Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат

Экология  соҳаси ўзининг эгасини топадими?

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

Сизнинг охирги 5 йил давомида  олиб бораётган ишларингиз экология соҳасини ривожлантириш бўйича таҳсинга сазовор. Ўзбекистонда маиший чиқиндини олдини олиш соҳаси  жадал  ривожланди. Бунга бир мисол чиқиндини олдини олиш  қамрови 5 % дан 90 % гача ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда табиатимизга бефарқ бўлмаган, инсонларни қийнаб келаётган кўпгина муаммоларга эътибор қаратилди. Аммо ўзингиз таъкидлаганингиздек, экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида ҳали ҳал қилинмаган жуда кўп масалалар мавжуд. Шу билан  бирга бугунги кунда cув, ерости бойликлари, атмосфера ҳавоси, саноат чиқиндилари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Жумладан:

Мутахассисларнинг фикрича, республикамиз аҳолисининг оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 16 %нигина ташкил этади;

аксарият оқова сув тозалаш иншоатлари меъёрлардан ортиқ ифлосланган оқова сувлар ташлашади;

саноат корхоналарида локал тозалаш иншоатларидан фойдаланиши самарадорлиги ўртача 60% ташкил қилади;

атроф-муҳитга юқори ва ўрта таъсир кўрсатувчи

I ва II тоифали йирик саноат корхоналари оқова сув тозалаш иншоатларида очиқ ҳавзаларга ташлашлари натижасида канал, дареларнинг суви ифлосланиб, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига жиддир зарар етказилмоқда (Зарафшон дарёсига Навоийазот корхонасидан заҳарли чиқиндиларнинг ташланиши,  Наманган вилояти Норин дарёси Уйчи каналига оқова сувларнинг тўкилиши натижасида юзага келган экологик ҳалокатлар);

”Хавфсиз дарё” ДУКга Республика бўйича дарё сойлар ўзанларини тозалаш, қирғоқларни мутаҳкамлаш бўйича 521 та давлат хулосалари берилган ҳамда шартларнинг бажарилиши бўйича доимий мониторинг маълумотлари мавжуд эмаслиги;

табиий бойликларини, жумладан табиий ландшафтлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг, айниқса ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларининг табиий ҳолда сақлаб қолиниши бўйича муаммолар;

Республика бўйича жами бузилган ерлар майдони қайта тиклаш механизимининг  йуқлиги;

саноат чиқиндиларнинг аниқ миқдори ва статистик маълумотлар йўқлиги;

экологик экспертиза органлари томонидан бирон бир ижобий натижаларга эриша олмаётганлиги;

атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси  Тошкент ва бошқа шаҳарларда бир неча баробар ортганлиги;

Қўриқхоналар, Миллий табиат боғлари, Биосфера резерватларида алоҳида ягона тизим мавжуд эмаслиги. Чунки муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар 4 та ташкилот, яъни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Темир йўлари АЖ тасарруфидадир. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг турли ташкилотлар тасарруфида бўлиши ундаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асрашда очиқлик ва шаффофликнинг йўқолишига, қўриқхона, миллий боғларнинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш натижаси шуни кўрсатдики, аксарият ривожланган давлатларда Қўриқхоналар, Миллий табиат боғлари, Биосфера резерватлари, табиий питомниклар фаолиятининг бошқаруви Ҳукумат тизимидаги департамент кўринишида ташкил қилинган экан.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Респуликасидаги барча Қўриқхоналар, Миллий табиат боғлари, Биосфера резерватлари бошқаруви алоҳида ягона тизим асосида Вазирлар Маҳкамаси тизимида Департамент шаклида ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Юқорида келтирилган муаммоларнинг аксарияти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини кўп йиллар давомида соҳани чуқур биладиган, экология мутахассислари бошқармаганлигида ҳамдир.  2021 йил август ойидан буён  раҳбарсиз фаолият юритаётган Қўмитага бу сафар айнан соҳа вакили тайинланар ва юқорида тилга олинган муаммоларга  жиддий эътибор қаратилар, деган  умидамиз.

 

Ҳурмат билан @ekologuz телеграм канали жамоаси.

 

☘️ Каналимизга уланинг https://t.me/ekologuz

Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot