Сиз ҳар куни ахлат челагига ташлаётган, ўйлаб ҳам ўтирмай ариққа, йўл чеккасига улоқтираётган чиқиндиларнинг “саёҳати” қаерда тугашини биласизми? Ахлат челакни уйингиз ёнидаги чиқиндихонага бўшатасиз, сизнинг орқангиздан йиғиштириб юрган ободонлаштириш ходимлари томонидан тўпланган чиқиндилар билан биргаликда уларнинг барчаси Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган, ани пайти 58 гектар майдонни эгаллаб турган чиқиндихонага келиб тушади.
- Полигонга бир кунда 2 минг тоннага яқин чиқинди келади. 1970 йилларда бу ер жарлик бўлган. Чиқиндиларнинг ташланиши натижасида бугунги кунда жарлик ўртача 40 метрлик тепаликка айланди. Чиыиндиларнинг салбий тарафи — бу ерда ис газларининг тўпланиши ва ер ости сизот сувларига улардан ажаралаётган моддаларнинг ўтишидир. Бугунги кунда Осиё тараққиёт банки томонидан 18 млн. доллар маблағ ажратилиб, 30 гектарда замонавий чиқинди қуриш бўйича тендер ўтказилмоқда. Таҳминан янги чиқиндихона 2 йил муддатда қурилади, деди Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Максудов.
Полигонга тинимсиз шаҳардан чиқинди ташияётган автоуловлар олиб келаётган чиқинди ичида ҳамма нарсани, хаттоки қадоғидан очилмаган нонларни ҳам кўриб, ачиниб кетдик. Афсуски, айрим фуқароларимиз ноннинг уволидан қўрқмайдиган кўринишади.
-Полигонда 41 та ишчи ишлайди, деди “Махсустранс” ДУК раҳбари ўринбосари Шерзод Каттахўжаев. — Улар қайта ишланишга яроқли целофан, резина, шиша, баклашкаларни ажратиб олишади. Қолган чиқиндилар бульдозер билан сурилиб, устидан тупроқ тортилиб, пресланади. Шу орқали органик чиқиндилардан чиқадиган ис газининг ёниб кетиши олди олинади.
Мазкур фактларнинг барчаси бугун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишлаб янги Эко боғ барпо этиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти, Тошкент шаҳар “Махсустранс” ДУК ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент вилоятида жойлашган “Оҳангарон” чиқиндилар полигони ҳудудида экологик ҳашар доирасида маълум қилинди. Унда Ислом Каримов номидаги техника университетининг бир гуруҳ экология йўналишида таҳсил оладиган талабалар ва “Ёшлар қаноти” етакчилари, журналистлар қатнашишиб, ЭКО боғ учун махсус ҳудуд тайёрланди, ҳудудда тозалаш ишлари олиб борилди. Шунингдек “Оҳангарон” чиқиндилар полигони ҳудудидаги мавжуд дарахтлар суғорилди.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сиёсий партиялар вакиллари билан 2021 йил 2 февралда бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Экологик партиясининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди, деди Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Севара Файзиева. -Унинг асосий бандларидан бири Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишлаб янги ЭКО боғ барпо этишдир. Эко боғ ташкил этиш учун жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида 1000 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилиб, очилиш маросими бўлиб ўтади,
Хайрли ишнинг кечи йўқ. Тобора кенгайиб, ҳосилдор ерларни ўз домига тортаётган чиқинди полигонларини қисқартириш, юз йиллаб чиримайдиган маиший ва саноат чиқиндиларининг кўпайишини олдини олиш, чиқиндихоналар атрофида ис газларини ютадиган боғлар барпо қилиш учун ҳар биримиз чиқиндини саралашни, дуч келган жойга уларни ташлаб кетмай, белгиланган жойга ташлашни, атроф муҳит тозалигига фақатгина экоинспектторлар еки Экопартия аъзолари эмас барчамиз ҳаракат қилишимиз лозим. Фақат шундагина келажакда фарзандларимиз билан бирга улкан чиқиндихонада яшамаймиз.
Наргис Қосимова
☘️Каналимизга уланинг @ekologuz
Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot