Тошкентдаги яна бир яшил, кўркам ҳудуд йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Гап Ле Гранд Плаза (собиқ “Тата”) меҳмонхонаси яқинидаги парк ҳақида кетяпти. Яқинда у ер қизил-оқ ленталар билан ўралиб, йўловчилар ўтиш жойи бўр билан чизилган эди. Гўёки у ерда нимадир қуриш режалаштирилгандек.
Экологияга бефарқ бўлмаган аҳоли яна дарахтларни кесишадими, деган хавотирда.
Маълум бўлишича, бу ер участкаси анча вақтдан бери Metropol Park ва Metropol Center компанияларига тегишли экан. Бу ҳақида gazeta.uz сайти маълумот берган. Metropol Center компанияси раҳбари Севара Aзимова шу ўринда gazeta.uz га берган интервьюсида «ҳозирча ерда ҳеч қандай бино қурилиши режалаштирилмаганлигини” айтиб ўтган.
«Бошида ер бизнес-марказ қуриш учун ажратилган эди. Бугунги кунда дарахтларни кесишга мораторий жорий қилинган, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, ҳозирча бу аҳоли учун маданий дам олиш боғи. Мораторий бекор қилингач, нима бўлиши ҳақида ҳозирча ҳеч нарса деёлмайман, бу ҳали тасдиқланмаган маълумот. Ерни бизга анча олдин ажратишган, лекин ҳозирча ҳеч қандай қурилиш бўлмади, таъсисчи ҳам ҳозирча жим ва ҳеч қандай қурилишларни бошлашни режалаштиргани йўқ. Агар хоҳласак, аллақачон қурилишни бошлашимиз мумкин эди. Бу ерда дарахтларнинг ҳеч бири давлат ҳисобидан эмас ва кўчирилмаган » — деди Севара Азимова .
Менинг ишончли манбаларим эса бунинг аксини, яъни қатъий қурилиш ишлари олиб бориш нияти борлигини айтишмоқда. Маълумотларга кўра, бу ерда бир эмас, иккита бизнес-марказ қурилиши режалаштирилган экан. Истироҳат боғлари ва ҳиёбонларнинг ерларини қурилишга ажратиб бераётган мутасаддилар дарахтлар чиқараётган кислороддан нафас олишмайди, уларнинг соясида ўтиришмайди, дам олишмайди, хаттоки машинасини ҳам фақат қуёш тиғи остига қўйишади шекилли. Бўлмаса, бундай ҳолатни ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Яна бир парк ва у ердаги дарахтларни ҳимоялашга шай туринг, азиз юртдошлар!
Суратда эса яқинда тарихга айланиши мумкин бўлган паркнинг ҳозирги кўринишини томоша қилиб, ёдда сақлаб қолинг, у ер ҳам тош бинога айлангач, афсусланиб юрманг тағин…
Наргис Қосимова
☘️Каналимизга уланинг @ekologuz
Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot