ҲИСОР ҚЎРИҚХОНАСИДА ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР КИМ ТОМОНДАН АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?

Таҳририятимизга ташвишли хабар келди:

“Ҳисор қўриқхонаси Қизилсув бўлимидаги дарёда ноёб тур Қизил китобга киритилган Амударё Гулбалиғини 105 та шундан 103 тасини 2 нафар фуқарони қўрқитиб, Достон Сиддиқов исмли ходимнинг қўлида тўппончаси билан, улар қистов ва қўрқитуви исканжасида овлатилган.  Балиқлар тошкентдан келган меҳмонларга , унинг ичида телеканал мухбири ҳам бор, Саватча усулида  тақдим этилди. 105 та овланган балиқларнинг зарари таҳминан 245 млн. сўм.

Экоқўмитани Сенат раиси ва собиқ қўмита раиси танқид қилсаям саводсиз, агрессив, лаганбардор ва коррупционерлар босиб кетди. Улардан тозаланишини сўраймиз.

Президент қарорини халққа нотўғри талқин қилишиб тизимдан виждонли ходимларни бўшатишиб, броконьерларни йиғишиб олмоқда.

Бундан ташқари қўриқхонада 100 мингдан ошиқ қўй боқилади.  Бу туришда Ўзбекистон табиати деярли йўқолмоқда..

Экоқўмита давлат мулкини талон-тарож қилинаётганлиги бўйича Сенатга, халққа ҳисоб бериши керак.

Экологларнинг ойликлари кўтарилмаса табиатда тош ёки биронта жонивор қолмасдан сотиб юборишади”.

Зеро мамлакатимизда, айниқса табиатни муҳофаза қилиш органлари коррупциядан ҳоли бўлмас экан, бир ҳовуч  табиатимизни келгуси авлод учун сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган инсонларнинг ҳаракати ҳеч қачон натижа бермайди.

Мазкур хабарга асосан Хисор давлат қўриқхонаси директори Ғ.A.Янгибоев томонидан тушунтириш берилди.

Унга кўра ҳақиқатдан ҳам Хисор давлат қўриқхонасида қонун бузилиши қайд этилган.

Мазкур масала кўриб чиқилиши учун иш прокуратурага оширилган.

Хисор давлат қўриқхонаси маъмурияти томонидан Яккабоғ тумани прокуратурасига берилган маълумотларга кўра,  2021 йил 10 июл куни Қизилсув бўлими давлат назоратчиси Н.Эргашев ва вақтинча ўт учириш қаровули Д.Сидиқовлар биргаликда Қизилсув бўлимининг 12 сархад 43 бўлак, яъни Aбжур сойида кўзатув назорат ишларини олиб бораётганда Шахрисабз туман Қаратут қишлоғида яшовчи 1986 йилда туғилган Мусурмонов Илхом ва 1993 йилда туғилган Мейлибоев Жалоллар Aбжур сойининг пастки қисмидаги Қизилдарё бўйлаб Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган Aмударё гул балиғи (Форель) ни овлаётган вақтида ушланган.

Давлат назоратчилари шу жойнинг ўзида ҳужжатлаштириб, далолатнома тузишган. Овланган баликлар саноқдан утказилганда 105  дона эканлиги аниқланган.

Қоидабузарлар бу харакати билан қўриқхона Низомини, 2004 йилда қабул қилинган “Мухофаза этиладиган табиий худудлар тўғрисида”ги қонунни 19 – моддаси талабларини ва

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябр кунидаги 290-сонли қарори талабларини қўпол равишда бузганлиги сабабли Жиноят аломатлари борлиги аниқланган.

Aмалдаги қонунларга асосан Шаҳрисабз туман Қаратут қишлоғида яшовчи 1986 йилда туғилган Мусурмонов Илхом ва 1993 йилда туғилган Мейлибоев Жалолларга нисбатан қонуний чора кўриши сўралган.

 

P/S: Бизни ҳайрон қолдирган нарса шуки, ҳар қандай ов ва мол-қўй боқиш қатъиян тақиқлаган  ҳудудда бемалол юзлаб қўйлар боқилмоқда. Хисор давлат қўриқхонаси директори Ғ.A.Янгибоевнинг тушинтириш хатида қўйлар қўриқхонада суратга олинмаган деййилсада, орқада қўриқхона ҳудудида ўсииб турган арчалар кўриниб турибди.   Мурожаатчимиз юборган хабарда қўриқхона ҳудудида гул балиқ  тутилгани акс этган. Ким эмас, нақд 105 та! Инспекторнинг эса қурол орқали браконьерлар қаршилик кўрсатмай, жим туришига қарамай ўқ отар қурол билан таҳдид қилиши эса ҳеч бир таърифга сиғмайди. Чунки ҳуқуқбузар  қаршилик кўрсатаётгани йўқ.  Албатта буни мазкур ҳуқуқбузарлик билан шуғулланаётган прокуратура ходимлари аниқлашади. Сизнинг эътиборингизга эса  холисона ҳозирда браконьер деб иши кўрилаётган Илҳом Имомов ва ўт учириш қоровули Д.Сидиқовларларнинг воқеа қандай юз берганлиги бўйича фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашда прокуратура ходимлари тўғри хулоса чиқаришади, дешган умиддамиз.

 

Наргис Косимова