Ҳиёбонларни асраб қолайлик!

Маълумки, бу йил ҳам пандемия туфайли ОТМларга кириш имтиҳонлари, очиқ майдонларда, стадионларда ўтказилмоқда. 2021-2022 ўқув йили учун 130дан ортиқ ОТМларга кириш имтиҳонлари асосан марказий стадионлар, олимпия заҳиралари коллежлари майдонларда бўлиб ўтмоқда. Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йилги кириш имтиҳонлари учун 1 миллион 237 минг 904 нафар абитурент рўйхатдан ўтган.

Ёзнинг ниҳоятда иссиқ шароитида эса фақатгина пойтахтда тест синовлари яшил ҳудудлар, яъни Ботаника ҳамда “Ғалаба” боғларида ўтказилмоқда. Бошқа бирон ҳудудда ОТМларга кириш имтиҳонлари соя-салқин истироҳат боғлари ёки ҳиёбонларда ташкил этилгани йўқ.

 

Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида абитурентлар имтиҳон жараёнида

Жазирама шароитда стадионда имтиҳон топширишнинг соғлиқ учун салбий томонлари мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди. Бунда инсон танасининг ҳарорати 37,1 дан 38,8 гача кўтарилиши оқибатида тананинг қизаришига ва кучли чанқоққа олиб келиши, кейинчалик, ҳушдан кетиш ва нафас қисиши мумкин. Ҳиёбонларда имтиҳон топшириши эса саломатликка салбий таъсир кўрсатмайди.

Тадқиқотларга кўра, катта ёшдаги дарахт йилига ўрта ҳисобда 150 килограмм карбонод ангдрид ютади, дарахтлар шаҳар шароитида атмосфера ҳавоси даражасини 2-8 градусга пасайтириши мумкин. Бинолар яқинида экилган дарахтлар эса кондиционерлардан фойдаланишни 30 фоизга камайтиради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Жазирама иссиқ кунларда, ҳаво ҳарорати 43-44 даража иссиқ кузатилаётган бир пайтда тест синовларининг ўтказилиши учун нега истироҳат боғлари танланмади? Ҳудудлардаги 70дан ортиқ ОТМларга кириш имтиҳонлари нега ҳиёбонларда ўтказилмаяпти?

Стадионларда ўтказилаётган тест синовлари

Ваҳоланки, Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғи, Самарқанддаги “Университет ҳиёбони”, Намангандаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Навоийдаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғлари ҳам имтиҳонлар ўтказиш учун айни шу кунларда қўл келиши мумкинку.

 

Самарқанд шаҳридаги Университет ҳиёбони

Бугун пойтахтдаги бир қатор истироҳат боғлари фаолияти реконструкция ва бошқа сабабларга кўра тўхтатилган. Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек, “Дўстлик” номидаги маданият ва истироҳат боғлари шулар жумласидандир. Доимий яшиллиги ва яратилган қулайликлари туфайли нафақат пойтахт, балки бутун мамлакатимиз аҳли эътироф этадиган ушбу боғларда ҳам тест синовлари ўтказилиши мумкин эди.

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Термиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғларнинг айни пайтдаги ҳолати киши таъбини хира қилишдан нарига ўтмайди. Бу боғлар кўз ўнгимизда ўз тароватини йўқотиб, чиқиндилар билан тўлиб бормоқда. Абитурентлар эса очиқ майдонларда имтиҳон топширишда давом этяпти.

 

Термиздаги марказий истироҳат боғи

 

Сирасини айтганда, шаҳарларимиздаги ҳиёбонларнинг кўпчилиги эътибордан четда қолиб кетган. Уларнинг кейинги тақдири борасида аниқ маълумотни учратиш мушкул.

Умид қиламизки, мутасаддилар мазкур муаммоларга эътибор қаратиб, уларни бартараф этиш, ҳиёбонларни ҳақиқий яшил ҳудудларга ва аҳолимизнинг севимли масканларига айлантириш бўйича амалий қадамларни қўйишади.

Шу кунларда бўлиб ўтаётган ОТМларга кириш имтиҳонлари каби оммавий тадбирлар ҳам пандемия шароитида мазкур ҳиёбонларда ўтказилиши айни муддао бўларди.

Зеро, мамлакатнинг келажаги айнан бугун имтиҳон топшираётган ёшлар қўлида эканлигини унутмайлик!

Камол ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари 

 

☘️Каналимизга уланинг @ekologuz

Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot