш йўлидаги мамлакатларда барча касалликларнинг 80 фоизига сабаб қилиб, тоза ичимлик суви таъминотини қониқарли эмаслиги кўрсатилмоқда. Африка малакатларида хар йили 25 миллион кишини юқумли касалликлардан вафот этишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлмоқда. Шаҳарларда тоза сув таъминотининг ёмонлашуви ёки назоратни сусайтирилиши кўплаб кишиларга фожиа келтириши мумкин. Масалан, ўта ривожланган мамлакатлардан хисобланган Америка давлатининг Висконсин штатида 1993 йилда 400000 киши хлорланган ичимлик сувида ҳам яшай оладиган микроблар пайдо бўлганли сабабли касалликка чалинишган. Ичимлик суви муаммоси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Республикамизда ишлатиладиган сувни шартли равишда 100 фоиз деб оладиган бўлсак, унинг 85 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилади. 12 фоиз сув саноат учун ва қолган 3 фоизгина сув одамлар эҳтиёжига сарфланади. Шу омиллар ҳисобига йилдан-йилга сувни сифат даражаси ёмонлашиб бораётганлиги кузатилмоқда. Саноат корхоналари томонидан дарё ва сув ҳавзаларига ташланадиган чиқинди сув такибидаги менирал ва оғир металл тузларининг қолдиқлари ер ости сувлари сифатини ҳам бузмоқда. Ш.Т.Искандарованинг кузатувларида Қорақалпоқистон республикаси ва Хоразм вилоятининг ҳудудларида ичимлик сувининг таркиби талаб даражасидан паст эканлиги маълум бўлган.
Дунё статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, бундан ҳам оғир манзаранинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. ҳозир дунёда 250дан ортиқ мамлакат бўлса, уларнинг 80тасида ичимлик суви масаласи муаммолигича қолмоқда. Айниқса, бу мамлакатлар аҳолиси зич ва кўп бўлган Осиё ва Африка қитъасига тўғри келиши вазиятни янада оғирлигини кўрсатмоқда.
Республикамизда ичимлик сувининг таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва бундан келиб чиқадиган экологик вазиятни барқарорлаштириш учун давлат сиёсати даражасидаги кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1992 йилда Республикамиз Президенти томонидан «Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонун, 1998 йилда Вазирлар Махкамасининг 147-сонли “Санитария-эпидимиология хизмати фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори, 2000 йилда тасдиқланган “Ичимлик сув сифатини назорат қилиш” тўғрисидаги давлат стандарти каби қарор ва йўриқномаларнинг қабул қилиниши фикримиз исботидир.
Биз ким бўлишимиздан ва қандай касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар она табиат олдида, уни асраб авайлаш йўлидаги ишларда, унинг неъматларини келгуси авлодларга етказиш йўлида экологик қонуниятларни бузмаслик ва уларга амал қилиб яшаш, қолаверса, ичимлик сувини тежаб ишлатиш билан боғлиқ ишларда ҳаммамиз бирдек масъуллигимизни унутмаслигимиз керак.
Она табиатни асраб авайлашга, зилол сувларимизни ортиқча исроф қилмасликка одатланайлик!
Феруза Мансурова
Чортоқ тумани.