Бахмалда экотуризм ривожланади

Бахмал давлат ўрмон хўжалиги бугунги кунда   67,925 гектар  майдондаги ўрмонларни ўз ичига олади.  Бу ердаги ўрмонлар асосан арчалардан ташкил топган бўлиб, йилнинг ҳар бир фаслида мазкур ҳудуд ўзгача тароват касб этади .

Сўнгги йилларда республиканинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, бу соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шароитлар яратилди. 2018 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, юртимизда экотуризмни жадал ривожлана бошланди.

Экологик туризм диққатга сазовор жойларни ўрганиш ва улардан завқланиш учун табиатнинг инсон қадами нисбатан кам теккан жойларга саёҳат қилишни англатади. Бундан ташқари, сайёҳлар учун ушбу ҳудудларнинг маданий ва этнографик хусусиятлари ҳам қизиқ. Экотуризм маҳаллий аҳолининг фаол ижтимоий-иқтисодий иштирокини ва мазкур фаолият туридан даромад олишини ҳам таъминлайди. Шу сабабдан Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ҳам ўрмон фондидаги ерларни экотуризмни  ривожлантириш мақсадида 49 йил муддатга ижарага бера бошлади.

-Бугунги кунга келиб 23 млрд.312 млн. сўмлик лойиҳаларни шартнома асосида қабул қилдик, дейди Бахмал давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Убайдулла Абдуллаев.- Натижада 173 нафар  фуқаро иш билан таъминланди. Айни пайтда мазкур лойиҳаларнинг 80% ишга тушди. Бундан ташқари мева ва сабзавотларни сақлаш учун хусусий шерикчилик асосида 350 тоннали музлатгич ишга туширилди. Бундан атрофдаги аҳоли хурсанд.  Энг асосийси ўрмон хўжалиги биноси реконструкция қилиниб, илк маротаба Маънавият  ва маърифат хонаси, кичик музей, иссиқхона ташкил этилди.

Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ўрмон  кадастри  мутахассиси Зафар Рахматуллаевнинг айтишича, бугунги кунда хўжалик ҳудудидан  экотуризмни  ривожлантириш мақсадида ижарага берилаётган ерлар сойдан 24 метр ташлаб берилади.

-Чунки бу сойдан қуйи қисма жойлашган қишлоқлар сув ичади. Уни ифлослантиришга йўл қўймаслик, бундан ташқари қуриладиган иншоатларни сел каби турли хил табиий ҳалокатлардан асраш мақсадида ҳам шундай йўл тутилади, деди З.Рахматуллаев.

Туман ўрмон хўжалиги бундан ташқари кўчат етиштиришга ҳам ихтисослашган бўлиб,  бугунги кунга келиб  1,5 млн. туп тут, 3 млн. туп  манзарали дарахтларнинг кўчатлари экилиб, парваришланмоқда. Туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 500 минг туп дона ниҳол экиш режалаштирилган. Ташкилот ва фермер хўжаликларга ихотазор ниҳоллар кўчатлар зарарланмаганлиги, касал эмаслигига кафолат берувчи сертификати билан сотилади. Хўжаликнинг қўшимча равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик  йўналишлари ҳам мавжуддир.

Албатта ҳар бир инсоннинг кўз олдига ўрмон деганида унда яшовчи ҳайвонот дунёси кўз олдига келади. Айтишларича, бугунги кунда Бахмал давлат ўрмон хўжалигида,  бўри, тулки,  айиқ, тоғ қуёнлари, архар бор. 1970 йилда ташкил этилган хўжаликни унинг илк директори Унгар Тилов бошқарган. Янги ташкил этилаётган музейда унинг хизмат кийими сақланмоқда. Собиқ СССР даврида ўрмонларни кўпайтириш мақсадида тоғларга арча кўчатлари экилган. Мазкур анъана давом этадими, деб сўраганимизда, Хўжалик раҳбари аста-секинлик билан ўрмон  фондига  кирган дарахтларнинг сонини кўпайтириш  мақсадида уларни экиш ҳам режаларида борлигини айтди.

Экотуризмнинг туманда ривожлантириш албатта бу ерга янги сармояларни жалб қилиш, аҳолини қўшимда даромадли иш билан таъминлаш имконини беради. Энг асосийси, табиатга жиддий зарар етказилмаса бўлди. Бунинг учун  эса экотуризмни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорлар, аҳолининг мунтазам равишда экологик маданиятини  ошириш, фаолиятини назорат қилиш зарур.

Наргис Қосимова